Кўп қиррали ижодкор Барот Исроилнинг беш жилдли танланган асарларининг тўртинчи жилди – “Шошкентим – Тошкентим” китоби лотин имлосида нашр этилди. Унга филология фанлари доктори, профессор Ҳамиджон Ҳомидий сўзбоши ёзган. Китоб Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган (асар ҳақидаги тўлиқ маълумотни мақола сўнггида ўқийсиз).

Биринчи жилди – “Маҳлиёлик” китоби “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан нашр этилган. Унга кирган асарлар тўғрисида филология фанлари доктори Наим Каримов сўзбоши ўрнида ўз мулоҳазаларини баён этган. Бу жилдга 1956 йилдан 1998 йилгача ёзилган шеърлар, қўшиқлар ва ҳар бир қўшиқнинг Ўзбекистон радиоси “Олтин фонди”га олинган тасма тартиб рақами изоҳи берилган. Мазкур китобда ижодкорнинг “Илон каромати” (достон, 1987-1989, “Қрим афсоналари” туркумидан), Нажмиддин Кубро ҳақида “Туронлик авлиё” (бу достон асосида радиоинценировка ёзилиб, “Олтин фонд”да сақланади, 1995), Амир Темурга бағишланган “Соҳиб-қироннинг ўн икки ўгити” (бу достон “Ватанпарвар” газетасининг бир неча сонида тўлалигича босилган, 1996), имом Исмоил ал-Бухорийга бағишланган “Пайғамбар суйган инсон” (1998) сингари достонлари ўрин олган.

Танланган асарларнинг иккинчи жилди – “Кўнгил меҳригиёҳи” китоби филология фанлари доктори, марҳум Ориф Усмон сўзбошиси билан босилган. Бу жилд тўрт юз бетдан иборат бўлиб, унда 1961 йилдан 2005 йилгача ёзилган асарлар жамланган. Унда шеърлар, қўшиқлар, болалар учун ёзилган шеърлар ҳамда эртаклар, “Малҳам ўсимликлар” туркуми, “Эл сўзи – дил сўзи” номли “Қўйин дафтари” қайдлари, ибратомуз мақоллар, маталлар ва ҳикматлар жамланиб, тўпламга киритилган. Шунингдек, китобга достонлар, афсоналар, эртаклардан “Келинчак тош” (“Шарқ афсонаси”, 1967), “Чуғурчуқ билан чигиртка жанги” (болалар учун афсона, 1968), “Тилсиз ёв” (достон, 1971-1971), “Най навоси” (достон, 1975), “Насрулло Гуландом” (тарихий достон, 1976), “Шомон Айсуған” (Сибирь афсонаси, болалар учун, 1978), “Жар ёқасида” (воқеий дос-тон, 1983-1986), “Эр ва шер” (ушбу афсона асосида бастакор Аваз Мансуров болалар учун опера ёзган, 1985), “Йиғлаётган тош” (достон, “Қрим афсоналари” туркумидан, 1987-1989), ҳазрат Алишер Навоийнинг болалигига бағишланган “Алишернинг ширин тили” (1989-1990) драматик достони бўлиб, шу асосда радиоинценировка ёзилиб, Ўзбекистон радиосининг “Олтин фонди”да сақланмоқда. Шунингдек, унда Қаффол Шоший тўғрисида “Ҳастимом” достони (2001), Хожа Аҳрорга бағишланган “Шошлик валий” (2003-2004) достонлари ўрин олган. Жилдга кирган асарлар охирида ижодкорнинг жаҳон халқлари шоирлари асарларидан ўзбек тилига ўгирилган шеърлари берилган.

Ижодкор асарларининг учинчи жилдидан “Онаизор” роман-эссеси ва “Устозлар сабоғи” номли хотиралари ўрин олган. Унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ёзувчи, марҳум Носир Фозиловнинг роман-эссе ҳақидаги мулоҳазалари сўзбоши ўрнида берилган. “Онаизор” роман-эссесида ижодкорнинг ҳаётда кўрган ва билганлари тўғрисида ҳикоя қилиниб, онаизор ўз фарзандининг билим олиши учун кўрсатган фидойилиги ҳаётий воқеалар асосида қизиқарли баён этилади. Ушбу жилд сўнгида “Устозлар сабоғи”, хотиралар бўлимида Туркманистон халқ адиби Хидир Деряев ва Соҳиб Жамол билан шоирнинг учрашуви тўғрисидаги эсдаликлари ҳамда Ойбек, Ғ.Ғулом, А. Қаҳҳор, Миртемир, Ю. Ражабий ва бошқа устозлар билан танишув хотиралари ила танишишингиз мумкин.

Танланган асарларнинг тўртинчи – “Шошкентим – Тошкентим” китоби “Муҳаррир” нашриётида босилган. Бу жилдда, асосан, қадимий Шошда яшаб, ижод қилган тарихий шахслар тўғрисида маълумотлар ҳамда уларнинг айрим асарларидан намуналар келтирилган. Жумладан, Абубакр Аҳмад ибн Муҳаммад Одам ал-Одамий аш-Шоший (Х аср), Абу Раби Тоҳир ибн Абдуллоҳ ал-Илокий (ҳижрий 465, мил.1073), Абу Саид Ҳайсам ибн Қулайб аш-Шоший ал-Бинкатий (ҳижрий 350,мил.962), Абу Муҳаммад ал-Ҳасан ибн Али ибн Матрон ал-Матроний (Х аср бошларида Шошда туғилган), Бадриддин Муҳаммад Чочий (1285 йилда Чочда туғилган, вафоти 1344-1350 йиллар орасида), Мирза Муҳаммад Ҳайдар (ҳиж. 905, мил. 1500-вафоти тахминан 1556) каби бобокалон шоирлар ҳақида маълумотлар ҳамда муаллифнинг Қаффол аш-Шошийга бағишланган асари, Занги ота Ҳимматий тўғрисидаги ривоятлар ва Хожа Аброр Валийнинг рисолалари тўғрисидаги мулоҳазаларни ўқийсиз.

Ижодкорнинг сўнгги йилларда ёзган янги шеърлари, қўшиқлари, “Умрим ҳикматлари” номли тўрт фаслдан иборат тўртликлари, “Қамчиқ довонининг кумуш белбоғи” (2017) достони ҳам мазкур китобдан ўрин олган. Шу билан бирга адибнинг шифобахш ўсимликларга бағишланган шеърлари ёшлар ва катталар учун бирдай ўқишли бўлиши табиий. Китоб сўнггида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида умргузаронлик қилган ижодкорлар ҳақидаги маълумотлар билан танишасиз. Бир сўз билан айтганда, серқирра ижодкорнинг бу китобини ўқиш жараёнида кўп ҳаётий воқеалар талқинидан хабар топиб, маънавий озуқа олишингизга ишонамиз.

Далер СУННАТОВ