Камшик” сўзи чети, лаби учган, синган, натижада ўша жойи ўйиқ бўлиб қолган идиш ва бошқа буюмларга нисбатан ишлатилади. Халқимизда жағ олди тишлари тушган одамларни ҳам камшик дейишади.

Довон – тоғ ёки тепаликнинг ошиб ўтса бўладиган қулай жойи; ошув (ўзбек тилининг изоҳли луғати). Қурама тоғининг Чотқол тизмасига туташ жойидаги Куйинди ва Гумқўл сойлари оралиғидаги сойдан Резак сойининг бошига ўтадиган ошув йўли шу тоғнинг ўйиқ жойига тўғри келади. Фарғона водийси билан боғлайдиган бу довонни халқимиз шунинг учун ҳам “Камшик” довони деб аташган. Ундан бошланган сой Камшик сойи дейилган. Бу довоннинг “Қамчиқ” ёки “Камчик” деб аталиши ўзбек тили луғатида учрамайди. “Қамчиқ” деган атама бу довонда автомобиль магистрали туннели қурилгач пайдо бўлди. Илгари “Камшик” довони йўл кўрсаткич белгиларида “Камчик” деб ёзилган. Замон ривожланди. Тараққиёт ўзгарди. Шундай бўлсада, ота-боболаримиздан қолган, миллий меросимиз бўлган жойларнинг атамаси абадий ва ўзгаришсиз қолиши керак, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам бу довон маҳаллий халқ тилида “Камшик” деб аталган ҳолда қолаверади.

Усмонали МИРЗАЛИЕВ