Маълумки, аждодларимиз чорвачиликда бўлгани каби қиш фаслида қишлоқ хўжалигида ҳам келгуси йил мўл-ҳосилига замин ҳозирлаш мақсадида, кўплаб агротехник тадбирларни амалга оширишган. Хусусан, совуқ, изғиринли кунлардан ҳам самарали фойдаланиб, ҳосилдорликни ошириш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, турли ҳашаротларни йўқотиш, келгусида юзага келадиган сувга чанқоқликни бартараф этиш мақсадида, асосан, боғли, токли майдонларга яхоб, чилла, қавс сувлари берилган.

Сув танқис келган йиллари бу янада муҳим аҳамият касб этган ҳамда 25 декабр-дан 5 февралгача бўлган муддат оралиғида ўтказилган. Энг қулай муддат январь ойи бўлиб, февралда ўтказилса, кўпроқ беришга тўғри келади. Гектарига 1500-2000 метр куб сув сарфланиб, 4-5 кун суғорилади. Бундан асосий илдиз қисмлари яхши намланиб, уларнинг қўзғалиш энергиясини кучайтиради. Тупроқ 2 метргача тўлиқ намланади. Натижада, вегетация давридаги суғориш сони қисқариб, 700-1400 метр куб сув тежалиши аниқланган. Яхобдан сўнг, намликни сақлаш мақсадида, культивация ҳам яхши самара беради ва бу тупроқ-ҳаво алмашинишини яхшилайди. Тажрибага мувофиқ, бу муҳим ишлар амалга оширилиши натижасида юқори ҳосилдорлик таъминланган. Бу иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда самарали бўлиб, турли зараркунандалар йўқотилиши натижасида вегетация даврида харажатга ботиб, қимматга тушадиган ва кам самара келтирадиган пуркама дориларга ҳожат ҳам қолмайди. Бунинг устига шўри чиқиб турган жойдан қандай юқори самара кутиш мумкин? Қишдаги чилла суви роҳатини ёз чилласида кўрасан, деб бежиз айтишмагандир?! Шунга кўра, яқин йилларда барчасидан бохабар харидорлар: “Мевангиз чилла сувини ичганмиди?”, деб сўрашни касбу одат қилишса, мазкур тадбирни ўз вақтида ўтказиш меваларнинг мазаси, таъми ва шаклига ижобий таъсир кўрсатса, бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Бироқ, эътироф этган маъқул, ушбу муаммога эътибору муносабат барча жойда бир хилда ижобий эмас. Зеро, дастлаб яхобу чилла суви дегани сувни исроф қилиб, ҳаммаёқни Ойкўлу Кўккўл қилиш дегани ҳам эмаслигини атрофлича англаш зарур. Ушбу муҳим тадбир ўзига хос табиий шароитларга эга туманимиз боғдорчилиги истиқболида ҳам кўзланган натижаларни бериши шубҳасиз. Бундай долзарб жараён сувлари бесамар оқиб ётган, токзорлари ҳайдовсизу қаровсизлиги етарли, шунга қарамай, ер эгаси бўлган фермерларимиз катта миришкор деҳқонлардек, бўлғуси маҳсулотини жаҳон бозорида чамасидаги нархда сотишни кўзлаб, осмонни чоғлаётган туманимиз шароитида нечоғли амалга оширилмоқда? Туман ирригация бўлимидан олинган маълумотга кўра, шу кунгача 80 тага яқин фермер хўжалиги ҳисобидаги 2686 гектардаги тутзор, боғ майдонларида яхоб суви бериш ишлари олиб борилиб, 3,22 млн. метр куб сув сарфланган. Шу билан ҳаммаёқ олам гулистон, бозорларимиз пишиқчиликда шириндан шакар, арзон меваларга тўлиб кетади, десак, албатта, ҳаммамиз адашамиз. Боиси, юқоридаги таъкидлаган токзори қаровсиз, қатор ораларини ҳайдамаган “қаҳрамонларимиз”нинг аксарияти СИУлар билан носуғориш даврида яхоб, чилла суви бериш борасида турли сабаб-ларни рўкач қилиб, шартнома имзолашмаган. Ваҳоланки, тендер давомида улар эл дас-турхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшиш, буни таъминлаш борасида қоп-қоп ваъдалар беришган. Ҳозир ҳам давлат мулкига масъулиятсиз қарашда давом этишмоқда. Биз мавзунинг аҳамияти нечоғли муҳимлиги ҳақида юқорида баҳоли қудрат тўхталдик. Бундан мақсадимиз, ҳали ҳам вақту имкон етарли экан, фаолиятга давр талаблари асосида ёндашиб, зиммамизга олган вазифамизни муваффақият билан адо этайлик! Токи, бу борада ҳам юзимиз ёруғ бўлиб, бошқалар бизнинг мактаб тажрибамизни ўргансин, ибрат олсин.

Воҳид Боймуродов