Тўмарис каби шижоатда тенгсиз момоларимизнинг табаррук йўлларини босиб, “Ўзбек қизи” деган номни жаҳон аҳлининг юрагига жо этаётган Барчинойларнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Шундай ёшларимиздан бири Гулшода Жумабоева ҳозирги кунда 2 карра жаҳон чемпиони, 5 карра халқаро мусобақалар ғолиби, 10 карра Ўзбекистон чемпиони. Туманимизнинг ифтихори, ёшларнинг йўлчи юлдузи Гулшода яқинда Италиянинг Монтекатини шаҳрида спортнинг каратэ тури бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида  “Кумито Кого” йўналишида олтин медални қўлга киритди. Македония ва италиялик рақибларини енгиб, финалга чиққан Гулшода словениялик тенгдошини ҳам мағлуб этган ҳолда, нуфузли мусобақа ғолибига айланди.

–  Менга оқ йўл тилаган ота-онамнинг, мендан умиди катта эканлигини бот-бот такрорлаб қолган ватандошларимнинг сиймоси мусобақа якунига қадар кўз ўнгимдан кетмади. Мени ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган устозларим, Италияга боришим учун маънавий ва моддий жиҳатдан ёрдам берган туман ҳокимлигига ўз миннатдорлигимни билдираман, – дейди у биз билан суҳбатда. – Ҳозирда 2018 йилнинг февраль ойида Лондонда бўлиб ўтадиган Жаҳон кубогига қизғин тайёргарлик кўряпман.

Орамизда Гулшода каби аниқ мақсадга эга, тиришқоқ ёшлар бор экан, юртимиз байроғи ос-мон қадар юксалаверади!