Сир эмаски, об-ҳавонинг кескин совиб кетиши, ёғингарчиликнинг нисбатан камайиши оқибатида грипп (ўткир респиратор) касаллиги билан оғриганлар кўпаяди. “Грипп” сўзи французча “гриппер” сўзидан олинган бўлиб, эгаллаш, тарқалиш деган маъноларни англатади. Мавсумий грипп одамдан одамга юқади. Мазкур касаллик ўткир инфекцион хасталик бўлиб, юқори нафас йўлларининг зарарланиши ва умумий интоксикация билан кечади. Гриппнинг яширин даври 1-3 кунни ташкил қилади. Мазкур касаллик, айниқса, ҳали иммун тизими тўла шаклланмаган болажонларимиз организмида оғир кечади.

Шаҳримиздаги шифохонанинг болалар бўлимида грипп касаллигига чалинган беморларнинг кўплиги, уларга ҳаттоки ўрин етишмаётгани тўғрисидаги гап-сўзларни эшитиб, вазиятга аниқлик киритиш, ўрганиш мақсадида, ҳолатни бориб кўрдик. Беморлар сони ортганлигидан улар юқумли касалликлар бўлимига юборилаётганини таъкидлаган педиатр Турдигул ТУРСУНҚУЛОВА баъзи ота-оналарнинг ўз фарзандларига бефарқлиги, тиббий маданият нима эканлигини тушунмаслигидан шикоят қила бошлади:

– Халқимизда: “Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал” деган нақл бор. Ота-оналар касалликни илк бор бошланғич даврида боласига жиддий эътибор қаратишмайди, шифокор кўригига дарҳол олиб бормайди. Мана, яқинда марказий поликлиникамизнинг жонлантириш бўлимига нафас йўллари касаллиги билан оғриган уч нафар бемор жойлаштирилди. Умуман, ростини айтиш керак, бугун туман шифохоналарида беморлар учун жойлар тирбанд. Вазиятдан чиқиш учун марказий поликлиниканинг иккинчи қаватидаги 20 ўринга мўлжалланган қисмида 40 нафар беморни жойлаштириб даволаняпмиз. Бундай пайтларда, ўзингиз гувоҳ бўлиб турганингиздек, даволаш чоғида зарур бўладиган тартиб-интизомга риоя этиш қийин бўлади. Осойишта муҳит бўлмайди, юқори сифатли муолажа имконияти пасаяди. Бўлимимизда беморларнинг асосий қисмини ўткир респиратор касаллиги (грипп) ташхиси қўйилганлар ташкил этса, зотилжам, ўткир бронхит касалликлари билан оғриган беморлар ҳам жуда кўп. Айтиш жоизки, биз шифокор ва ҳамширалар беморларнинг соғайиб кетиши учун астойдил ҳаракат қиламиз. Аммо, баъзи фуқароларимиз шифохонадан даво топиб, соғ-омон уйига қайтар экан, шу аснода миннатдорлик билдириш ўрнига, қўпол муомала ва дағдаға тусидаги сўзлар билан дилимизга озор беради. “Айбимиз нима?”, деган савол биз касб эгаларига тинчлик бермай қолади гоҳида. Баъзи “янги бой”лар эса: “Бизга алоҳида хона ажратиб беринг, фарзандим бемалол даволанишини истайман”, дея қўлимизга пул тутқазишига нима дейсиз? Ахир, бир хонага тўрт ва беш нафар бемор тўғри келганда, биз уларни қандай қилиб алоҳида хонага жойлаштиришимиз мумкин?.. Асосан февраль ойида ўткир респиратор касалликлари ташхиси аниқланган беморларнинг сони ниҳоятда кўпайиб кетади. Энг асосийси, ҳар қандай шароитда биз касб эгалари ўз масъулиятимиз ва бурчимизни унутмаймиз.

Турдигул опанинг сўзларини тинглаб, яна бир болалар шифокори Бозоргул МЎМИНОВАни ҳам суҳбатга чорладик. Биз шифокордан беморларнинг сони шу қадар кўпайиб кетганлиги сабабини, жонлантириш бўлимига жойлаштирилаётган болаларнинг қадами узилмаётганлиги боисини сўрадик.

– Қиш фасли қишлигини қилмаяпти. Қор кам ёғди. Беморларимиз кўпайиб кетганини экологияга ҳам боғлашимиз мумкин. Ота-оналарда тиббий маданият етишмаслиги боис, оммавий ахборот воситалари орқали реклама қилинаётган дори-дармонларни шифокор кўрсатмасисиз фарзандларига беришади. Фарзанди жонлантириш бўлимига тушгунига қадар шифокор кўригига олиб келмасдан ўзларича турли гиёҳлар дамламаси билан даволашади. Бола оғир аҳволда қолганида шифокорларга қарата: “Болам нега тузалмаяпти, қандай шифокорсиз? Тезроқ тузатинг” каби талабларни қўйиб, бизни ноқулай аҳволга солиб қўяди. Фуқароларимиздан илтимос қилардим, шифокор кўрсатмасисиз фарзандларига ҳар қандай дори ва гиёҳларни беришмасин.

Дард Аллоҳдан, касаллик – вужудга меҳмон, қачондир, ва албатта, тақдирда бўлса, ундан фориғ бўласиз. Бироқ, вужудни тарбия қилиш мияни, қалбни тарбия қилишнинг мантиқий давоми, асоси эканини ўйлаб кўринг. Инсон ўз тафаккурини зарур тиббий маданият ва билимлар билан тўйинтирмас экан, оддий бир эм, вақтида олинган тиббий кўрик билан сизни четлаб ўтиши шарт бўлган касалликлар танани ишғол қилаверади.

Сиз бунга жим қараб турасизми – гап шунда… Азиз ҳамюртлар, соғлиғингизни асранг, вақтида шифокор кўригига боринг, мавсумий касалликларга қарши эм олишни унутманг!
…ва сарлавҳадаги саволга ўзингиз жавоб ахтариб кўринг…

Гулруҳ Фарруҳ қизи.