Айниқса, дилбар аёлларни байрам билан табриклаш масаласига ҳар бир ташкилот ўз имконияти ва салоҳиятидан келиб чиқиб, оригинал ёндашса, гўзал манзара бўлар экан. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Оҳангарон шаҳридаги “Ипотека банк” АТБ масъуллари ажабтовур янгиликка қўл урди. Улар эрталаб ҳар бир мижоз ёки банкка бирон юмуш билан келган аёлларга скрипканинг ёқимли садолари остида гуллар туҳфа қилишди. Шу куни тушга қадар бу янгилик бутун шаҳарга тарқалди.

Хўш, бу воқеага биз журналистлар қандай муносабат билдира оламиз? Аввало, Президентимиз айтганидек, банк мижоз учун ишлаши кераклиги тўғрисидаги фикрнинг яна бир исботи деб қараймиз. Қолаверса, одамларга хушбахтлик, илиқ кайфият улашиш – қўш савоб. Ундан ҳам ажаби буки, ҳамиша банкка борганда пешонаси тиришиб, кириму чиқимдан ҳайрона бўлиб қайтадиган ҳисобчи хонимларнинг ҳам бир дили ёришса, қабулига киришга соатлаб навбат кутадигани – чапдаст, уддабурон банк ходимларининг қўлидан анвойи гуллар олса, бунинг гашти бошқача бўлса керак…

Нима дейсиз? Сиз томонларда ҳам байрамни нишонлашга мана шундай ўзига хос ёндашувлар кузатилаяптими?..