Ўқиб кўрдилар, ёқмади.
Қайта ёздилар, асл ҳолига қайтди.
Ўчириб ташладилар, тағин аслига қайтди.
Оловга отдилар, ёнмади….
Бу китоб – Тарих эди!

Ўткир Ҳошимов

Ҳар биримизнинг мурғак қалбларимизда муҳаббатни алангалатувчи, парвозимизга қанот берувчи, ҳар қадамда таянч бўлувчи бир куч бор… Бу куч – Ватан туйғуси. Зеро, Ватан – юракдаги жавоҳир. Ватан танланмайди. Саҳрода улғайганлар ўзларининг чўлу даштларини “Ватаним” деб суядилар. Гўзал ва бебаҳо жойлардан устун қўядилар. Ватанни англаш учун инсон, аввал, ўзлигини англаши лозим. Худди шунингдек, ҳар бир инсон ўсиб-улғайгани сари ўзи туғилиб ўсган гўшасининг тарихини ўрганишга ҳаракат қилади.Тарихини билмаган инсон Ватан тушунчасини тўлиқ англамайди. Шундай экан, мен ҳам Ватанимиз ичра мўъжаз бир Ватан ҳисобланган Қорахитой қишлоғимизнинг тарихи билан қизиқдим.

Ривоятларга кўра, биз яшаётган ҳудудда Қоратой исмли бир йигит бўлган ва у улоқ чопишда тенгсиз бўлиб, зулукдек қора отини кўрганлар ана Қоратой келаяпти, дея уни олқишлашар экан. Чавандоз йигит Қоратой шу қишлоқнинг Гулмомо исмли қизига кўнгил қўйибди… Кунларнинг бирида икки ошиқ баланд тепаликда сайр қилатуриб, бир баҳайбат девга дуч келишади. Қоратой узоқ курашиб, ахийри қишлоқ аҳолисини қўрқувга соладиган девни енгибди. Шундай қилиб, Қоратой ва Гулмомо мурод-мақсадларига етишибди. Шу-шу Қоратой билан дев олишган тепаликни Гулмомо деб, қишлоғимизни эса Қоратой дея атай бошлашибди. Кейинчалик қишлоқларга қайта ном берилганда, Қорахитой номини олганлигини қишлоғимизнинг кўпни кўрган, кайвони онахонлари билан суҳбатлашиб билиб олдим.

Яна бир қизиқ маълумот: ҳозир Ўзбекистонда 123 та Қорахитой номли қишлоқ бор экан. Шуларнинг орасида бизнинг қишлоғимиз ҳам бор. Жалолиддин Мангубердининг севимли маликаси Хонқизбегим ҳам, Бухоро амири Амир Нас-руллонинг севимли хотини Кенагасбегим ҳам аслида қорахитойлардан бўлишган. Бугунги кунда бу қишлоқ Ўзбекистоннинг бир бўлаги, туманимизнинг фахри, ғурури. Бешик-ларида Қоратойдек алп йигитлару Гулмомодек лобар қизлар улғайишмоқда. Қорахитойлик ота-боболар фарзандлари туғилганда, май ичиб тантана қилишмаган, балки болаларига атаб дарахтлар ўтқазишган.

Бу қишлоқнинг бағрида бир чашма – булоқ борки, ундан қайнаб чиқаётган сув минг бир дардларга малҳам бўлади. Гулмомо қирлари, Чотқол тоғлари қишлоғимизнинг ҳуснига ҳусн қўшиб турса, ҳазрати Хизр бобонинг табаррук излари қолган Оқтош қоялари кўҳна тарихимиздан гувоҳлик бергандек савлат тўкиб турибди.

Тарихдан ибрат олиб яшаш, тарих ҳақиқатларини билиш кишига қувват беради, уни ҳаёт ҳақиқати билан қуроллантиради. Тарихнинг муайян даврларида халқ тақдирида беқиёс ўрин тутган буюк зотлар ҳам эзгулик рамзига, ибратли фазилатлар тимсолига айланиб қолган. Шунингдек, қишлоғимизда кўплаб ўз даврининг етук тадқиқотчи олимлари етишиб чиққан. Улардан бири дилбар шоир, моҳир мақоланавис Мўмин Қаюмовдир. У инсон “туғилган юртим – кучим-қувватим”, дея яшаб, тарихимиз, маданиятимиз, урф-одатларимизни акс эттирган асарлари билан ном қолдирган, қишлоғимизнинг асл фарзандларидан бири эди. Эътиборлиси, туманимиз ижтимоий ҳаётида мазкур ҳудуд вакиллари ўз ўрнига эга. Бу нимадан дарак? Бу биринчи навбатда, қишлоқ аҳолисининг тиришқоқ, интилувчан ҳамда матонатли эканидан далолат беради. Халқ хизматида, эл иззатида бўлиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

Бугун илк бор бағрида қадам ташлашни ўрганган, гўзалликларидан доимо илҳомланиб юрадиган қишлоғимнинг тарихини акс эттиришга ҳаракат қилдим. Билдимки, замонлар ўтса ҳам, тарих ўз моҳиятини йўқотмайди…

Гулшода КАРИМОВА