Чорлар сизни илоҳий бир ун…

“Халқаро хотин-қизлар куни” вилоятимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Оҳангарон шаҳри ва туманида ҳам зўр шодиёна, катта тўю томошалар билан қарши олинмоқда. Хусусан, айни санада қадим удумлар ва замонавийлик ўзига хос тарзда уйғунлашмоқда. Байрам шукуҳи кезиб юрган мазкур ҳудудга шу кунларда йўлингиз тушса, сой-адирларни, тоғу тошларни ҳалим бир куйга – Оҳангарон ўланлари завқига чоғиштираётган лобар қизларнинг тўплашиб, шўх-шодон куйлаётгани устидан чиқасиз. Чунки бу йилги байрам барча маҳалла фуқаролар йиғини ўрамидаги аҳоли яшаш жойларида бадиий-ҳаваскорлик тўгараги қатнашчиларининг концерти, сайил тарзида ўтказилаяпти. Бунинг ўзига яраша сабаби бор, албатта. Зеро, кўҳна маданият, минг йилликлар қаърида сайқалланган урф-одатлару дилга яқин халқчил удумлар бешиги бўлмиш Оҳангарон воҳасида аёлларга бахшида байрам аллақачон қадрият тусини олган, қолаверса, навбатдаги қутлуғ тўйнинг – Наврўзи оламнинг даракчиси, деб қаралади.

Лашкеракнинг кунгай бетида, Шовғознинг асрларни қаритган улкан тошлари этагида, Теловнинг сўлим яйловларида, Айритом томонларда дилга завқ улашиб, билимтой момолар кўҳна маталлардан, ўлмас ўланлардан куйлайди. “Кунга матал момолар”, деб ёзган эди бир шоир завқи жўш урганда. Ай, жўралар, сайру саёҳат қурмоқчи бўлган ёронлар! Агарам, қадим ўланларни, момоларнинг донишга қорилган овозини, кўпни кўрган чўпоннинг қўлбола созини кўрайин десангиз, марҳаматли Юртбошининг сизу бизга бермиш имкониятидан фойдаланиб, баайни байрамни, марҳамат, воҳаи қадим – Оҳангаронда ўтказинг! Бунда Пайғамбар ота, Увак ота, Парпи ота, Шоабдумалик ота, Хўжаэлсурх ота каби зиёратгоҳ, аждодларимиз улуғ билган мингдан ортиқ табаррук гўшалар борки, уларни қалб амри бирлан табаррук этмоқ, келаётган байрамда онаизоримиз, сингилларимиз, фарзандларимиз учун бир умрга татийдиган гўзал хотиралар, серҳикмат мулоҳазалар туғдиргай…

Сен ҳали яшайсан, Лола..

… Лола мактабни аъло баҳоларга битирди. Сўнгра зўр орзу-ҳавас билан олийгоҳга кириш учун ҳужжат топширди. У ҳали ўқувчи эканидаёқ гўзал шеърлар ёзар, ажаб равон мисралари билан устозлар эътиборига тушган эди. Шундай қилиб, қизнинг ёруғ хаёллари тақдирига қучоқ очаётганда, уйда бошқа ҳол эди. Кайфи тароқ ота, қизиқ устида, эндигина мактабни тамомлаган маъсума қизалоғини эски танишининг сўлақмондек ўғлига унашиб (бу вазиятда улашиб, дейилса ҳам маъно ўзгармас экан) қайтади. Кейин, бу вазиятдан хабар топган муаллима Лоланинг уйига келиб, ота-онани бу ғирром аҳдидан қайтармоқчи бўлади. Бироқ-бироқ… Лола шўрлик найласинки, унинг покиза орзулари йўлига ғов тўшалган эди. Ғовки, дунёга келтириб, сочининг толасидан тирноғига қадар ундан домангир бўлишга ҳақли азизларидан аталмиш “совға” эди. Шундай қилиб, Лола – ўспирин қизгина олийгоҳга кирганини билгач, олам-олам севиниб уйига келганда, бу ёқда аллақачон тўй тараддуди бошланган, иложи – иложсизлик, чораси – чорасизлик эди… Тўй бўлди. Ўша – ҳою-ҳавасли тўй… Ширакайф ота данғир-дунғур билан роса хумордан чиқди. Орадан вақтлар ўтди. Лола, муштипар Лолажон катта хонадондаги оғир юмушларга, саҳармардонда бошланиб, оқшомга қадар чўзиладиган адоқсиз ишларга ўзини олдирди. Ва фарзанд дунёга келтирар экан, омонатини топширди. Она бир куйди! Ота бир куйди! Фарёд оламни тутди!..

Ҳамма йиғлади, ҳатто маҳалладан келиб, бу ҳолга гувоҳ бўлганлар ҳам. Бир нафас шошманг, азиз ўқувчим, гап нима ҳақида кетаётганини қуйида тушунтираман.
Байрам миёнасида ҳудуд кезаркан, “Шодмалик” МФЙда жойлашган 5-умумтаълим мактабида байрам муносабати билан бадиий кеча ўтказилаётганининг устидан чиқамиз. Мактаб ўқувчилари “Халқаро хотин-қизлар куни”ни нишонлашга астойдил тараддуд кўрган, турли-туман саҳна кўринишлари даврани қиздирар эди. Биз борган пайтда, мусобақа тарзида ташкил этилган мазкур тадбирнинг иккинчи босқичи бошланган, унга кўра, иштирокчи томонлар “Муаммоли вазият” шарти бўйича “Қизнинг нобуд бўлиши” номли саҳна кўриниши тайёрлаган экан. Сиз юқорида ўқиган сертаъсир, ҳаётий воқеа ҳали мактаб ёшидаги қизларжоннинг ўзаро маслаҳати, дунёга айтар сўзи бўлиб, тадбирга ташриф буюрган маҳалла-кўй, мактаб аҳли олдида воқеъ бўлди. Ҳайрият ва тасалли шуки, бу саҳна кўриниши эди, холос…

Албатта, байрам арафасида, бундай манзара қалбни маҳзун қилади. Бироқ, бу манзарани боз келтиришдан мурод бошқа… Қаранг, ёшларимизнинг кўзига яхшилаб боқинг, улар куни кеча Президентимиз Навоий вилоятидан туриб, тўйлар, ортиқча дабдабага берилиш, эрта турмушга узатиш каби иллатлар ҳақида айтган куюнчак сўзларига шу қадар мос ва уйғун тафаккур юритмоқдалар. Бу қандай миллатки, юрт отаси ва бўйсара қизларнинг тафаккур тарзи бир нуқтада туташади. Ҳа, фақат буюк ҳодисалар, адолат доялик қилган ғоялар билангина мана шундай ҳаққоний тасодифлар содир бўлиши мумкин…

Келинг, юзлашамиз…

Одатда, грамматика қоидаларига мослаб тушинтирганда, “Юзлашмоқ” феъли рўбарў келмоқ, ўтрусида турмоқ, бақамти бўлмоқ маъносини ифодалайди. Лекин, фанда яна бир қоида бор: “Ҳар қандай жараён – ҳаракатдаги назариядир”. Демоқчимизки, юқоридаги кичик сарлавҳада айтилган ибора: “Келинг, юзлашамиз”да феълнинг маъно-мундарижаси грамматика қоидаларидан баландроқ туради…

Гап шундаки, бу оламда ҳар бир инсон узоқ умр кўришни орзулайди. Тиниқ оқшомларда кўкка боқиб, умрнинг сарҳисобини қиларкан, қазо ва қадар ҳақида мулоҳазага бериларкан, аввало бу ёруғ оламда узоқ ва сермазмун ҳаёт кечиришни ният қиласиз. Ниятга яраша ҳаракат ҳам қилиш кераклиги – бу энди бошқа масала. Алалхусус, туман ва шаҳримизда бугун табаррук 100 ёшни қарши олган, бу азим довондан ўтиб, яна келажакка юзланиб турган улуғларимиз бор. Байрам арафасида ана ўша даврлар силсиласида боболар каломини дилига жо қилган, кўпни кўрган юртдошларимиз ҳолидан хабар олинди. Хабар олиндигина эмас, бу вазиятда тўрт авлод вакиллари – юздан ошган азизлар, бугун 80-90 ёшга қараб бораётган кексалар, 45-60 ёш ўрталиғидаги инсонлар ва ёшлар иштирокида дилкаш гурунглар, ширин суҳбатлар бўлди.

Шу ўринда, сиз – азиз газетхонлардан узр сўраб, бир лирик чекиниш қилиш, баҳонада талабалик кезларимда ғоят таъсирлантирган бир воқеани ёдга олишга жазм қиламан.

Хоразм булбули, эл суйган хонанда Олмахон Ҳайитованинг “Онам дерман” номли қўшиғи эл аро машҳур. Маълумки, қўшиқ оммалашиши учун унга монанд шеър, шеърки, шоирнинг қалб қўри, ҳаёт ҳақиқати вобаста бўлган мисралари даркор. Мухлислар яхши билишади, қўшиқда шундай сатрлар бор:

Она фарзандга бол бергай,
Саодат чечагин тергай.
Ҳам ардоқлаб, ҳам ўргилгай,
Чаманзорим онам дерман.

Мана шу сатрлар муаллифи, шоир Ёнғин Мирзонинг онаси билан бирга тушган сурати ўз вақтида нуфузли газеталардан бирида чоп этилган эди. Суратда юз билан юзлашаёзган, ёш боладек бир тутам бўлиб, вужуди қақраб, юз-кўзида оғир меҳнатдан чарчоқ аломати сезилиб турган онаизорини опичлаб кўтариб олган ўғил турибди. Қачонлардир ўғил онани опичлаб юрган, боғу роғларни кезган, кейин эса она кексайди, кўз нури хира тортди, белидан қувват кетди, энди она ўғлини опичлаб, ҳаёт завқини, тирик-лик бахтини баҳам кўраяпти…

Эҳтимол, бу манзара кимларгадир эриш туюлар, қўйсангчи, дегандек мулоҳазаларга бошлар. Бироқ, шу кунларда азиз Оҳангаронимизда табаррук ёшга қадам қўйган онажонларни эъзозлаб, иккала қўлини кўксига қўиб, волидасини иззат қилаётганларнинг бари юқорида эслаганимиз – шоир Ёнғин Мирзо каби оқибатли фарзандлар эканини кўрдик.
Тингланг, онаизор юрт учун, унинг диловар фарзандлари учун титроқ қўлларини дуога очиб, гўзал тилаклар айтиб турибди. Бу эзгу тилакларга соме бўлиш тинчлик ва омонликнинг қадрига етишга, ҳаётдан завқланиб яшашга ундайди. Юз билан юзлашган азизларимиз тимсолида ўзингизнинг истиқболингиз, эртангиз билан юзлашгандек бўласиз. Зотан, эл-юрт, фарзандлар даврасида қариб-қартаймоқ ҳам – саодат…

Оламда аёл мадҳига достон тугамайди…

… муҳташам “Мажнунтол” ресторани. 5 март. Соат 12:00. Мажмуага Оҳангарон туманидаги барча корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган азиз опа-сингилларимиз, яқинда муборак Ҳаж сафаридан қайтиб, “Ҳожи она” бўлиб қайтган дуогўйларимиз ташриф буюрмоқда. Кираверишда эса ўктам ўғлонлар хуш тавозе билан ҳар бир аёлга қирмизи гул ҳадя этиб, байрам шукуҳини зиёда қилади.
Шу куни бир пиёла чой устида туманимизни ҳар тарафлама ривожлантириш йўлида елкадошлар, сафдошлар мириқиб гурунглашди. Гўзал куй-қўшиқлар, дилкаш суҳбатлар асносида ёруғ келажак, нурли истиқбол алёри айтилди.

Туман ҳокими Ўктам ТУРСУНОВ мазкур тантанали маросимда хотин-қизларни қутлар экан, уларнинг ҳаётнинг барча жабҳаларида тутган ўрни ва ролини ғоят ҳаётий мисоллар билан кенг изоҳлади. Шунингдек, муҳтарам Президентимизнинг хотин-қизлар саломатлигини сақлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш йўлидаги ҳаётбахш ислоҳотлари, Қарор ва Фармонларининг ҳудуддаги ижроси ҳақида тўхталди.

Байрам дастурида эл севган хонандалар, эстрада юлдузлари гўзал куй-қўшиқлари билан иштирок этишди. Айниқса, республика ва халқаро миқёсда катта ютуқларга эришиб келаётган спортчи қизларнинг ғайрат-шижоатга тўла кўргазмали чиқишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Оҳангаронда байрам шукуҳи давом этади. Барча маҳаллада, шунингдек, ўнта ҳудудда махсус дастур асосида галаконцерт ўтказилиши режалаштирилган. Унда эл севган хонандалар, сўз усталари, туман ва шаҳарда фаолият кўрсатаётган фольклор жамоаларининг чиқишларига гувоҳ бўласиз…

Беҳзод ҚОБУЛОВ
Нозимбек ИСМОИЛОВ
Суннат САПАРАЛИЕВ (суратлар)