“Ғаллақудуқ” МФЙдаги 1-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Наргиса Аленованинг қироатхонликка болаликдан меҳри баланд эди. У болалигида бобо-бувиси ёрдамида муқаддас Қуръон сураларини ёд олган. Бу ўрганишлар Наргисанинг Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида таҳсил олиш, мумтоз адабиёт билимдони бўлиб етишишида замин ҳозирлади, албатта. Болаликда олинган билимлар беиз кетмади.

Яқинда Бўка туманидаги “Ўртақўрғон” жоме масжидида бўлиб ўтган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018”нинг ҳудудий босқичида иштирок этган Наргисахон беллашувнинг тиловат (Қуръонни тўғри ва чиройли ўқиш) йўналишида 1-ўринга сазовор бўлди. Икки йўналишда ўтказилган мусобақанинг иккинчи ҳифз (Қуръони каримни тўлиқ ёд олганлар) йўналишида яна бир вакиламиз – теловлик Масидиқова Ўғилой Саидакбар қизи ғолибликни қўлга киритди.

– Ушбу танловда Ангрен, Олмалиқ, Бекобод шаҳарлари ҳамда Оҳангарон, Бекобод, Пискент ва Бўка туманларидан 52 нафар қорилар ва 31 нафар қориялар, туманимиздан тиловат йўналиши бўйича 6 нафар эркак қорилар, ҳифз ва тиловат йўналиши бўйича 5 нафар хотин-қиз қориялар иштирок этди.

– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Қуръон-ни эшитиш, эшита олиш – юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди”. Шу маънода қорияларимиз эришган ютуқларни ҳам хайрли амаллар сирасига киритиш мумкин. Иккала қориямиз мусобақанинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди. Уларга маиший техника жиҳозлари тақдим этилди. Бу каби хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимизга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!, – дейди туман бош отинойиси Мукаррам ҳожи ая Абдужалилова.

Ўқувчиларини Ватанни иймон қадар севишга ўргатаётган муаллима Наргисахон 4 нафар солиҳ ўғил-қизларни ҳам камолга етказаяпти. Ўтган йили Ҳадич аи Кубро мадрасасида таҳсилни тамомлаган қория Ўғилой жажжи фарзанди тарбияси билан машғул. Шунингдек, ёш бека ойижони (қайнонаси) ҳамда турмуш ўртоғи кўмаги ва маслаҳати билан Тошкент Ислом университетида ўқишга кириш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Солиҳа қорияларимизга оилавий хотиржамлик, кейинги мусобақа ва танловларда омадлар тилаймиз.

Р. САЛАЕВА.