Халқимиз инсоний муносабатлар – анъана, қадриятларни ҳар жиҳатдан ўрнига қўя оладиган халқлар сирасига киради. Жумладан, қадимдан бошлаб, то соҳибқирон Амир Темур замонларигача, ундан кейинги даврларда ҳам инсоният тамаддуни ва маънавиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшишга муяссар бўлган устоз уламолар, яхши ном қолдирганлар руҳига эҳтиром тарзида уларнинг хоки поклари обод этилган. Туркистонда бунёд этилган Аҳмад Яссавий, Шоҳимардону Шеробод, Арслонбобу Зангиота, Самарқанду Бухоро, Марғилону Нурота, Хиваю Термизда буюк аждодларимиз табаррук хотирасига қад ростлаган мақбаралар, уларга бўлган ҳурмату эъзоз инсонийлик намунаси сифатида бугунги кунда барчани ром этиб келмоқда.

Шукрки, бир пайтлардаги улар эътиборсиз қолдирилиб, хароб этилган, фақат мен деган, элу юртни тарихсиз қолдиришга мунтазам уринишлар асри барҳам топди. Истиқлолнинг ўтган йиллари ичида нафақат юртимиздаги, балки Афғонистону Ҳиндистондаги Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари шоир боболаримизнинг турбати обод этилиб, фуқароларимизнинг улар руҳи покларига суяниш, фахр билан баҳра олишларининг имкони вужудга келди. Булар барчаси, аввало юксак маънавият белгиси бўлиб, муттасил эътибор талаб этиши аён. Шундай экан, бугунги кунда, хусусан қабристонларга давр талаблари асосида муносабатда бўлиниши, фаолият олиб боришда туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан қандай ишлар олиб борилмоқда?

– Тумандаги қабристонлар сони 74 тани ташкил этиб, уларнинг бештаси христианларникидир, – дейди бошқарма бошлиғи Раҳимжон Жумақулов. – Бу борада 155 нафар ходимларимиз фаолият кўрсатиб, шундан 114 нафари айни пайтда қабристонлар ободончилиги билан шуғулланмоқда. Ўтган йилда уларнинг бевосита саъй-ҳаракати ҳамда ҳомийлар ҳисобига “Чинор”, “Қурама”, “Тўрткўл бобо”, “Пастки Ёнариқ”, “Қорахитой”, “Сарижайлоқ”, “Бўстон”, “Ўзар”, “Оқтепа” қабристонларида таъмирлаш, иншоот қуриш ишлари олиб борилди. Бунга маҳаллий бюджетдан 33 млн. сўм маблағ ажратилиб, шундан 29 млн. сўм миқдоридаги маблағ топотасвир олиш ва кадастр ҳужжатларига сарфланган. Шаҳримизнинг саноат ҳудудида жойлашган қабристон биносини жорий таъмирлашга 4 млн. сўм бюджет маблағи сарфланди. Ходимларимиз фаолияти қабристонлар зиёратчилар учун очиқ бўлишини ва бу масканда ҳужжат юритиш тартибини таъминлаш, тўсиқсиз юриш имкониятини яратиш, тозаликни сақлаш, турли гул ва манзарали кўчатлар экиш, мавжуд дарахтларни оқлаш ва шакл бериш, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, эҳсон маблағлари назоратини олиб бориш ва бошқаларга қаратилган. Шу кунларда бу борада республика Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 декабрдаги баёни ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда бажариладиган ишларни белгилаб олмоқдамиз.

Сўнгсўз ўрнида: “Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак” деганларидек, эрта-индин кунлар илиб, халқимиз ариғу зовурларни тозалаб, хонадонларда саранжому саришталик, кўкаламзорлаштиришга, кўкламни муносиб қаршилашга қаттиқ киришилади. Шулар қатори қабристонлар ҳолати ҳам яна бир бор назардан ўтказилади. Зеро, шу ҳам маданияту маънавият даражасини такрор кўз-кўзлайди. Аждодини улуғлаган, уларга эҳтиром кўрсатган авлод бўла оламизми?.. Буни ўйлаб кўринг…

Воҳид БОЙМУРОДОВ,
Оҳангарон ҳаёти” мухбири.