Маълумки, келгуси ҳосил тақдири ва фаровонлик шарти бир неча омилларга боғлиқ. Булардан бевосита инсонга тегишлиси фойдаланувчилар кўплашиб, ҳамкорликда, бирикиб, ҳар мавсум арафасида, баҳорги ишлар қизғин тусга кириши олдидан ўтказилиши зарур бўлган ариқ ва зовурларни ўз вақтида турли чиқиндилардан халос этиш, тозалаш тадбирлари бўлиб, бу мавсум давомидаги кўплаб, турли муаммоларнинг олдини олишга ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Мақола муқаддимасини болалик хотиралари билан бошлайдиган бўлсак, баҳорги илк оқова сув ҳамқишлоқлар томонидан аҳиллик билан чиннидай қириб, тозаланган ариққа дастлаб оқиб келганда, болаларча ҳайрату қувонч билан уни, то одамларнинг томорқасигача оқишини қанчалик қизиқиш билан бир-биримизни ортда қолдириб, очиб қўйилган сув қулоқларига секин-аста киришини кузатганларимиз кечагидек ёдимизда.

Энди билсак, сув ҳам илоҳий бир неъмат бўлиб, болаларча қувончимизда маъно мужассам экан. Хўш, жойларда айни долзарб фурсатда ушбу масалага қай тарзда ёндашилмоқда? Келинг, тумандошларимизнинг ғайрату интилишларига шиддат бериш мақсадида бу борадаги хушхабарга эътибор қаратсак.

– Ҳудудимиздан оқиб ўтувчи Юқори баланд канали, муболағасиз айтиш мумкинки, қарийб 25 йилдан буён ёлчитиб тозаланмаганди, – дейди “Ёнариқ” МФЙ раиси Малика Эргашева. – Аҳоли ва фермерларимиз ўртасида муаммо чиқараверганидан бу борада мурожаат қилмаган туман мутасаддиси қолмаганди. Ушбу ҳолат юзасидан “Оҳангарон ҳаёти” газетасида ҳам қатор таҳлилий-танқидий мақолалар чоп этилганди. Ниҳоят, қилинган мурожаату саъй-ҳаракатларимиз бесамар кетмади. Шу кунларда каналнинг 15 чақирим масофасида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, вилоят фермерлар Кенгаши раиси Тўлқин Тўраевнинг ташаббуси, фуқаролар ҳамда аҳоли ҳамкорлигида экскаватор ёрдамида ариқ тозалаш ишлари бошлаб юборилди. Шу кунгача 5 чақирим масофа чиқиндидан халос этилди.

– Президентимизнинг 2017 йил 2 октябрдаги фармонига мувофиқ, туманимизда ирригация бўлими ташкил этилган, – дейди туман ирригация бўлими бош гидрометри Наврўз Алимов. – Ҳозир бўлимимиз ҳисобида 3 та техника мавжуд бўлиб, 1 та экскаваторимиз соз ҳолатда ишлаб турибди. Шаҳар ҳудудида тасарруфимиз 2,8 чақиримда бўлиб, Янги баланд канали жорий йил режасига киритилган. У апрель охиригача тозаланади. Туманда эса 113,7 чақирим каналларга хизмат қиламиз. Бошқа ариқлар ҳудудлардаги фермерлар ҳисобида туради. Жорий йилда фермерлар томонидан қўл кучи билан 154,27 чақирим ариқ-зовурларни тозалаш режалаштирилган. Шундан ҳозиргача 83,70 чақирим масофа ёки 55 фоизи тозаланган. Механизмлар билан 88,98 чақирим ариқ тозалаш режалаштирилган бўлиб, бу миқдор ҳозирда 35,71 чақиримни ёки 40 фоизни ташкил этмоқда. Ҳудудлардаги СИУ (сув истеъмолчилари уюшмаси)лар сони 9 та бўлиб, улар 1000га яқин фермерларга хизмат қилишади. Шу мақсадда туманимизда 19 та гидротехника иншоотларини таъмирлаш ва тозалаш режалаштирилган бўлиб, бугунгача 16 тасида сув ўлчагич ва дарвозалар таъмирдан чиқарилди.

– Бошқармамиз ходимлари томонидан тумандаги 17 та МФЙга хизмат кўрсатилади, – дейди туман ободонлаштириш бошқармаси ободончилик объектларини сақлаш бўлими бошлиғи Жавлон Йўлдошев. – Тозаланадиган лотоклар “Эйвалек”да 500 метр, “Ғаллақудуқ”да бир чақиримни ташкил этади. Ҳар йили ҳудуддаги 12 та тумбага манзарали гуллар экамиз. Туман бўйича Бошқармамиз ходимлари томонидан тозалик ишлари олиб бориладиган умумий майдон 90 минг 930 кв.метрни ташкил этади. Жойлардаги лотокларга ишчиларимиз бириктирилган. Доимий кўкаламзорлаштириш майдонимиз 137 минг 400 кв.метрдан иборат. Бунда 17 нафар ходим билан ишларни баҳоли қудрат адо этаяпмиз. Имкониятларимизни ошириш мақсадида мунтазам ишлар олиб борилмоқда.

Ташкил этилган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси маълумотига кўра, Бошқарма ходимлари томонидан 22 чақирим лотоклар тозаланади. Бу ишларга 38 киши жалб этилган. Мавзу юзасидан ХУЖМШ маъмурияти билдиришича, шаҳримизда 19 та ширкатлар бўлиб, уларга кўпқаватли уйларнинг олд қисмидаги 6280 кв.метр лотоклар бириктирилган. Улар, асосан, МФЙлар билан ҳамкорликда тозаланиб, ширкатлар уюшмаси раиси Ихтиёр Ботировнинг таъкидлашича, хусусан “Мустақиллик”, “Ёшлик”, “Адолат”, “Орзу”, “Дўстлик”, “Охунбобоев” МФЙлардаги мазкур лотокларни тозалашга маҳаллалардаги ширкатлар маъмурияти томонидан ходимлар бириктирилган.
Кўриб турганингиздек, маълумот ва бехато рақамларга кўра, ҳаммаси жойидага ўхшайди. Бироқ: “Ранг кўр, ҳол сўр”, – де-йишганидек, ҳақиқий манзара қай биримиз қайси жабҳада астойдил фаолият юритаётганимизни доим яққол кўрсатиб ёки фош этиб қўяди. Шу боис мавзуда тилга олинган борада нечоғли фаолият юритишимиз бевосита ҳар биримизнинг, оила аъзоларимиз, яқинларимизнинг саломатлиги, соғлом келажагимизга мудом таъсир кўрсатажаклигини унутмаслик мақсадга мувофиқ.

Сўнгсўз ўрнида: Донолар: “Ҳар кишики ҳаётдан олмаса таълим, ўргатолмас унга ҳеч бир муаллим”, – дейишганидан кўпчилигимиз бохабармиз. Шукрки, босма ОАВ нашрлари, телевидение ва радио орқали олинаётган маълумотларимизнинг ниҳояси йўқ. Хусусан, Вьетнам тоғликларида қияликни тўсиб, не азобда шоли етиштираётганларни, Африка саҳроларида ичгани қалпоғида сув тўплаётганларни кўрганимда, очиғи, биз нақадар пешонаси ёрлақаган бўлишимизга қарамай, кўпчилигимиз шу даражада исрофгар эканлигимиздан уялиб кетаман. Шукрона у ёқда турсин, кўпинча бу неъматлар қайдан келаётганини, кимларнинг меҳнат натижаси эканлигини, қадру қадрлаш ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаймиз. Тўғри, тоза ариқдан оқиб келган зилол сув барчамизга завқ бағишлайди. Яна маълумотларга кўра, яқин йилларда бир литр сувнинг нархи бир литр нефтникидан кам бўлмайди.

Воҳид БОЙМУРОДОВ