Дарсликларга кирмаган Усмон Азим…

Маҳмуд Тоирнинг ўзига номаълум асари…

Бобурнинг тузуклари борми?

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган куни арафасида адабиёт муаллимлари билан суҳбат уюштирдик. Очиғи, қизиқарли суҳбат тарзида бошланган мулоқотимиз бориб-бориб баҳсга, тортишувга айланиб кетди… Улар учун мўлжалланган қизиқарли ва бироз ақлни пешлашга мажбур қиладиган саволларга муаллималар ҳам гоҳи қувнаб, гоҳида эса тиришибгина жавоб бердилар.

Гапни чўзмасдан муддаога ўтамиз-да, қуйида суҳбат тафсилотлари ҳамда фотолавҳаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз…

1-раунд.

 

АДАБИЁТ БУ…

Дилфуза Муҳаммедова: Инсон руҳининг муҳандиси.

Вазира Усмонова: Эзгуликка чорловчи тарбия воситаси.

Наргиза Пирназарова: Вазира опамнинг фикрларига қўшиламан…

 

2-раунд.

ОХИРГИ ЎҚИГАН КИТОБИНГИЗ…

Дилфуза Муҳаммедова: “Алпомиш” асарини болалар билан ўқиб чиқдик.

Мухбир гапга аралашади: “Бу асарни ўқувчилар билан ўқишга анча вақт кетади. Алдаманг, ўртоқ муаллима…” Анча тортишувдан кейин муаллима асарнинг дарсликларга киритилган қисқача насрий баёнини ўқиганини айтди. Хулоса ўзингиздан….

Вазира Усмонова: Қайси бирини айтсам экан… “Бобурнинг тузуклари”.

Изоҳ: Адабиёт муаллимаси янглишаяпти. Ҳазрат Бобур Мирзонинг бундай асари йўқ…

Наргиза Пирназарова:  Маҳмуд Тоирнинг “Қил устидаги тақдир” асарини ўқидим.

Мухбир Наргиза билан баҳсга киришади. Маҳмуд Тоирнинг бундай асари йўқлигини айтади. Аммо ўқитувчи сўзида туриб олгач, мухбир шу жойнинг ўзида Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир билан телефон орқали боғланади.

ШОИР БИЛАН СУҲБАТ

 –      Ассалому алайкум, устоз! Узр, Сизни “Оҳангарон ҳаёти” газетасидан безовта қилаяпман. Бир мавзуда баҳс юзага келди. Ижозат берсангиз, вазиятни тушунтирсак…

–      Бемалол, ука. Айтинг. Биласизми, ҳозир биз бир гуруҳ вилоят ижодкорлари билан пахта теримида эдик. Далада гурунглашиб пахта тераяпмиз…

–      Ҳорманглар, унда азиз устозлар!

– Маҳмуд ака, мақсадга ўтақолай. Тил байрами муносабати билан ўқитувчилардан қизиқарли блиц-интервью олаётган эдим. Аммо бир масалада баҳс туғилди. Бир муаллима Сизнинг “Қил устида турган тақдир” асарингизни ўқиганини айтаяпти. Билишимча, сизнинг бундай асарингиз йўқ… Ёки яқин орада шу номдаги китобингиз чоп этилдими?

–      Беҳзод болам, ўша ўқитувчига, аввало раҳмат айтиб қўйингки, қандай бўлса ҳам қўлига китоб олиб, мутолаа қилаётгани учун. Лекин менинг бу номдаги китобим йўқ…

Мухбир изоҳи: Устоз шоир билан суҳбатимиздан сўнг, Наргиза “Муаллифида янг-лишибман, аммо шу асарни ўқидим”, деди. Кейин оилавий вазиятни айтиб, аёл киши учун китоб ўқишга вақт қолмаслигини, рўзғор ташвишлари вақтини олиб қўйишини таъкидлади. Бошқалар ҳам унинг гапини маъқуллашди. Интернет тармоғидан қидирувга берилганда, Наргиза Пирназарова тилга олган асарнинг муаллифи Азамат Қоржовов экани маълум бўлди.

3-раунд.

ЭНГ ЁМОН КЎРГАН 3 ТА СЎЗИНГИЗ…

Дилфуза Муҳаммедова: “Виждонсиз”, “Бетгачопар”, “Эзма”.

Вазира Усмонова: “Бетгачопар”, “Эзма”, “Ялқов”.

Наргиза Пирназарова: “Жанжал”, “Хиёнат”, “Ёлғон”.

4-раунд.

БОЙ, ГЎЗАЛ ВА ШИРАЛИ ТИЛИМИЗ ИМКОНИЯТЛАРИДАН НЕЧА ФОИЗ ФОЙДАЛАНАЯПМАН ДЕБ ЎЙЛАЙСИЗ?

Дилфуза Муҳаммедова: 60 фоиз

Вазира Усмонова: 58 фоиз

Наргиза Пирназарова: 60-65 фоиз бўлса керак…

5-раунд.

СЎЗ БОЙЛИГИНГИЗНИ

СИНАБ КЎРАМИЗ…

 Дилфуза Муҳаммедовага: Ўзбек тилида туянинг боласи қандай аталади?

Жавоб: “Бўталоқ”.

Вазира Усмоновага: Ки-йикнинг боласи-чи?

Жавоб: “Эшитмаганман, билмадим…”

Наргиза Пирназаровага: Қулун бу…

Жавоб: “Менимча, отнинг боласи…”

6-раунд.

ЎЗИНГИЗГА ЭНГ ЁҚҚАН

3 ТА СЎЗНИ АЙТИНГ?

 Дилфуза Муҳаммедова: “Муҳаббат”, “Гўзаллик”, “Бахт”.

Вазира Усмонова: “Асалим”, “Баракалла”, “Шукр”.

Наргиза Пирназарова: “Салом”, “Ризқ”, “Гўзаллик”.

7-раунд.

ШЕЪРХОНЛИК

Дилфуза Муҳаммедовага: Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг қайси шеърини ёд биласиз?

Жавоб: “Йигитлар мактубин битганда қондан, Келинлар фироқдан чекканда ёху…”

Изоҳ: Ўқитувчи шеърнинг давомини эслаёлмай, тўхтаб қолади. Мухбир унга эслатади. Кейин ўқитувчи яна озроқ айтгач, тўхтаб қолади ва шеърнинг номи “Аёл” эканини эслаб, бир вақтлар ёдлаганини, кейинги вақтда негадир ёдидан кўтарилганини билдиради…

Вазира Усмоновага: Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ҳақида нималарни биласиз?

Жавоб: “Эсимда йўқ…”

Изоҳ: Мухбир ўқитувчига Усмон Азимдек ўзбек адабиётининг забардаст шоирини адабиёт муаллимаси билмаслиги ғалати ҳолат эканини айтади. Сўнгра, бу шоир дарсликларда йўқ, деган гап ўртага чиқади. Ҳамкасабалари ҳам шу гапни маъқуллашади. Мухбир шу жойнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ҳамда Республика таълим маркази билан боғланади. Улардан мактаблардаги дарсликларда халқ шоири Усмон Азим номи бор-йўқлиги ҳақида маълумот сўрайди.

Наргиза Пирназаровага: “Бегим, сизни табиат расо қилиб яратган…”, “Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл” сатрлари билан бошланувчи машҳур шеърлар муаллифини айтинг?..

Жавоб: Муҳаммад Юсуф.

Изоҳ: Мазкур сатрлар муаллифи халқимизнинг ардоқли шоираси, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевадир…

ШОИР ВА МАТБУОТ КОТИБИНИНГ ИЗОҲИ

Вазиятга яна бир изоҳ: Мухбир шундан сўнг, шоир билан телефон орқали боғланиб, вазиятни тушунтиради ва унинг фикрини сўрайди.

Усмон АЗИМ,

 Ўзбекистон халқ шоири:

–      Энди, биласизми, бу масалага қизиқиб кўрмаган эканман… Лекин узоқ йили мактаблар учун чиқарилган дарсликни кўрсатишган эди. Ўша дарсликка асарларим киритилибди. Айни пайтда вазият нега бундайлигини билмайман… Ўқитувчиларга келсак, уларниям тўғри тушуниш керак. Қолаверса, ҳар кимнинг ўз ёқтирган шоири бўлади. Ахир, ҳамма Усмон Азимни ўқисин, деган қоида йўқ-ку…

Баҳриддин ШАЙВАЛИЕВ,

Халқ таълими вазирлигининг матбуот котиби:

–      Дарсликлар тузиш ва муаллифларни киритиш-киритмаслик бўйича алоҳида ишчи гуруҳ бор. Усмон Азимдек шоирнинг дарсликларга киритилмагани мен учун ҳам ғалати ҳол… Лекин, барибир бу вазиятда тил ва адабиёт ўқитувчиларининг баҳонасини оқламайман. Гап кимнингдир дарсликларга кирган-кирмаганида эмас, адабиётга меҳрда, деган бўлардим. Жаҳон адабиётининг не-не буюк вакиллари дарсликларга киритилмаган. Лекин бу – уларни ўқимасликка баҳона бўлолмайди-ку! Ҳажм ва бошқа сабабларга кўра, қайсидир шоир дарсликка киритилмаган бўлса, ўқитувчи буни баҳона қилмасин…

ХУЛОСА

Ана шунақа гаплар, муҳтарам газетхон… Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана арафасида биз муҳтарама муаллималар орқали, аввало ўзимизга кўзгу тутдик. Касбимиз тақозоси билан кўпдан-кўп хат-ҳужжатлар, маълумотларни кўришга, улардан фойдаланишга тўғри келади. Ажабки, ўша ҳужжатлар сирасига камдан камигина тил меъёрларига амал қилган ҳолда тайёрланган бўлади. Демак, она тилимизга эътибор, муҳаббат, ҳурмат ҳиссини янада кучайтиришимиз керак. Юқоридаги суҳбатда эса масалага юмшоқроқ ёндашиб, имкон қадар аёвли бир тарзда сизларга тақдим этдим. Лекин бу – жонажон ўзбек тили ҳамда унинг гўзал ижодкорларига нисбатан эътиборсизликни, бехабарликни оқлай олмайди…

Ўйлаймизки, мазкур муаммо туманимиз зиёлиларини бефарқ қолдирмайди. Марҳамат, шу мавзудаги фикрларингиз билан ўртоқлашинг. Биз Сизга минбар беришга тайёрмиз…

Лойиҳа муаллифи: Беҳзод ҚОБУЛОВ.