Эгри йўллар билан осон бойлик орттириш илинжида юрган кимсалар кимнингдир норозилиги эвазига хотиржам ва бахтли яшай олармикан? Бахтли яшаса-да, бехавотир яшай олмайди, кун кечириши мумкин, лекин “кун кўра” олмайди. Шундай қилиб, жиноятнинг кўчасига қадам қўйган бир гуруҳ кимсалар қўлга олинди.

Туманимизнинг “Қурама” МФЙ да истиқомат қилувчи Ҳамид Эшбоев, (мақолада шу ва бошқа исм-фамилиялар ўзгартирилган) Сарвар Муродов, Маъмур Арслонов 2018 йилнинг 1 февраль куни соат тахминан 23:00да учрашиб қолади, шу онда барчасига пул зарур эканлиги маълум бўлиб, “соққа” топиш илинжида юк автомашиналари бакидан ёнилғи маҳсулотларини ўмариш режалаштирилади. Бироқ катта йўл бўйлаб кетаётган юк автомашиналарининг биронтаси ҳадеганда тўхтай қолмади. Шундан сўнг, “овчилар” “Тико” русумли автомашинада йўлга чиқади. Дўстлар йўлма-йўл “ўлжа” қидириб кетар экан, ниҳоят “Бойхон” чойхонасидан ўтганидан сўнг, йўл четида “MAN” русумли юк автомашинаси тўхтаб турганини кўришади. Машинани обдон кўздан кечириб, ҳар икки ҳайдовчи ҳам ухлаётганлигига ишонч ҳосил қилгач, автомашина ёнилғи бакини бузиб, 350 литр дизель ёқилғисини ўмариб, воқеа жойидан ғойиб бўлишади. Ўғирланган ёқилғини Ангрен шаҳридаги Замира исмли аёлга 800.000 сўмга осонгина пуллайди. Ўлжани тенг бўлишган дўстлар вақти соати келиб, қонун олдида ҳам тенг жавоб беришларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Жабрланувчи Бахтиёр Ҳолназаров 2 февраль куни соат тахминан 05:00да уйғониб, автомашинасида ўғирлик содир бўлганлигини сезганидан сўнг, тегишли органларга мурожаат қилади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг тезкор тадбирлари натижасида жиноятчилар қўлга олинади.

“Қилмиш – қидирмиш” деганларидек, жиноятчиларнинг танлаган эгри йўллари яхшиликка олиб келмади. Уч ўртоқ бугун қилмишидан пушаймон. Улар бугун суднинг қора курсисида берилажак жазони кутиб ўтиришибди.

Фарруҳ ЎЖАБОВ,
ИИБ ҚБ сафдор ходими.