Дунёда шундай касб соҳиблари борки, улар ҳаловатидан, оромидан воз кечиб, халқ хизмати йўлида тиним билишмайди. Тиббиёт илмининг устози бўлган ибн Сино бобомизнинг муносиб ворислари бўлишдек масъулиятли вазифани адо этиш йўлида тинимсиз изланаётган ёшлар сафи кун сайин ортиб бормоқда.

Тошкент Педиатрия институтида таълим олаётган Тошкент вилоятининг ёшлари туманлардаги тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, муддатидан илгари мутахассислик дипломларини қўлга киритиб, ўз ҳудудларига йўлланма билан ишга юборилди. Улар орасида туманимизнинг 2 нафар ёшлари ҳам бор. Савобли касбни танлаган тумандошларимиз – ёнариқлик Жамшид Абдураимов ҳамда “Эйвалек” қўрғонида яшовчи Феруз Ораловни туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Инобат Эгамбердиева бошчилигидаги бирлашма ходимлари тантанали кутиб олишди.   Халқимиз корига ярайдиган фарзандларни тарбиялаб, камолга етказган, нуфузли таълим даргоҳида ўқишлари учун шарт-шароитлар яратиб берган ота-оналарининг ҳам қувончлари чексиз. Фарзандлари эл-юрт хизматида бўламан, дея оқ халатни кийган, касб садоқатини кўнгилларига жо қилганидан мамнун. Бир болага етти маҳалла ота-она, дея “Ёнариқ” МФЙ раиси Малика Эргашова, “Эйвалек” МФЙ раиси Анвар Галимов ёш мутахассисларнинг  қувончларига шерик бўлишди. Жамшид 8 йил, Феруз 6 ярим йил мобайнида ўқиш, амалиёт жараёнларида касб маҳоратларини ошириб бориб, мана бугун шифокорлик қасамёдини қабул қилишди. Жамшид туман Тиббиёт бирлашмасида,  шифокорлар оиласининг давомчиси Феруз “Эйвалек” МФЙда умумий амалиёт шифокори вазифасида иш бошлади. Туман Тиббиёт бирлашмаси ходимлари Машкура Жамолхонова, Акром Тўрахонов уларга самимий тилаклар билдиришиб, оқ йўл тилашди. Тадбир сўнгида  ёш мутахассисларнинг ота-оналарига ташаккурнома эълон қилиниб, сарпо кийдирилди.

Гулшода КАРИМОВА.