Касб-ҳунар коллежларида  турникет  ўрнатилганлигидан   барчамиз  бохабармиз.  Ўқувчининг дарсга  мунтазам қатнаши, ота-онасига унинг коллежга қачон кириб-чиқиб турганлигидан хабар юборувчи бу қурилманинг фойдаси катта. Бироқ  бугуннинг «ишбилармон« баъзи ёшлари  турникетнинг ҳам ишончсиз эканлигини  исботлаб қўйишди.

Бундай дейишимга бир таниш  опа билан бўлган суҳбат сабаб бўлди. Опа бир куни коллежда ўқийдиган ўғлининг чўнтагидан ортиқча турникет чипини топиб олганини куюниб гапириб қолди. Ўғли бу чип унинг ўртоғиники эканлигини, у чойхонада ишлашини айтибди. Ўқишга бориб, ўзининг ҳам, ўртоғининг чипини ҳам турникетдан ўтказиб, давоматни яна биттага кўпайишини таъминлаётган, ишнинг кўзини биладиган бу ёшларга «таҳсин ўқийсиз». Бу ёқда фарзандининг коллежга киргани тўғрисидаги хабар борган ота-онанинг кўнгли тинч, бир ёқда дарсга киришни хоҳламайдиган, ўқишнинг, бугунги шароитларнинг қадрига етмайдиган ўқувчи кун бўйи кўнгли тусаган ишини қилиши мумкин. Яна бир тарафдан турникетдан ўтган ўқувчилар сонига қараб, давоматни аниқлайдиган ички ишлару прокуратура ходимлари ҳам доғда қолади. Қарабсизки, давомат рейдларида ўқув масканига ҳам математиклар тили билан айтганда, плюс бўлади.

Турникетга ташкилот томонидан масъул сифатида бириктирилган  назоратчи қаёққа қарамоқда? Ўқувчисининг дарсда йўқлигини билган гуруҳ раҳбари нега ота-онани хабардор қилмаяпти? Энг ўйлантирадигани, дарсга кирмай, тараллабедод қилиб юрган ўқувчи кун бўйи нима билан банд? Унинг турли бузғунчилар таъсирига тушиб қолмаслигига ким кафолат беради? Ахир, ҳамма нарса бекорчиликдан, назоратсизликдан бошланмайдими?! Шу каби ҳақли саволлар онгу шуурингизни банд этади.

Борингки, опанинг ўғли айтганча, у ишлайдиган ўқувчи бўлсин.  Унинг орзулари оламини тўзғитиб, пул топишга ким мажбур қилиб қўйяпти?  Ҳали балоғатга етмаган ўқувчини дарсда ўтириши керак бўлган пайтда иш билан таъминлаётган ким? Нега ота-она юкини енгиллатиб, ўзини-ўзи пул билан таъминлаётган ўғлини сўроқ қилмаяпти? Демак, бу ўринда масъулиятни унутган кўйи ишга шўнғиб, балоғат ёшидаги фарзандни назоратсиз қолдираётган, уларни нияти бузуқ, нопок кимсаларга тайёр ўлжа қилиб қўяётган биз катталарнинг айбимиз ниҳоятда катта.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида: «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар», деб ёзиб қўйилган. Бундан ташқари, ҳукуматимиз ҳам бежизга ўқувчилар учун таълим жараёни мажбурий эканлигини белгилаб қўймаган. Чунки бу ўқувчи билим зиёсидан қониб, келажагини юксак мақсадлар билан белгилаши учун энг қулай палла, айни ҳал қилувчи  даврдир. Наҳотки, шу  ўқувчилар, уларнинг ота-оналари  билимли, шижоатли, спортчи ўғил-қизларимиз халқаро олимпиадаларда, жаҳон ареналарида дунё халқларини лол қолдирган лаҳзада, мустақил Ўзбекистон байроғи юксакларда зафарона ҳилпираган дамларда ҳаяжон туймаган, ҳавас қилмаган бўлсалар? Бу муваффақиятларнинг  замирида албатта ёшларга яратилаётган имкониятлар,  қўллаб-қувватловчи қарорлар, фарзандларининг порлоқ келажагини таъминлашни истовчи халқ ишончи турибди. Наҳотки, бу ишончни суиистеъмол қилиш шунчалик осон бўлса?!

Кимнидир қоралаш фикридан йироқмиз. Мақсадимиз битта – ҳар биримиз ўз масъулиятимизни юракдан ҳис қилган ҳолда адо этайлик! Юрт ривожига камарбаста, соғлом тафаккурли, билимдонликда устозидан ўзадиган, ота-онаси номига раҳматлар ёғдирадиган ўғил-қизларимиз эса кўпаяверсин!

Ирода КОМИЛОВА.