Юрт ободлигини кўрмоқчи бўлсанг, бозорга бор, дейди халқимиз. Дарҳақиқат, бозор эл-юрт фаровонлиги кўзгусидир. У қанчалик тўкин-сочин ва серфайз бўлса, аҳоли турмуш даражаси шунча яхшилигидан далолат беради. Истиқлол йилларида бозорларимиз қиёфаси, кўрку таровати тубдан ўзгариб, уларнинг фаолиятини яхшилаш, аҳолига етарли шарт-шароит яратиб, бозорларни сифатли истеъмол маҳсулотлари билан тўлдириш борасида қатор фармон ва қонунлар қабул қилинди. Ҳақиқатан ҳам бугун бозорларнинг янгича қиёфаси, у ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўриб, бозор нафақат аҳоли савдо-сотиқ қиладиган, балки тозалиги, кўркамлигидан баҳра оладиган маскан эканлигига яна бир бор амин бўласиз. Расталардаги сархил мева ва полиз экинларини кўриб, беихтиёр заҳматкаш бободеҳқонга тасаннолар айтасиз. Бири замонавий электрон, бири эса паллали тарозидан фойдаланиб, хушмуомалалик билан маҳсулот тортиб бераётган ёки қўполлик билан харидорнинг дилини ранжитаётган сотувчиларни кўриб, бозорларда муомала маданияти нечоғли муҳим эканлигига гувоҳ бўласиз. Жумладан, бозорларда ҳалиям учраб турадиган баъзи ҳолатлар кишининг дилини хира қилади. Замон шиддат билан ўзгараётган бир пайтда ҳалигача паллали тарозилар, тарози тоши ўрнига ғишт ёки тошлардан фойдаланаётган сотувчиларга дуч келамиз.

Яқинда бир танишимни кўриб қолдим. Хуноб  бўлиб келаётган экан. Сабабини сўрасам, дардини айтиб қолди:

– Шаҳримиздаги деҳқон бозорига тушган эдим. Чақиравериб, ҳол-жонимга қўймаган таниш сотувчидан 5кг. картошка харид қилдим. Паллали тарозида тортган маҳсулотини елим пакетга солиб, қўлимга тутқазган танишимга раҳмат айтиб, растадан узоқлашдим. Бироқ, ички сезги негадир қўлимдаги картошка 5 кг. эмаслигини таъкидларди. Мева  бозоридаги бир сотувчидан картошкани тортиб кўришини илтимос қилдим. Қарангки, янг-лишмаган эканман. 5 кг. деб олган маҳсулотим 3 кг. 800 грамм чиқса бўладими?! Қайтиб, олиб бориб берай десам,  сотувчидан андиша қилдим, лекин унинг  таниш бўлатуриб, шундай иш қилганлигидан дилим ранжиди..

Тарози – сотувчи билан харидор ўртасидаги мувозанатни таъминловчи восита. Ота-боболаримиз: “Тарози рози – худо рози” деб, тарозини ҳалоллик рамзи сифатида қадрлашган. Гарчи бугунги даврга унчалик тўғри келмаса-да, улар тарозидан ўз манфаати эмас, балки ўлчов воситаси сифатида фойдаланишган, бировнинг ҳақидан қўрқишган. Муқаддас ҳадисларимизда ҳам: “Бировнинг ҳақига хиёнат қилиш энг катта гуноҳ ҳисобланади”, дейилган. Қолаверса, бировнинг ҳақи ҳеч қачон буюрмаслигини барчамиз яхши биламиз. Бу маҳсулотни аслида ўзи етиштирмаган, лекин ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир бўлаётганлиги майлику-я, устига етарли нарх қўяётган бўлса-да, йўлини қилиб, тарозидан ҳам ураётган бундай олғир сотувчилар тез-тез учрайди. Бундайлар харидорнинг ҳақига хиёнат қилиб: “Фарзандларимга ҳалол луқма едираяпман” деб ўйласалар керак-да. Баъзи сотувчиларга  вақтида хатосини кўрсатсангиз, раҳмат ўрнига, қўполлик билан:” Унда бошқа жойдан харид қилинг” деган жавобни оласиз.

Бир нарсани тан олишимиз керакки, аслида тарозидан уришга бевосита сотувчини айбдор қилаётган бўлсак-да, аммо бу ерда ушбу ҳолатга бефарқ бўлаётган, ҳақимизни  сотувчига едирсак-да, “Эй, бу бозор-да” деб андиша қилаётган сизу бизнинг айбимиз ҳам бор. Нима бўлганда ҳам ҳар кимнинг инсофини ўзига берсин…

Дилшода АННАЕВА.

 

2016 йил 29 июль, 31-сон.