Аёл, она – хонадонимиз фариштаси, оқила бека, меҳрибон она, сабрли қайнона, дуогўй буви. У, шунингдек, жамият безаги ҳамдир. Давр билан ҳамнафас ишбилармон аёл, фидойи муаллима, жонкуяр устоз, меҳрибон шифокор… Бугунги қаҳрамонларимиз ана шу фаол қатламнинг бир гуруҳ вакилалари – Сиз уларни танийсиз.

Зоя Космодемьянскаяни эслайсизми?

Зоя Эшонқулова – Эйвалекдаги 10-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси, “Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Халқ таълими аълочиси.
– Зоя опа, эшитишимизча, жамоада, маҳаллада Сизга “Замира опа” дея мурожаат қилишар экан…
– Отам Эрман Эшонқулов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси эди. Онам ҳам уруш даҳшатларини бошидан кечирган. Меҳрибонларим уруш қаҳрамони, ўтюрак қиз Зоя Космодемьянская жасоратига ҳавас қилиб, менга шундай исм қўйишган. Бувим эса “Замира” деб атарди. Мактабда тил-адабиёт ўқитувчимиз Искандар Ибрагимов ҳам мени синфдошларимга намуна қилиб кўрсатар, сен жасоратли қизсан, қаҳрамон бўласан дея руҳлантирар эди…
– Ҳаёт ташвишлари, масъулиятли меҳнат, қийинчиликлар юки зўр келиши табиий. Уларни енгиллаштириш учун…
– Китоб мутолаа қиламан, мусиқа эшитаман, жисмоний машқларни ҳам канда қилмайман. Адабиётга, шеъриятга қизиқаман. Баъзи-баъзида нималарнидир қоғозга тушириб ҳам қўяман.
– 7-синф ўқувчилари ўртасида янги тўгарак ташкил этибсиз?
– “Илҳом” ижодий тўгарагимизда адабиётга, бадиий ижодга меҳр қўйган 15 нафар ўқувчи қизлар жамланган. Айни кунларда улар “Ёш китобхон” танловига тайёргарлик кўришаяпти. 41 йилдирки, ёш авлод камоли йўлида хизмат қилаяпман. Нафақат таълим берамиз, айни жараёнда тарбиялаб ҳам борамиз. Фан асосларини ўқувчиларга ўргатиш билангина чекланиб қолмайман. Ўрни келганда ўқувчи қизларимга нарса пишириш, ки- йим этагини қайтаришу супургини қандай ушлашгача ўргатиб борганман.
– Бугунги авлод қизларининг кийиниши, юриш-туриши сизда қандай таассурот қолдиради?
– Тиззаси йиртиқ шим, ёйилган сочлар.., замонавийлик белгиси эмас. Ўқувчи қизларимга нархи 100-200 минг сўмлик атир сепма, бироқ қошингга ўсма қўйиб, сочингни ювиб-тараб, ораста бўлиб юр, ўқитувчиларинг, катта ёшлилар олдида қаттиқ кулма дейишни канда қилмайман.
– Қизларимиз оилада оналаридан, мактабда муаллималаридан ўрнак олишади, шундай эмасми?
– Нафақат қизларимиз, ўғил-ларимиз ҳам оталаридан андаза олишлари табиий. Турмуш ўртоғим 40 йил ҳайдовчилик қилди. Менга ҳамон сизлаб мурожаат қилади. Дадасидан ўрнак олиб, ўғлим Жаҳон-гир ҳам келиним Шаҳнозахонга сизлаб гапиради. Набирам Сарвиноз 2-синфда ўқийди. Ҳар ҳафта 25 та “5” баҳо олиб келади. Шогирдларим Олим Нажмиддинов, Озода Бўтаева, Ҳамида Жўраева, Сайёра Қамбарова педагогик жамоамиз сафини тўлдиришди.

Бизнес хоним

  Назира Раҳмонова – “AKSUS NOVO TECH” хорижий сармоя иштирокидаги корхона раҳбари. Маҳаллийлаштириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг устаси.
– Ишбилармон аёл қандай фазилатларга эга бўлиши керак?
– Давр билан ҳамнафас, ишга чанқоқ бўлиши керак. Яна.., у ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам хафа қилмайди. Янгиликлардан, қайси соҳада бўлмасин, доимо хабардор бўлиб боради. Чет тилларини ҳам билиб, муомала маданияти, мулоқотга киришиш қобилиятига эга бўлса, нур устига нур.
– Сизнингча, “Инновацион ғоя” нима?
– Инновацион ғоя – янги ғоя, янги ташаббус, демак. Барча жабҳаларда инновацион ғоя ва технологияларни қўллай олсак, жамият янада тараққий этади, турмушимиз фаровонлашади. Масалан, қуёш батареясини олайлик. Ишлаб чиқаришда ундан фойдаланиш орқали электр энергиясидан иқтисод қилишга, қайта тикланмайдиган манба – табиий ресурсларни тежаш, экологик барқарорликка эришиш мумкин. Оддий қишлоқ аёли ҳам инновацион ғоя, янгилик ярата олади. Қорақалпоғистонлик болажон мультфильм яратибди… Кишида интилиш, қунт бўлса кифоя.
– Корхонада директорсиз. Уйда, оилада ким раҳбар?
– Биз аёллар жамоамизда қанчалик ишбилармон, билимдон раҳбар бўлмайлик, оилада ўз мавқеимизни биламиз, мувозанатни ушлай оламиз. Оила устуни – отани биз оналар қандай мақомда тутсак, келинимиз ҳам ўғлимизни шундай сийлайди. Қолаверса, бекалик, оналик вазифасини унутган аёл маҳалла-кўйнинг, халқнинг назаридан қолади.
– Мустаҳкам оиланинг сири нимада?
– Оила тотувлигининг асоси – бир-бирини тушуниб яшашда. Севги, муҳаббат, чиройли ва шоҳона муҳит бўлса-ю, ўзаро ҳурмат бўлмаса қийин.
– Қайнонасиз, бувисиз…
– Қайноналик катта масъулият, ҳатто оналикдан ҳам мураккаброқ, назаримда. Боғбон учун ниҳолни янги жойга кўчириш қанчалик машаққатли иш бўлса, келинни ўзга хонадондан ўз уйингизга, янги муҳитга мослаштириш шунчалар машаққат. 5 нафар набирам бор. Буви бўлиш мартабаси – аслида ҳам ундан лазиз, ширин туйғу бормикин дунёда?!

Қайнонани иззат қилган иззат топади

Феруза Оқбердиева – туман марказий поликлиникасининг тажрибали шифокор-терапевти.
– Одатда болажонлар оқ либосли докторлардан ҳам, шифохонадан ҳам қўрқишади. Сиз учун эса шифокорлик болалик орзуси экан.
– Бобом ва бувим тарбиясида улғайганман. Кичик тоғам ўшанда бемор эди. Мен уларни жуда яхши кўрардим. Улғайсам шифокор бўламан, тоғамни даволайман, деган истак билан интилдим. Шаҳримиздаги 2-ўрта мактабни тамомлаб, ТошМИ (ҳозирги тиббиёт академияси)га ўқишга кирдим. II босқичда ўқиётганимда тоғам оламдан ўтди. Бу воқеа қалбимга қаттиқ таъсир қилди, шифокор бўлиш орзуим янада кучайди.
– Сурункали дард, ҳаёт ташвишлари, оилавий муаммолар сабабли аёл тушкунликка тушганда…
– Аввало руҳий ёрдам, маънавий қўллаб-қувватлаш зарур. Уларга дардкаш бўлиб, дарду ҳасратини тинглашга, шу орқали ғамини аритишга кўмаклашиш керак.
– Қайнона-келин муносабатлари ҳақида нима дейсиз?
– Бу муносабатнинг мукаммал, бекаму кўст бўлиши бахтли оилага асос, калит бўлади. Биз олти овсинмиз. Қайнонам 88 ёшда оламдан ўтдилар. То сўнги дамларигача ёнларида бўлдим, дуоларини олдим. Менга ўғилларидан ҳам ортиқроқ ишонардилар. 30 йилки оилам қўрғони мустаҳкам бўлишига айнан қайнонамнинг дуолари сабабчи, деб ўйлайман.
– Тўғрику-я, лекин овсинжонлар кўп бўлса, бунинг “+” ва “-” томонлари ҳам бор-да…
– Қайнонам барчамизни бирдек кўриб, меҳр-эътиборли бўлгани боис ҳам биз овсинлар аҳил-иноқмиз. Кўп овсинли бўлишнинг ижобий жиҳатлари кўпроқ деб ўйлайман. Тўй-ҳашам, йиғинларда жамулжам, елкадошмиз. Шунингдек, қайнопам, қайнсинглимиз билан ҳам опа-сингилдекмиз.
– Шифокор ва она сифатида, айтингчи, қизлар ўртасида расм бўлаётган бугунги модага қандай қарайсиз?
– Модага қараб эмас, мавсумга қараб кийиниш, ярашганини танлашни маслаҳат берардим. Совуқ, изғиринли, серёғин кунларда енгил кийиниш соғлиққа бепарволикдан бошқа нарса эмас. Ҳадемай кунлар исийди. Ҳароратли фаслда табиий матоли, қулай кийим нафақат саломатликка фойда, қизларимизнинг орасталик, зеболигини ҳам янада оширади. Қизларимиз, аёлларимиз ҳамиша латофатли, барно бўлиб, ўзларига, яқинларига ҳам эътиборли бўлиб юрса, дейман…

Совчи дуч келган жойга бормайди

Муқаддас Алиева – Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Оҳангарон шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари, фахрий журналист.
– Журналистика болалик орзуингизми?
– Ота-онам ўқитувчи бўлишган, журналистлик эса менга бобомерос касб. Мактабда адабиёт фанига жуда қизиқардим. Бобом вафот этган вақтда дадам ўн тўрт ёшли йигитча бўлган. Эсимни танибманки, бувим ва дадамнинг бобом – журналист Иброҳим Алиев билан боғлиқ хотиралари, матбуот соҳасидаги ишлари ҳақидаги жўшқин ҳикоялари бу касбга нисбатан адоқсиз меҳр уйғотган.
– Совчилар орқали оила қурганмисиз ёки…
– Совчилар орқали оила қурганман. Худога шукр, турмуш ўртоғим ҳалол меҳнати билан элга хизмат қиладиган, оиламизга садоқатли инсон. Ҳаётимиздан нолимайман. Уч нафар фарзандимиз, набираларимиз бор.
– Биласиз, баъзи ота-оналар билимга чанқоқ қизларини олийгоҳда ўқитмай, эрта турмушга бериб юборишади…
– Ҳозирги кунда ҳунар ўрганиб, бирор касбни эгалламаган қизларнинг ўзи кам. Ота-оналаримиз қизларини илмли ва ҳунарли бўлишига шароит яратиб беришмоқда. Агар олий маълумотли бўлгандан кейин узатиш керак, деган хаёл билан бу саволни берган бўлсангиз, бир гапни айтай: онамиз олти фарзанд парваришлаш баробарида олийгоҳда ўқиганлар. Демоқчиманки, муаммонинг илдизи бошқа томонда. Мана, Оҳангаронда ҳам 40-45 ёшида олийгоҳни битирган опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида ишлашаяпти. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, орамизда қизларини эрта турмушга бераётганлар топилади. Иш ва ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, шуни айтаманки, аксарият аёлларимиз қизларига биринчи галда бисот йиғишни ўз бурчи, деб билади. Менимча, бисотли эмас, билимли ва ҳунарли қизлар келин бўлиб тушган хонадонида меҳр қозонади.
– Хизмат тақозосига кўра, оилалар билан ишлайсиз. Хонадонларда совчилар қандай кутиб олинаяпти ва бу аслида қандай бўлиши керак?
– Совчилар дуч келган жойга келавермайди. Аввало, уларнинг бойлиги ва давлатига эмас, балки маънавияти, дунёқарашига ҳам эътибор бериш керак. Болаларига ҳашаматли уй, сўнгги русумдаги машина ёки қимматбаҳо тақинчоқларни инъом этмоқни ўзининг вазифаси, деб билганларнинг кўпи фурсат ўтмай доғда қолмоқда. Бундай “бахт қасри”нинг пойдевори мустаҳкам бўлмаслигини билган совчиларни ҳурмат билан кутиб олиш лозим. Қолгани эса қурбига яраша – ҳар кимнинг, ҳар бир оиланинг имконияти, маданиятидан келиб чиқиб, меҳмоннавозлик қилинади. Бу – энди шахсий масала…
– Кўп китоб ўқигансиз. Шунга кўра, айтингчи, бадиий асарлардаги қайси аёл образи сиз учун севимли?
– Китобни “мағзини чақиб” ўқишга ўрганганимда, ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асарини ўқиганман. Бу асардаги она образига меҳрим бўлакча. Болалигимда кўпроқ бувим билан бирга бўлганим учунми, бу образда уларнинг тимсоли гавдаланаверади.

Р.Салаева суҳбатлашди.