Халқимизда  тинчлик-омонлик ҳамиша қадрланади. Шу боис нуронийларимиз дуога қўл очганларида,  аввало,  элу юрт тинчлиги бардавом бўлишини тилашади. Ҳа, тинчлик – бебаҳо ва олий неъмат. Айнан осойишталик ва барқарорлик орзу-умидларимиз рўёби, порлоқ келажагимиз гаровидир.  Айниқса, дунё айвонидаги  вазият тобора таҳликали ва кескин кўриниш касб этаётган бир пайтда, бу неъматнинг қадрини ҳар биримиз янада теранроқ  англамоқдамиз, десак муболаға бўлмайди.

Энергетика ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари  ташкил  топганлигининг  26 йиллиги ҳамда “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Вилоят маънавият ва маърифат маркази ташаббуси ҳамда туман ҳокимлиги, туман маънавият ва маърифат маркази, ҳамкор ташкилотлар кўмагида  “Миллий армиямиз ёшларнинг мардлик,  матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида ташкиллаштирилган кеча МХХ тасарруфидаги чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, уларнинг оила аъзолари, Афғон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари билан гавжум бўлди. Самимий руҳда ўтган ижодий кечада  Ўзбекистон Халқ артисти Малика Иброҳимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулчеҳра Носирова, Меҳмонали Салимов ҳамда эл ардоғидаги бир гуруҳ ижодкорлар  Ватан ҳимоячиларини айём муносабати билан муборакбод этишди.  Шундан сўнг жаранг сочган  шўх куй-қўшиқлар  даврага янада кўтаринкилик бағишлаб, барчани рақсга чорлади.

Тадбирнинг кичик иштирокчиси бўлган  бир ярим ёшли Бунёдбек ҳам онасининг қўлида болаларча рақсга тушмоқда. Юртимизда ҳарбийларга яратилаётган имкониятлар, имтиёзлардан баҳраманд, бахтиёр оилада вояга етаётган бу ўғлонда дадаси Исроил Исмоилов сингари чегарачи бўлиб, Ватан сарҳадларини кўз қорачиғидек асраш орзуси пайдо бўлаётган бўлса, не ажаб!

Тадбирнинг кейинги қисми туманимиз ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм бўлинмаларида кўтаринки руҳда давом этди.

Дилшода АННАЕВА.