Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишини ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 20 июлдаги  ПҚ- 3142-сон қарорига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 октябрдаги “Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги туризмни ривожлантириш Департаменти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  852-сонли қарорига асосан Оҳангарон  тоғ кластерини ривожлантириш бўлими очилди.

Туманимизнинг туристик салоҳияти тўғрисида сўз бошлайдиган бўлсак, бу воҳа вилоятимизда энг кўп қадамжолар,  зиёратгоҳлар  жойлашган маскан эканлиги билан аҳамиятлидир.  Пурвиқор  Чотқол ва Қурама тоғлари,  иқлими,  бошқа ҳудудларга ўхшамас табиати, айни дамда тоғларимизнинг баҳорий қиёфаси, ҳар қандай инсонни бефарқ қолдирмайди. Шу билан бирга, ҳайвонот дун-ёси, ер остидан мавжланиб чиқаётган зилол булоқлари,  дам олиш масканлари билан айнан сайёҳларбоп воҳа эканлиги учун бугунги кунда вилоятимизнинг сўлим гўшаларидан бирига айланган.

Ҳозиргача туман туризмни ривожлантириш бўлими томонидан 165 та маданий мерос объектлари аниқланиб, рўйхатга олинган.  Туманимизнинг  энг кўзга кўринарли зиёратгоҳларидан “Шоабдумалик ота” (Дўстлик МФЙ), “Парпи ота” (Қизилтоғ қўрғони), “Пайғамбар ота” (Сусам МФЙ), “Увак ота”, (Увак МФЙ), “Тункент” (Обиз қишлоғи), “Қизил олма” (Соғлом қишлоғи), “Орашон бува” “Эртош Қўйтошрасм” (Эртош қишлоғи), “Кўксарой”  (Кўксарой қишлоғи), “Убайдтепа” (Убайд қишлоғи), “Сардоба”, “Чашма” (Қорахитой қишлоғи), “Унгут ер ости ибодатхонаси” (Унгут қишлоғи), “Ҳазрат Али” (Овжазсой қишлоғи) ҳисобланади.  Шунингдек, бу маданий объектларни таъмирлаш,  қайта тиклаш ва реконструкция  қилиш борасида ҳам талайгина ишлар амалга оширилмоқда. “Қорихона”, “Парпи ота”, “Сардоба”  объектларини таъмирлаш 2018-2019 йиллар иш режасига киритилгани, уларнинг кадастри учун маблағ ажратилганлиги кейинги йилларда юртимизда маданий меросларимизга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолатдир. Бизнинг қадимий обидаларимизни зиёрат этиш учун, жорий йилнинг январь-февраль ойларида Қибрай, Бўстонлиқ, Чирчиқ туманларидан 160 нафар турист туманимизга ташриф буюриб, Оҳангароннинг диққатга сазовор жойларида бўлиб қайтишди. Худди шундай сайёҳлар учун туризм департаменти томонидан турист маршрути ташкил қилинди.  Шу билан бирга, ички туризмни ривожлантириш мақсадида, 130 нафар оҳангаронлик фуқаролар Самарқандда ва Бўстонлиқ туманида имтиёзли равишда дам олиб келишди.

– Туманимизда 32 та меҳмон уйлари мавжуд бўлиб, улардан 9 таси Сусамда, 4 таси Эртошда, 6 таси Тутда, 3 таси Ўрғозсойда, 5 таси Овжазсойда, яна 5 таси Шовғозсойда жойлашган. Бу меҳмон уйлари асосан баҳор ва ёз ойларида одамлар билан гавжум бўлади. Бугунги кунда Оҳангаронда 2 та йирик меҳмонхона фаолият юритмоқда. Биринчиси шаҳримиздаги “Муҳаббат” МЧЖ ва иккинчиси Овжазсойдаги “GARDENCAP” меҳмонхонаси ҳисобланади, – дейди Оҳангарон тоғ кластерини ривожлантириш бўлими етакчи мутахассиси Адҳамжон Йўлдошев. – Жорий йилда туманимизда «Илоқ» давлати тарихини ўрганиш, бизгача сақланиб келган аждодларимиз меросини авлодларга бус-бутун етказиш мақсадида, “Оҳангарон тарихий музейи” очилиши  кўзда тутилмоқда.

Ҳа, азизлар, туманимизда туризмни ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд. Бу имтиёзлардан ўз вақтида унумли фойдалана олсак, кўзлаган мақсадимизга етишимиз аниқ. Ҳали шундай кунлар келадики,  Оҳангароннинг мусаффо табиатини, бой маданий меросларини кўриш истагида бўлган чет эллик сайёҳларнинг қадами  узилмай қолади. Зеро, у кунлар яқин…

Алишер АЗИМ.
Овжаз қишлоғи.