Ҳаётимиз шиддат билан ўтмоқда. Кунда янги ўзгаришлар, янгиликлар содир бўлмоқда. Уларни халққа етказишда “Оҳангарон ҳаёти” газетаси ижодкорларининг саъй-ҳаракатларини кўриб, газетамиз – Оҳангароннинг ҳақиқий кўзгуси эканлигига ишонч ҳосил қиламан. Шу бугунги кунда таҳририят ходимлари – бош муҳаррирдан тортиб, ҳуқуқшунос, ҳайдовчисигача элнинг орасида юрганлиги, ҳаётнинг ёрқин аксини газета орқали ёритишга эриша олишаётганлигини кўриб, дилдан қувонаман.

Шуларни кузатар эканмиз, ҳар бир ишнинг боши, аввали бўлишини унутмаслигимиз, ўтмишсиз келажак бўлмаслигини эсдан чиқармаслигимиз кераклиги ҳақида ўйлаб қоламан.

Ўзи туманимизда газета қачондан чиқа бошлаган? Кимлар муҳаррирлик қилган? Кимлар ишлаган? Жамоатчи мухбирлар кимлар эди? Бу саволларга жавобни аксарият кишиларимиз билишмайди. Синчков ва қизиқувчан газетхонларга маълумот беришни лозим деб топиб, шахсий архивимдаги ҳужжатларни титкилайман.

Албатта, олийгоҳни битирганимга ўттиз йилдан ошди. Ўша йиллари мени юқоридаги саволлар қизиқтириб, Алишер Навоий номли Ўзбекистон давлат кутубхонаси ва Ўзбекистон Давлат китоб савдоси палатасида сақланаётган, бугун биз севиб ўқиётган “Оҳангарон ҳаёти” газетаcининг дастлабки ўн йилликда чоп этилган сарғайган саҳифаларини варақлаб, тадқиқот ишлари олиб борганимдан хурсанд бўламан. Аслида, газетанинг биринчи сони 1987 йил июль ойигача  1932 йил 11 апрелдан бошлаб чиқа бошлаган, деб қайд этиларди. Хўш, газетамизнинг биринчи сони қачон чиққан?

Газетанинг биринчи сони 1932 йил 14 январь куни “Қурама ҳақиқати” номи билан чиққан. 1938 йил 28 февралдан “Оҳангарон ҳақиқати”, 1962 йил  6 июлдан “Машъал”, 1972 йил 1 ноябрдан “Оҳангарон”, 2011 йил 25 мартдан “Оҳангарон ҳаёти” номи билан чоп этилмоқда. “Қурама ҳақиқати” газетаси 1932 йил 14 январда “Ўзкомпартия Марказкоми, Қурама район ижроқўмининг ва касабалар союзининг фикр тарқатувчиси” сифатида чоп этилганлиги маълум бўлди. Биринчи сонни Оҳангарон район партия комитетининг ходими Ахмадулин масъул муҳаррир сифатида имзолаган. Газета 2000 нусхада чоп этилган.

Газетанинг 2-сони 1932 йил 20 февралда чиққан. Бу сонга самарқандлик Султон Йўлдошев масъул муҳаррирлик  қилган. Газетага 1933 йил 5 февралдан бошлаб, тумандаги ҳозирги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини, аввалги Қорахитой қишлоғининг энг олийжаноб, зиёли ва зукко, билимдон инсони Тожи Хушназаров муҳаррирлик қилган. Кўп йиллар давомида матбуот билан ҳамнафас бўлган (марҳум) отахон журналист 1935 йилда Қорахитойдаги Абдиқозибойнинг (ҳозирги  кунда бу бино мавжуд) хонадонида босмахона ташкил этишда ташкилотчилик қилган. Газета саҳифаларини кузатиб, унинг ижобий ва танқидий мақолаларини ўқишга муваффақ бўлдим. Жумладан, “Районнинг ҳамма колхозлари мусобақага чақирилади”, “Безори ким?”, мавзуларидаги мақолаларда  ўз даврининг воқеликлари акс эттирилган.

1938 йил 28 февралдан газета Ўз КП(б) Оҳангарон партия комитети ва район ижроия комитетининг органи муассислигида “Оҳангарон ҳақиқати” номи билан чиқа бошлаган. Бу даврда жисмимда жони, томиримда қони жўш ураётган бобом (раҳматли) Иброҳим Алиев муҳаррирлик қилган. Унинг “Агитаторлик нима?”, “Агитпунктнинг иши яхшилансин”, “Султонов савдо ишини бузаётир”, ”Тошкўмир конини тезда ишга солайлик” каби мавзулардаги мақолаларида ҳаётий мавзуларни ёритиб берганлигининг гувоҳи бўлдим. 1940 йилда унинг ташаббуси билан Оҳангарон шаҳрида (Хонобод қишлоғи) янги босмахона ташкил этилган. У 1946 йилдан умрининг охиригача – 1952 йил июнь ойигача муҳаррирлик қилган.

Жамоатчи мухбирлар – газетачиларнинг ўнг қаноти бўлишади. Оллоҳ раҳматига олсин, Теша Шералиев, Карим Ёров, Абдулла Алимов, Ўткир Зулфиев, Ўрол Бердиев, Қурбонали Жўлиев, Эржон Арслонов, Шарофат Жамолхонова каби ўтмишдошларимизнинг газетанинг дастлабки ўн йиллик фаолияти давомида муносиб улушлари борлигига амин бўлдим. Мавриди келса, албатта, шахсий архивимда сақланаётган юқорида қайд этилган  ҳар бир журналист ва жамоатчи мухбирларнинг ҳаётига оид фотосуратлар, уларнинг мақолаларидан кўчирмалар билан газетхонларни таништирарман.

Бугун севимли газетамизнинг илк сони дунёга келган кун ва унинг ижодкорлари ҳақида фикр юритар  эканман, саксон олти йил давомида мен  таниган ва танимаган кўплаб кишиларнинг меҳнати сингганлигини қайд этиб ўтмоқчиман. Фурсатдан фойдаланиб, устозларимиз  (марҳум) Акром ака Аъзамов, Мўмин ака  Қаюмов кабиларни ёдга олмоқчиман. Ўз билими ва иқтидорини газета фаолиятига бағишлаган кекса журналист Абдусамат Абдулҳаков, Турсунали Жуманов, Абдушукур Наврўзов, Жўра Номозбоев, Нурали Абдурасулов, матбуот жонкуяри Зарифа Эралиеванинг меҳнатларини қадрлашимиз керак, деб ўйлайман.

Бугунги туманимизнинг навқирон ва иқтидорли ёшларининг меҳнати туфайли бундан саксон олти йил муқаддам ўқувчилар қўлига теккан  “Қурама ҳақиқати” газетасининг издоши “Оҳангарон ҳаёти” газетасининг мухлислари кўп бўлишига ишонч билдириб қоламан. Ўтган ижодкорларнинг руҳи уларга мададкор бўлишини, устозлар йўлидан боришларини тилайман.

Муқаддас Алиева,

журналист.