Сўнгги вақтларда туманимизда туризм соҳасини ривожлантириш, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманимиз ҳудудида жойлашган, пайдо бўлиш тарихи узоқ давр- ларга бориб тақаладиган, аҳамиятлилиги жиҳатдан тарихий, илмий ва маданий қимматга эга бўлган кўплаб муқаддас жойлар нафақат ички туризмни ривожлантириш, балки хорижий сайёҳлар оқимини ҳам жалб қилиш имконига эгадир. Жумладан, “Шодмалик ота” (“Дўстлик” МФЙ), “Парпи ота” (Қизилтоғ қўрғони), “Пайғамбар ота” (“Сусам” МФЙ), “Увак ота” (“Увак” МФЙ), “Тункет” (Обиз қишлоғи), “Қизил олма” (Соғлом қишлоғи), “Орашон бува”, “Кўксарой” (Кўксарой қишлоғи), “Убайттепа” (Убайт қишлоғи), “Сардоба”, “Чашма” (Қорахтой қишлоғи), “Унгут ер ости ибодатхонаси” (Унгут қишлоғи), “Овжазсой манзилгоҳи” (Овжазсой қишлоғи) каби сайёҳларбоп масканлар Оҳангарон воҳасини туризм соҳасида катта салоҳиятга эга эканлигидан далолат беради.

Ҳозирда вилоятимизнинг турли жойларидан воҳамизга кўплаб сайёҳлар ташрифлари давом этмоқда. Куни кеча 25 нафардан ортиқ Бўстонлиқ туманидан келган зиёратчилар туманимизнинг диққатга сазовор жойларида бўлишди. Бундан ташқари, уларга маҳаллий ҳунармандлар томонидан яратилган, хусусан, каштачилик, касаначилик зардўзлик ва бошқа турдаги халқ амалий санъати намуналари намойиш этилди. Миллий қўшиқчилик ва рақслардан иборат мусиқий дастурлар сайёҳларда катта қизиқиш уйғотди.

Туман туризм соҳаси мутасаддиларининг маълум қилишича, айни дамда нафақат вилоятимиздан, балки қўшни вилоятлардан ҳам сайёҳларни жалб қилиш борасида ишлар давом эттирилмоқда. Келаси ҳафтада эса Қибрай туманидан зиёратчиларнинг келиши кутилмоқда.

Ўз мухбиримиз.