Халқ оғзаки ижоди намуналари – ўлан, лапар, айтишувлар халқимизнинг неча минг йиллик бой ҳаётий тажрибаси, ибрат сабоқлари, самимий кўнгил кечинмалари маҳсули, десак адашмаймиз. Бу ибрат дурдоналарида донишманд халқимизнинг беқиёс тафаккури, бебаҳо қалби, ёруғ келажакка, эртанги кунга ишончи, ёрқин орзу-истаклари мужассам.

Биргина энг қадрли, энг суюмли ўлан – она алласини олайлик. Ривоят қилишларича, истилочи шоҳ қўшни мамлакатга ҳужум қилиб, кенту қишлоқларни вайрон, фуқароларни қатл эта бошлайди. Навбатдаги урушдан сўнг, забт этилган шаҳар кўчаларидан қўшини билан ғолибона ўтиб бораётган шоҳ шаҳар четидаги бир кулба ёнида тўхтабди. Уйдан она алласи эшитилаётган эди. Секин кулба деразасидан мўралаган шоҳ жангда яраланган жангчи ўғлини қучиб, алла айтаётган онани кўрибди. Шоҳ ва сипоҳлар бир дам илоҳий қўшиқ сеҳрига асир бўлишибди…“Мен бешигим тепасида айтилган онам алласини унутолмайман”, – дебди шоҳ ва қўшинини олиб юртдан чиқиб кетибди. Уруш тўхтабди. Мамлакатда тинчлик қарор топибди. Бу қадимий афсонада қанчалик ҳақиқат бор, билмадим. Бироқ умрбоқий ва ҳаётбахш ўлан – она алласининг илоҳий сеҳри, беқиёс кучи асрлар синовида синалган. Ахир, йиғлаётган гўдакнинг она алласини эшитиб, ором олиб, уйқуга кетиши, бу хушдил навони тинглаганда вужудга куч, дилга меҳр қуйилиши айни ҳақиқат-ку. Мутахассисларнинг фикрича, она алласи чақалоқнинг ором олиши учунгина эмас, унинг қалбига миллий руҳни сингдиришга ҳам хизмат қилади. Она тилидан янг-раган алла гўдакнинг дилига энг эзгу хислатларни сингдиради.

Алла айтай, жоним болам,
ором олгин алла,

Бахтимга сен омон бўлгин,
ором олгин алла.

Онанг сўзин тингла, болам, қулоқ солгин алла
Майли, олим бўлма, болам, одам бўлгин алла.

Оналарни бежизга меҳр булоғи демаймиз. Онанинг кўкрак сути ва меҳрга жо алласи омухта бўлиб фарзанд қалбига башариятга, юртга, бутун борлиққа  меҳр-муҳаббатни жойлайди.

Халқона ўлан ва лапарларнинг умрбоқийлиги, сеҳр кучи ҳам шундадир, эҳтимол. Нафақат алла, шунингдек,  лапар, айтишув, ёр-ёр каби халқ қўшиқлари ҳам тингловчига жўшқинлик, завқ, руҳий қувват бағишлайди. Юртимизда  халқимизнинг  бой маданий меросини асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга етказиш борасида амалга оширилаётган хайрли интилишлар унинг ажралмас қисми бўлган халқ оғзаки ижодига бўлган эътибор мисолида кўринади. Оҳангарон шаҳар маданият бўлимига қарашли  марказий маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошида фаолият кўрсатаётган “Қалдирғоч” болалар фольклор-этнографик дастаси иштирокчилари ижросидаги куй-қўшиқларни тинглаб,  халқона ўланларнинг умри боқий эканлигини англайсан киши. 2009 йилда ташкил топган жамоада 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 24 нафар ўқувчи қизлар жамланган. – “Қалдирғоч”ларимиз ўтган йиллар давомида кетма-кет уч бора “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг туман-шаҳар, вилоят босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, махсус дипломларни қўлга киритди, – дейди жамоа бадиий раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳибаси Дилдора Йўлдошева.

Шаҳримиз, шунингдек, туман, вилоят миқёсидаги умумхалқ шодиёналари, бадиий-мусиқий тадбирлар “Қалдирғоч”ларсиз ўтмайди. Айни пайтда болалар жамоаси шаҳримиз ва вилоятимизда бўлиб ўтадиган Наврўз байрами учун халқона ўланлар тайёрламоқда. Жафокаш халқимиз асрлар бўйи орзу қилган бахтли замоннинг бахтиёр авлодларининг  шодон хонишига бир қулоқ тутинг-а.

Боғимга баҳор келди,
Элимга Наврўз келди,
Шундай қутлуғ замонда,
Ўйнаб, қувнагим келди.

Ўтган йили “Санам” МФЙ бағридаги қадимий гўша “Суяртепа” қирларида ўтказилган “Илоқ” этнографик фестивалида “Қурама” фольклор-этнографик жамоасининг чиқиши нафақат оҳангаронликлар, балки пойтахтдан ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар, фольклоршунос олимлар таҳсинига ҳам сазовор бўлган эди. Фестивалнинг махсус дипломини қўлга киритган фольклор жамоа қадим Қурама элининг муносиб вориси эканлигини шаҳар-туман, вилоятимизда ўтказилаётган умумхалқ тантаналари, “Ёшлар”, “Наво” телеканалларининг мусиқий дастурларидаги бетакрор чиқишлари орқали намойиш этиб, тингловчилар меҳрини қозонаяпти. Фольклор-этнографик жамоани  халқимизнинг севимли дастасига айланишида қадимий ўланлар устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тошпўлат Маткаримовнинг муносиб ўрни бор.

Бадиий раҳбар Байрам Отамуродовнинг айтишича, 20 нафар йигит-қиздан иборат “Қурама” гуруҳи аъзолари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Наврўз умумхалқ шодиёнасида иштирок этиш учун қизғин ҳозирлик кўришаяпти. Даста томонидан сайқалланган “Наврўзим”, “Исириқ”, “Қурама”, “Полвон” каби умрбоқий ўлан, лапар ва айтишувлар эзгу қадриятлар айёми – Наврўз байрамида халқимиз учун беназир туҳфа бўлади.

Кўҳна юртнинг боғу роғлари, азим  кенту қирлар, улуғвор тоғлари узра умрбоқий ўлан янграяпти. Элга тинчлик, тўкинлик, файзу барака тилаб, кўнгилларга хуш кайфият улашиб, ҳаётга муҳаббат, эртанги кунга ишонч уйғотиб, эзгу орзу-умидлар, хайрли мақсадлар сари ундаб, ардоқли наво таралаяпти. Тинг-ланг:

Сумалак қайнар вақур- вуқур,
Дошқозонда шақур-шуқур,
Келинг, дўстлар татиб кўринг,
Момогинам сумалагини.

Тошлар териб келайлик,
Яхши ният қилайлик,
Қўлни очиб дуога,
Юртга тинчлик тилайлик.

Райҳон САЛАЕВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.