Жорий йилнинг 4 февралида Қорахтойдаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида “Ўзбек жанг санъати” бўйича Ўзбекистон чемпионати олдидан саралаш мусобақалари доирасида вилоят биринчилиги ўтказилди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар ўсмирлар, ёшлар, катталар ўртасида ташкил этилди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан сараланган, “Ўзбек жанг санъати” билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётган 200 нафар иштирокчи турли ёш ва вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Унда туманимиздаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг тажрибали ўқитувчилари Феруза Пардаева ҳамда Шаҳноза Пўлатова мураббийлигидаги ўқувчилар туманимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Мусобақа якунларига кўра, жамоа ҳисобида Ангрен шаҳри жамоаси 1, Чирчиқ шаҳри жамоаси 2, Бўка тумани вакиллари эса 3-ўринни қўлга киритди. Яккалик баҳсларида эса туманимиз вакиллари пешқадамлик қилишиб, юқори натижаларни қайд этишди.

Мусобақада туман ҳокими ўринбосари А. Юлдашев, вилоят Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Қ.Саттаров, туман Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси бошлиғи Б.Ортиқов иштирок этди.

Салоҳиддин АБДУКАРИМОВ