Шу кунларда мамлакатимиздаги барча ҳарбий қисмларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни тугатаётган хизматчилар ўртасида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликни аниқлаш бўйича тест синовлари ўтказилмоқда. Хусусан, туманимиздаги 9227-сонли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёшлар ҳам куни кеча катта иштиёқ ва орзу-ҳавас билан давлат тест маркази ходимлари иштирокида билимларини синовдан ўтказишди.

С. Ҳабибуллаев,
давлат тест маркази бош мутахассиси:

– Гапнинг очиғи, юз-кўзида Ватанга садоқат ва катта умид барқ уриб турган бу йигитларнинг барчасида ана шундай имтиёз бўлишини чин қалбдан истардим. Бироқ, ўзингиз биласиз, олий ўқув юртларига кириш учун бериладиган махсус имтиёзга фақат энг намунали, йил давомида ҳарбий қисмда ўтган тадбирларда ўзини кўрсатган, намунали хулққа эга бўлган, қолаверса, ДТМ томонидан ўтказилаётган синовларда юқори балларни қўлган киритган ёшлар эга бўлади.

Низом бўйича жами аскарларнинг 40 фоизигача бўлган миқдорда бундай имтиёз тақдим этилади. Аминманки, бир йил давомида Оҳангароннинг сувини ичиб, баланд тоғлару сўлим воҳада касб ва малака, билим олган бу ёшлар, эртага Ватанимизга ҳар жабҳада тиргак бўладилар.

Муддатли ҳарбий хизматни якунлаб, бугун имтиҳон топшираётганлар орасида самарқандлик Ибрат Раҳматов ҳам бор. У мазкур музофотнинг Тойлоқ туманидаги Боғи Зағон қишлоғида туғилган. Тарихдан маълумки, ҳазрат соҳибқирон Амир Темур барпо этган 14 боғдан бири айнан мана шу қишлоқ ўрнида бўлган. Бу масканда эл азиз билган зиёратгоҳлар бисёр. Чунончи, машҳур муҳаддис Ҳузайфа ибн Яманий мангу қўним топган маскан ҳам Боғи Зағонда экани манбаларда айтилади. Бу маълумотларни келтиришдан мурод шуки, ана шундай табаррук ва мўътабар жойлардан келиб, бугун Оҳангаронда йигитлик бурчини ўтаб, мамнуният ва ифтихор билан, бошини мағрур кўтарганча, она қишлоғига қайтаётган Ибратжон ўз тенгдошларига ҳам ҳар жабҳада ибрат бўлиб келмоқда. Яқинда у Қуролли Кучларда ҳарбий хизматчиларни ўтаётган ёшлар ўртасида ўтказилган бадиий-мусиқий танловнинг вилоят босқичида фахрли ўринлардан бирини қўлга киритди. Устозларининг, ҳарбий қисм сержантларининг айтишича, у ҳар бир жабҳада фаол ва интизомли, меҳнаткаш. Бугун унга қўшилиб, жараённи катта ҳаяжон билан кузатиб турган устозлари, ҳарбий қисм сержантлари Ибратжондек намунали, билимли ёшлар ҳеч бир муболағасиз, ортиқча қийинчиликсиз ҳар қандай синовлардан ўта олишига ишонади. Зеро, у ўтган бир йил давомида тафаккурини шундай бир сармоя билан бойитдики, эндиликда олинган билим ва кўникма, бутун умри давомида асқатиши аниқ.

Хўш, Ибратжон устозлари ният қилгандай махсус имтиёзга эга бўла оладими? Буни тест синовлари натижаси кўрсатади.

Нозимбек ИСМАИЛОВ,
Оҳангарон ҳаёти” мухбири.