Кейинги вақтда миллий ёзувимиз теварагида баҳслар қайта жонланди. Бизга қайси графикага асосланган  ёзув маъқул: кириллми ёки лотин? Бу саволга жавобда жамият гўё икки гуруҳга ажралган: бир тараф кириллни ёқласа, бошқа тараф лотинни маъқул кўраётир. Биз миллий ёзув масаласи ғоят муҳим эканини эътироф этган ҳолда, ундан-да долзарб масала назардан четда қолаётганини таъкидлашни истардик. Ўзбек тилини давлат тили рутбасига муносиб ривож топтира оляпмизми? Она забонимиз бу мақомни қўлга киритгунча озмунча курашган эдикми, ахир!

Бу ҳақда ўйлаганимда шундай хаёл кўнглимдан ўтади: орзу-истаклар жараёнга мос келмаса нима қилиш керак? Бизда вазият шундайки, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг ўзидан кўра номи, эълон қилинган санаси, бу ҳужжат қабул қилинишида жонкуярлик кўрсатганлар машҳурроқ. Нега? Негаки, бу Қонун кутилган самара ва натижа бергани йўқ. Воқеан, бунга шароит ҳам бўлмагандир. Буни ҳам инобатга олиш керак, албатта.

Шу муносабат билан учта жиҳатга эътибор қаратмоқчи эдим.

Биринчидан, бу оламда, – баъзиларини истисно қилганда, албатта, – барча халқлар  жаҳон тилларидан бирортаси билан турли омилларга кўра боғланади: собиқ мустамлака, тарихий ватан, санъат, адабиёт, сиёсий элитанинг хайрихоҳлиги каби жиҳатларга кўра, мамлакатларда икки тиллилик ҳукм суради. Бу, қандайдир маънода, табиий жараён ҳамдир. Шундай қилиб, бизнинг пешонамизга, фалакнинг гардиши билан, рус тили жаҳонга воситачи бўлиши ёзилган экан. Ҳозирга қадар мамлакатимизда рус тилини билмаслик кўпдан-кўп ноқулайлик келтириб чиқаради, зиёлиларнинг элит қатламига бу тилни билмай туриб, яқинлашиб бўлмайди. Кино, фалсафа, ҳатто, тилшунослик соҳаларини рус тилисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бизга ёқадими-йўқми, вазият шундай. Чунки, аччиқ ҳақиқат шуки, тилимиз ҳали илмий тил даражасига кўтарилмади – бу жараён давом этмоқда. Эҳтимол, бу бизнинг авлод чекига тушаётган муқаддас вазифадир.

Мана, бир мисол. Олмон файласуфи Гегелнинг машҳур “Эстетика” асарини марҳум олим – фалсафа фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллаев вафотидан бир муддат аввал таржима қилган эди. Шу таржима 2012 йили тасодифан қўлимга тушиб қолди. Билишимча, бомла устозларидан бирига тайёр таржимани таҳрир ва таҳлил учун берган-у, иш ҳолатда қолиб кетган. Хуллас, шу асарни “Шарқ юлдузи”га бердим. Журналнинг ўша вақтдаги муҳарририга раҳмат. Таклифимизга дарров рози бўлиб, асарни чоп этди. Қарангки, шу таржима қўлёзмасининг айрим боблари йўқолган экан. Журналда асар тўла чоп этилсин, деган умидда ўша парчани таржима қилишга киришдим. Ана шундагина раҳматли Маҳмуд Абдуллаев нақадар катта ҳажмдаги ишни бажарганини тўла-тўкис англадим. Боиси, Гегелнинг сермаъно, полифоник ифода услубини борича, юқори илмий ҳамда бадиий савияни сақлаган ҳолда ўзбекчада бера олиш – бу энди, ғоятда мураккаб иш экан. Боз устига, рус, олмон, аллақачон қурама тус олиб бўлган ўзбек илмий фалсафаси тили ва услуби аро сарсонлик… Тан олиб айтганда, бу иш ўшанда қўлимдан келмади-келмади. Демоқчиманки, тил ҳақидаги қонун ижросининг давлатга боғлиқ бўлмаган, зиёлилар, биринчи навбатда, илм аҳлининг савия-даражасига алоқадор жиҳатлари кўп. Олимлар форсий, арабий, русий истилоҳ ва калималар аро қадим ўзбекий жарангни, ифода услубини топиши, зарур бўлганда, истилоҳларнинг ўзбекча муқобилини қўллай бошлаши керак. Қаердадир ўқигандим, атоқли олим Қори Ниёзий “Ҳосила” сўзини математик истилоҳ тарзида илк марта қўллаган эканлар. Ёки, “Икра” сўзининг ўзбекчаси – “Увилдириқ” ҳам шу тарзда сўз бойлигимизни тўлдирганини эслаш кифоя. Хуллас, тилни халқнинг ўзи, қолаверса, ижодкорлар бойитиб борса, олимлар назарий имкониятини чўққига олиб чиқадилар, моҳирлик билан чет сўзларнинг муқобилини истеъмолга киритадилар. Мана шу масалада ишлар бугун ноль даражада, дейиш мумкин.

Хуллас, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ҳали у илмий тил, санъат ва техника воситаси бўлди дегани эмас экан. Қонун ижросининг суст кетишида миллатнинг ялпи маънавий-маданий ҳамда илмий-назарий салоҳияти кейинги йилларда авж олган “оммавий маданият”, бозорпарастлик иллатлари таъсирида бир қадар турғунлашгани ҳал қилувчи омил бўлди.

Иккинчидан, мазкур қонун ижроси устидан аниқ бир масъулиятли идоранинг йўқлиги ҳам катта муаммодир.

Эътиборингизда бўлғайким, тилнинг бузилиши, демакки, қонунбузарлик деганда сўзларнинг хато ва ёки сакта жумлалар билан ёзилишигина назарда тутилмайди. Бу – масаланинг юзакироқ жиҳати, холос. Мазкур қонун ижроси устидан назорат қилиш деган бу – “оптом”-бозорчининг ҳиргойисидан тортиб, то яллачининг “солфеджио”си, сўзботирнинг “кароче”си, газетчининг “шапка”си, бухгалтернинг “оклад”и, каттаконларнинг “доклад”и, хуллас, бу аралашқўрғондаги макалатурадан арматурагача, хотинларнинг нейлонидан тиббиётнинг нейронигача “тиши ўтиши” керак, деганидир!

Афсуски, иқтисодни ўнглаш, давлатни оёққа турғазиш, тинчликни сақлаш ишлари долзарб саналган ўтиш даврида тилимиз ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Бу иш билан матбуот, ТВ имкониятлари орқали имкон қадар шуғулланиши лозим бўлган тилчилар эса, нашр майдонларида тутуриқсиз ғоялари, бир тийинга қиммат, Тошкентдан нарида биров танимайдиган, тан олмайдиган илмий мактабларининг обрўси йўлида сўздан қилич ясаб, бир-бирларига аёвсиз сермадилар…

Учинчидан, танқид ва таҳлилларга эътиборнинг йўқлиги ҳам зиёлилар, журналистлар, олимларнинг ҳафсаласини пир қилаётир. Ўз вақтида, Аҳмад Аъзамнинг оғриқ ва изтироб билан ёзилган “Тил номуси” китоби чоп этилди. Биров эътибор бердими? Йўқ. Журналист-филологлар ундаги айрим ўринларни ён дафтарларига кўчириб олганини айтмаса, бошқа бирон тайинли ўзгариш, вазиятни ўнглашга уриниб бўлмади…

 

Яна бир манзара. 2015 йил. Баҳор ойлари. Анъанага кўра, Халқ таълими вазирлиги кейинги ўқув йили олдидан, синов-тажриба тариқасида қўлланилган инглиз тили, умуман, чет тиллар дарсликлари, жараённинг боришига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди. Масаланинг моҳияти бундайки, синов тариқасида таянч мактабларида ўқитилган 4-синф дарслиги нақадар мукаммал, методикада ноқислик йўқми, келаси йили сентябрда оммавий равишда, барча мактабларда ўқитиладиган бу дарсликларнинг синов жараёни нечоғлик самарали бўлди қабилидаги гап-сўзлар муҳокама мавзуси… Мажлис олдидан барча журналистлар ўша таянч мактабларига бордик, дарс жараёни, дарсликлар, мультимедиа воситалари билан танишдик. Хуллас, ажойиб манзара. Ўқитиш тизими нақ Европа, жуда зўр. Бола учун иккита дарслик, ота-она учун алоҳида дарслик (бу қўлланманинг зарурати шундаки, ота-она боласининг ўқишини нафақат назорат қилади, балки ўзига ажратилган китоб орқали кўмаклашади ҳам), ўқитувчи учун алоҳида қўлланма, бундан ташқари, бир қанча мультимедиали иловалар, ўйинлар, кўргазмали қуроллар… Ҳавасингиз келади. Умид қиламизки, умумтаълим мактбаларида болажонларга ўзбек тилини ўргатишга ҳам шу механизм тўла-тўкис жорий этилади…

Шу ўринда яна бир савол туғилади: “Сиёсий, иқтисодий, психологик  ва ҳоказо омилларни соқит қилиб, фақат соф лисоний нуқтаи назардан қараганда, қайси графика ўзбек тилининг товуш табиатига кўпроқ мос – кириллми ёки лотин?”

Очиғи, бу масалада муҳтарам ўқувчиларнинг мулоҳазаларини уйғотиш, мубоҳаса уюштириш мақсадимиз ҳам бор. Зеро, жараёнда иштирок этиш орқали фаол фуқаролик позициямизни ҳам намоён этган бўламиз. Масалан, менга крилл графикаси маъқул. Кўзим ўргангани, эс битганда таниганим – шу. Бу ҳақда ўйлаб кўрганман. Барибир, рус графикаси бўладими, лотинми, бизнинг тилимиз табиатига моппа-мос тушавермас экан. Не тақдирки, биз икки чет ёзувдан бирини танлашга мажбур ва маҳкуммиз. Шоир айтмоқчи, “Қачон тиз чўкувдик, ҳамон иззамиз”, дегани шу бўлса керак. Икки йўлдан бирини танлашга тўғри келганда, кўпчиликнинг фикри инобатга олинади, деб эшитганим бор. Кўпчилик деганда саноққа эмас, салмоққа қараш керак, албатта.

Иккинчи синфда ўқийдиган ўғлим бор. Унга қоғоз ва қалам бериб, баъзи сўзларни ёздириб кўраман. У ўйлаганидек, талаффузида англаганидек ёзади. Баъзан, тилшуносларни ҳавойи назарияларини четга суриб, шу болаларнинг талаффузи ва иншосини асос қилиб олинса, бари тўғри ва халқонароқ чиқармикин, деб ўйлаб қоламан. Ҳарқолда, қачондир тилшуносларнинг махсус илмий лабороторияси ҳам бўлиши керак-ку. Лекин бу – менинг шахсий фикрим. Уни мутлақо тўғри, демоқчи эмасман. Бу масалада ҳар кимнинг ўз фикри ва шундай бўлиши ҳам керак.

Тили қашшоқнинг – диди қашшоқ. Дид эса хаёлот, тафаккур, билим олтиғ манбалардан озиқ олади. Буларнинг барчасини бирлаштирадиган, намоён этадиган восита тилдир.

Мактабларда қоидаларга асосланган тилшунослик бор. Тўғри, ҳозирги кунда қоидалар нисбатан қамайган. Лекин, ўйлаб кўринг, кейинчалик ўша қоидаларнинг биронтасиям амалиётда керак бўлмайди! Аксинча, кўп китоб ўқиган ва дунёқараши кенг инсоннинг ўзи тилнинг табиатини англаб, равон ва ажабтовур жумлалар туза олади. Ижодкорлик имкониятини халқнинг ўзига қолдириш керак. Бизнинг ҳозирги тилшунослигимизда қоидалар устивор келади. Ўрганувчида тилга нисбатан меҳр эмас, қоидалар-у “… деб нимага айтилади”ларга қарши кайфият пайдо бўлади. Ҳолбуки, Мавлоно Муқимий “Ўзим ҳар жойдаман, кўнглим сандадур” деганда, айтайлик, равиш эргаш гапли қўшма гап ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаган…

Ўйлашимча, тил – қоидалар жамулжами эмас, аввало, ўзига хос иқлим, табиат. Уни англаш керак, севиш керак. Тил табиатини англаган борки, уни гўзал истифода эта олади. Қоидаларни эса олий таълимга, мутахассислик соатларига қолдириш керак. Қатъий фикрим шуки, мактаблардаги дарсларда тилнинг назарий жиҳатларига кўпам эътибор беравермасдан, унинг жозибасини, гўзаллигини, тароватини англаш ва ўрганишга эътибор қаратишимиз керак.

Беҳзод ҚОБУЛОВ,

журналист.