Амнистия ўзининг юридик табиатига кўра суд органига тааллуқли бўлмаган акт ҳисобланиб, уни қабул қилиш ваколати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тегишлидир. Афв этиш Президент томонидан чиқариладиган ҳуқуқий акт бўлиб, бу асосида жиноят содир этган шахс суд томонидан тайинланган жазодан озод қилиниши ёки жазо енгиллаштирилиши ёхуд бошқа енгилроқ турдаги жазога алмаштирилиши мумкин. Афв этиш қўлланиладиган шахслар доираси юридик табиатига кўра амнистиядан фарқланади. Агар амнистия кўпчилик шахслар гуруҳини жазодан озод қилишга йўналтирилса, афв этиш индивидуал характер касб этади.

Амнистия акти муайян жиноятлар учун жавобгарлик назарда тутилган жиноят қонунини бекор қилмасдан, суд ҳукмининг қарорлари асосли ва қонунийлигини шубҳа остига олмасдан, айбдорни жазодан ёки жиноий жавобгарликдан озод қилади, жазони енгил жазо билан алмаштиради ёхуд жазони ўташ муддатларини қисқартиради, шунингдек, судланганликни бекор қилади, яъни амалда инсонпарварлик принципининг турли кўринишларини кўзда тутади. Қоида тариқасида афв этиш, ўлим жазосини озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштиришда, асосий ва қўшимча жазоларни ўташдан тўлиқ ёки қисман озод қилишда, шунингдек, жазони ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштиришда ва судланганликни олиб ташлашда қўлланилади. Афв этиш амнистиядан фарқли равишда жавобгарликдан озод қилишга қаратилмаган. Агар амнистия гумон қилинувчи, айбланувчи ва маҳкумларга нисбатан умумий кечиришни ўз ичига қамраб олса, афв эса муайян бир маҳкумни кечириш актидир. Афв этишда маҳкумнинг ўзи ёки бошқа шахс афв этиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин. Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома рад этилганда, шундай илтимоснома билан қайта мурожаат қилиш ҳам мумкин.

Жазодан озод қилиш шартлари амнистия ёки афв этиш актининг ўзида кўрсатилади. Жиноят қонунида шахс амнистия ёки афв этиш акти асосида қайси жазо турларидан озод қилиниши тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Бундан келиб чиқиб, шахс ҳар қандай турдаги жазони ўташдан тўлиқ ёки қисман озод қилиниши мумкинлигини таъкидлаш зарур. Айтиш жоизки, республикамизда амнистия акти тўғрисида қонун қабул қилинмаган. Бу тўғри, чунки бундай қонунни қабул қилишнинг ҳеч қандай амалий аҳамияти йўқ. Ҳар сафар амнистия акти чиққанда, шу актнинг ўзида амнистия қилиниши лозим бўлган шахслар доираси ва амнистия қилиш тартиби кўрсатилади. Шунга кўра, амнистия тўғрисида махсус қонун қабул қилинишига эҳтиёж йўқ. Шу билан бирга, амнистия ёки афв этиш актларининг ўзида, шунингдек, жиноят қонунининг умумий ҳолатида чекловлар кўрсатилиши мумкин. Масалан, Жиноят кодекси 51-моддаси учинчи қисмига кўра, ўлим жазоси тайинланган маҳкумни афв этишда афв этиш акти ўлим жазоси озодликдан маҳрум қилишга алмаштирилишини ифодалайди. Амнистия асосида жазодан озод қилинмайдиган шахслар масалан, ўта хавфли рецидивистлар, оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган шахслар асосий жазонинг муддатини қисқартириш ҳуқуқига эгадирлар.

Афв этиш ҳар қандай шахсга нисбатан қўлланилиши мумкин, шу жумладан, ўта оғир жиноят содир этган ва ўлим жазоси тайинланган шахсга ҳам, амнистия акти эса қоида тариқасида ўзининг юридик кучини бундай шахсларга ва жиноятларга жорий қилмайди. Ўта хавфли рецидивистлар, олдин амнистия акти ёки афв этиш қўлланилган ёхуд муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилинган ёки жазонинг қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахс-лар, агар уларнинг судланганлик муддати тугамасдан қасддан содир этган жинояти учун ҳукм қилинган жазони ўташ вақтида тузалиш йўлига ўтиб олмаган, ўта оғир жиноят содир қилган шахслар алоҳида ҳоллардагина афв этилиши мумкинлиги 1992 йил 17 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан “Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тўғрисида”ги Низомда белгилаб ўтилган. Афв этиш асосида муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тўғрисидаги масалани ҳал этиш тўғрисида, афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомда шу белгиланганки, маҳкум жазони ўташдан қисман ёки тўлиқ озод этилиши мумкин, шунингдек, жазо олдинги ўталмай қолган жазога қараганда енгилроғи билан алмаштирилиши мумкин. Афв этиш фақат ҳукм қонуний кучга киргандан кейингина маҳкумнинг илтимосига кўра, ҳар қандай турдаги жазога нисбатан амалга оширилиши мумкин. Агар афв сўраб қилинган илтимос рад этилса, шахс оғир ва ўта оғир жиноят учун ҳукм чиқарилган кундан бошлаб бир йилдан кейин, бошқа жиноятлар учун ҳукм қилинганлар эса, олти ой ўтгандан кейин афв сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, амнистия акти кенг доирадаги шахсларга нисбатан чиқарилиб, амнистия қилиниши мумкин бўлган шахсларнинг исм-шарифи кўрсатилмай амнистия актининг ўзида қандай туркумдаги шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкинлиги аниқ кўрсатилади.

 

Улуғбек Очилов,

Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди раиси.