Зап замонлар бўлди- да! Бундан йигирма йиллар олдин кийимингиз йиртилиб қопти дейишса, йиртиқдан уялиб, шарманда бўлишдан чўчир эди одамлар. Йилллар ўтиб, жамият ҳаётидаги юз бераётган ўзгаришлар одамларимизнинг кийим борасидаги қарашларини кескин ўзгартириб юборди. Бугунги ёшлар айнан шундай кийимларни кийишни, шу кийимларда никоҳ ва кечки базмларга боришни жуда истайдилар.

Бугунги “замонавий кийимлар”

Бугун шаҳарларда йиртиқ шиму, юбкаларни, елкаси очиқ куйлакларни, калта кийимларни кийиш урфга айланиб бормоқда. Келинларимиз елкаси очиқ, баъзан белгача очиқликдаги тўй кўйлакларни кийишса ҳам уят ҳиссини туйишмай қўйди. Буни кўриб турган ота-она ва ҳатто, бўлажак эр ҳам “современный”лиги учун бунга кўниб қўя қолади. Кимдир буни мода деб билса, кимдир замонавий кўринишга йўяр, кимдир бировларнинг диққат марказида бўлишни истар – ҳар кимни ўз истаклари бошқаради. Аммо буларнинг барчасида: “Мен сенинг миллийлигингга тош отяпман”, деган шиор яширин ҳужум қилаётгандай… Тан олинг, бу кийимларни ўз фарзандингиз кийганида койимасдан: “Майли ёш, нима қилибди, кийса кийибди-да” ёки: “Бу қулай, замонавий”, деб оқлайсиз. Ўзингизни шу кийимлар билан ажралиб туришингизни эътироф этгингиз келаётгани ҳам сир эмас. Ҳаттоки ўта миллатпарвар бўлсангиз ҳам, атрофдагиларга қараб: “Ҳамма шундай юрибди-ку!” деган қабилда иш тутасиз. Бунинг учун масъулият фақат сизнинг зиммангизда эмаслиги кундай равшан-ку?

“Йиртиқ маданият” тарғиботчилари

Бугунги кунда телевидение айтиш мумкинки, энг кучли тарғибот воситаси ҳисобланади. Аммо телевидениедаги айрим замонавий хусусий каналларимиз билибми-билмай, рекламалар, кўрсатувлар, фильмлар, сериаллар орқали телетомошабинларга миллийликдан узоқ, миллий анъаналаримиз ва қадриятларимизга зид ахборотларни тарғиб этиб қолмоқда. Айниқса, телеканалларимизни кундан-кунга “безаётган“ сериаллар маъною-мазмун жиҳатдан кишини ҳайратда қолдиради. Унинг мазмун ва моҳиятини қўя турайлик, актёрларнинг кийган “замонавий йиртиқ, ёпишқоқ, очиқ” кийимлари бизнинг фарзандларимизга таъсир этаётганини, уларга шу йўсин орқали тарбия бериб қўяётганимизни наҳотки тушунмасак? Ёки бизга барибир деган аҳволга келиб қолдикми? Инсон визуал ахборотни эшитилган ахборотдан кўра тезроқ олади-ку! Нега биз миллийлигимизни тарғиб қилишни ўрнига европачалашиб (асли бундай маданият Европа халқлари учун ҳам ёт) боряпмиз?

Акс эътироф

Бу борада баъзи санъаткорларимиз алоҳида “эътироф”га сазовор. Негами? Сўнгги замонавий клипларда суратга тушаётган айрим санъаткорларимиз очиқ-сочиқ, калта-култа кийинишда бошқаларга яхшигина ўрнак бўлаяпти. Масалан, Райҳон Ғаниеванинг “Ҳамма жам”, Нилуфар Усмонованинг “Кел иккимиз” клипларига кийиб тушган либосларидан, “Улар миллийликдан хабардормикан? ” деган савол миянгизда чарх ура бошлайди. Ўйланиб қоласиз, ҳар қандай санъаткор минглаб томошабинлар учун ўрнак намунаси эмасми? Ёки улар бундан бехабарми? Ёки бу “маданият”нинг ортидаги таҳдидни тушунишмайдими? Назаримизда, ё улар миллат олдида ўз масъулиятини тушунишмайди ёки бу миллатдан ўзини айри ҳолда кўради. Энди айтинг-чи, ўз миллати ва халқидан ўзини айри кўрган санъаткор “санъаткор” бўлишга муносибми, шу халққа муносибми ўзи?

Очиқ кийимлар талвасаси

Хўш, бунда ким айбдор? Миянгизда чарх урган фикрдан бизнинг ҳам хабаримиз бор! Аммо йўқ, сотувчи бу ерда айбдор эмас! У дунёнинг қайсидир чеккасидан сизга энг замонавий буюмларни, қолаверса, талабга қараб урф бўлаётган маҳсулотларни олиб келиш, сизни “йиртиқ-ямоқ”қа кийинтиришни мақсад қилмайди. (Дарвоқе, бу кийимларнинг нархи осмонда!) Сотувчининг вазифаси сизга “ўта сифатли йиртиқ кийимлар”ни таклиф қилиш ва мўмай даромадга эга бўлиш. Олиш-олмасликни эса сиз ўйлаб кўрасиз.

Чет элдан келаётган сайёҳларга эътибор беринг. Улар оддий, ихчам ва қулай кийимларни кийишади. Уларни йиртиқ кийимларда камдан-кам учратасиз. Кийганлари ҳам аксарияти ёшлар… Демак, йиртиқ ва очиқ кийимларни кийишни чет элликлардан ўрганяпмиз десак, қаттиқ янглишган бўламиз.

“Бизнинг” мода

Ўйлаб қолдим. Биз бу кийимларни йўқ қилишга қодирмизми? Йўқ! Биз бу кийимларни йўқ ҳам, инкор ҳам қила олмаймиз. “Йиртиқ кийимлар маданияти” бугунги ўзбек миллий модасининг халқимиз орасида ўрни йўқлигини, унинг аҳамияти шу даражада паст эканини кўрсатади. Аслида, дунёнинг етакчи дизайнерлари ўзбекларнинг атласини олиб, ўз номи билан либослар тақдим этаётганини, бизнинг оддий эски кавушларимизга сал ўзгартириш киритиб, моданинг энг юқори чўққисида эканини кўз-кўзлаётганини ҳамма ҳам билмаса керак. Энг сифатли ипак толалари, пахта толаси ўзимизда етиштирилса-да, ҳалиям сифатли кийим маҳсулотларини бошқа давлатлардан олиб келяпмиз. Тан олиш керак, бугунги кунда Қирғизистон маҳсулотлари дизайни чет эл дизайнидан қолишмайди ва бизнинг ўзбек бозорларида етакчи ўринларни эгаллаб турибди. Наҳотки, ўзбек дўппилари, рўмоллари, маҳсилари, камзуллари, кўйлаклари орқали дунёни, ҳеч бўлмаса, ўзимизнинг бозорларни забт эта олмасак?

Ўзбек дизайнерлари сифатли ва бежирим кийимларни таклиф этмас эканлар, фарзандларимиз “йиртиқ” кийимларга ошно бўлаверишади. Одамлар онгли равишда буни ўзлари инкор этмас экан, барча саъй-ҳаракатларимиз бесамар кетаверади. Ишларимиз самарали бўлиши учун эса биринчи навбатда, ўзбек модаси ривожланиши ва тараққий этиши керак. Шундай бўлиши зарурки, халқимиз очиқ ва йиртиқ кийимдан кўра, ўзимизнинг ўзбекона замонавий кийимларни кийишга ошиқиши керак. Ўзбек модаси илгарилаб бошқа мамлакатларга ҳам ўзини кўрсата олмас экан, бошқа мамлакатлар ўз “ғайриоддий” модаси билан бизни ишғол этишда давом этади. Хусусий бўлса-да, миллий телеканалларимиз замонавий “очиқ” кийимларни тарғиб этмасдан ўзбекона либосларга кўпроқ урғу берса, “Ўзбек модаси кунлари”ни ташкил этса, реклама ва кўрсатувларда кийимларга алоҳида урғу берилса, ёшларимизни оз бўлса-да бу маданиятсизликдан асраб қоламиз.

Ҳулкар АБДУЛЛАЕВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

бош мутахассиси.