Тарихга назар солсак, кўплаб даҳшатли муҳораба ва катта можароларнинг туб илдизи бир қарич ерга бориб тақалади. Шу масалада кимлар, қайси давлатлар бир-бири билан бир умр юз кўрмас бўлиб кетмаган, дейсиз! Яширишнинг ҳожати йўқ, ниҳояти, “Сўнгги сафар” олдидан шу бағри кенг она тупроқ танламай, барчамизни иссиқ қучоғига олади. Бугунги мақоламиз мавзуси хислатларга тўла момо ер ҳақида экан, туманимизда, хусусан, фермер хўжаликларида ер майдонларига қандай муносабатда бўлинмоқда, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда, деган мантиқли саволлар туғилиши табиий. Шу муносабат билан дастлаб туман ДСИ мутахассиси Абдуҳошим Пўлатовнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.

– Туманимизда бугунги кунда аҳоли учун 1 сотих сувли томорқа солиғи 5762 сўмни, сувсиз ер солиғи 60 сўмни ташкил этади. Юридик шахслар учун 1 гектар ер майдонининг солиғи шаҳар жойларида сувли ер учун 10 миллион 833 минг 248 сўм, суғориладиган аҳоли пунктларида 6 миллион 864 минг 528 сўм, суғориладиган аҳоли пунктларидан ташқари ҳудудда 6 миллион 286 минг 464 сўм, 1 гектар лалми яйлов жойлар 12 минг 346 минг 853 сўм, суғориладиган 1 гектар кон ва карьерлар билан банд бўлган ерлар учун 2 миллион 175 минг 95 сўм, худди шу ҳолат 1 гектар лалми учун 108 минг 321 сўмдан иборат.

Туман ер тузиш ва давлат кадастри бўлимидан олинган маълумотга кўра, ҳозир туманимиздаги жами захира ер майдонлари 31 минг 671 гектарни ташкил этади. Бу “Ангрен”, “Оҳангарон”, ”Сусам”, “Навоий” ҳудудларида кўпроқни ташкил этади. Шунинг 1847 гектари суғориладиган майдонлардан иборат бўлиб, қолгани лалми ерлар, яйловлар, мелиоратив ҳолати ёмон ерлар, тутзорлар, ўрмонзор ва ихота дарахтзорлар, теракзорлар, сув омбори ва ҳавзалар, канал, коллектор ва зовурлар, йўллар, қурилиш ва кўчаларни ташкил этади. Бу ҳудудларнинг ҳар бирига бўлим томонидан ер тузувчилар бириктирилган бўлиб, қўшимча равишда банк филиаллари, туман ИИБ ва ДСИ, “Оҳангарондон” АЖдан масъуллар, ҳудуд раҳбарлари иш олиб боришмоқда. Кейинги даврда ушбу мутасаддилар билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида баъзи фермер хўжаликларида давлат мулки бўлган ерлардан ўзбошимчалик билан ноқонуний фойдаланилаётганлик ҳолатлари аниқланди. Ўзбошимчалик билан қўй қўраси ва чўпон уйлари, дала шийпони, иссиқхона, уй,  қуриб олинган, боғ барпо этилган, режасиз кунгабоқар, дон экилган, бошоқли дон ўрнига беда экилган, қарорсиз боғ экилган ва бошқа  104дан ортиқ ҳолат аниқланиб, бўлим масъуллари томонидан уларни қонунийлаштириш бўйича зарур тавсиялар берилиб, ҳозирда ҳужжатлаштириш жараёни олиб борилмоқда. Бундай таассуфли ҳолатларга кўпроқ “Янги ҳаёт” ҳудудидаги “Замин фаровон нур”, “Ширин олмалар”, “Оҳанг Турдалиев Аҳрор”, “Оҳанг Шуҳрат Актам”, “Оҳанг Қодиров Санжар”, “Оҳанг Муҳриддин Хўжамқул”, “Оҳанг Исматулло Эгамқулович”, “Музаффар агро груп”, “Навоий” ҳудудидаги “Абдулҳақ само лочини”, “Нефтгаз кафолат таъмир”, “Оҳангарон агро инвест”  кабиларда йўл қўйилган. Ваҳоланки, ҳар тарафлама салоҳиятли фуқароларгина масъулиятни зиммасига олиб, тегишли фаолият олиб боради. На қонунларимиз, на Конс-титуциямизда фуқароларимиз давлат ерларидан ноқонуний фойдаланиб, солиқларни ҳам тўламасин, деган жойи бўлмагач, юқоридагиларнинг нияти бўлса, ердан расмийлаштириб, сўнг баҳраманд бўлишга, наҳотки, маълумоти етишмаса?! Демак, бу борада ҳам тушунтириш, тарғибот тадбирларини янада чуқурроқ олиб бориш талаб этилади.

Йил бошидан ҳисобласак, бизнинг мамлакатимиздагичалик қишлоқ хўжалигига бу қадар катта эътибор қаратилаётган мамлакат дунёда саноқли эканлиги аён бўлади. Бу борадаги истиқболли ислоҳотлар сабот билан давом эттирилиб, Президентимиз томонидан ҳам кўплаб ҳаётбахш фармону қарорлар қабул қилинмоқда. Рўйи-рости ҳам шуки, муаммолар тобора илдиз отаётган бугунги тиғиз даврда бор эътиборни ерга, ундан унадиган маҳсулотлар, озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига қаратмай, асло иложи йўқ. Негаки, ўзимизда етиштирилаётган сархил мевалар қадр-қийматини хорижда иложсизликдан ёки имконият бўлмаганидан ишлаб чиқарилаётган компьютер, уяли алоқа воситаси, нефть ва бошқалар билан сира тенглаштириб бўлмайди.

Хулласи калом, бизда бори кўпда йўқ. Буни амалга ошириш учун мамлакатимизда фермер, деҳқон ва томорқа хўжалик эгалари учун барча зарур шароиту имкониятлар яратилган. Ва бу йўналишда тегишли тартиб ва қоидалар мавжудлигини унутмаслик ҳам талаб этилади. Зеро, барчамизнинг туб мақсадимиз юртимизни жаҳоннинг энг тараққий этган мамлакатларидан бирига айлантириш ҳисобланади.

Воҳид БОЙМУРОДОВ.