Умр – оқар сув, дейдилар. Бу ҳаётда тўлқинлари мавжланиб, шамолни ҳам ўз измига соладиган, аммо бефойда оқувчи дарё бўлгандан кўра, ташна инсонни ҳаётга қайтарадиган жилға бўлган афзалроқдир. Негаки, бефойда оққан дарёлар фойдали нарсани адо қиладилар. Мақоламиз қаҳрамони ҳам мана шундай “дарё” эканлигига иқрор бўлиб, суднинг қора курсисидан жой эгаллади.
Халқимиз азалдан раҳ-барга ўзгача бир нигоҳ билан қараб келган. Унинг сиймосида билимли, ташаббускор ҳамда адолатли шахс тимсолини кўришни истайди. Раҳбар шундай фазилатларга эга бўлса, хўп-хўп, агарда бунинг акси бўлса-чи?!… Афсуски, айтганимиздай, бу номга доғ туширадиган, виждоннинг ўрнини жиғилдонга бўшатиб берган, таъмагирлик ботқо-ғини манзил айлаган раҳбарлар жамиятимизда учраб туради.
“Оҳангаронгаз” филиалида раҳбар лавозимида ишлаган Мурод Аширов (мақолада шу ва бошқа исм-фамилиялар ўзгартирилган) мана шундай нопок кимсалардан бўлиб чиқди. Дониш-манд халқимизда: “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади”, деган ҳикмат бор. Муқаддам судланиб, амнистия актига биноан муддатидан олдин озод қилинган бу шахсни қайта жиноят содир этишга нима мажбур этди экан?! Фарзандларининг келажагини ўйламаган, оиласининг иссиқ тафтидан мосуво бўлган, айни дамда панжара ортидан боқиб ўтирган “зиёли раҳбар”ни кўз олдингизга бир келтириб кўринг…
Ўз нафсининг қулига айланган М. Аширов ўзи раҳбарлик қилаётган корхона ҳайдовчилигига ишга қабул қилиш эвазига фуқаро Зоҳид Олимовдан 450 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида сўраган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот идораларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида унинг жиноий қилмиши фош бўлиб, жиноят устида қўлга олинди. Одил суд ҳукмига кўра, М. Аширов Ўзбекистон ЖКнинг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда, 1 (бир) йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
ўриб турганингиздек, ўз нафсига банди бўлган “қаҳрамонимиз” элу юртига ҳалол хизмат қилишдек олий мартабадан кўра, раҳбарлик курсисини қа-моқхонага алмаштиришни афзал кўрди. “Қилмиш – қидирмиш”, деганлари шу бўлса керак-да…

Дилёр ДАВЛАТОВ