Маҳалла аҳли бир оила каби ишончли, мустаҳкам ришталар билан узвий боғланиши керак, бунинг учун маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари ҳар бир оила аҳволидан, қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиши, ўзаро аҳиллик тарғиботчисига айланиши лозим. Шундагина одамлар маҳаллага келиб, ўз фикрини, таклифини айтади, муаммосига ечим топади!”

Шавкат Мирзиёев.

Мухбирлар хонасида шеърларни саралаётгандим, бош муҳаррир йўқлаётганини айтиб қолишди. Эшикни аста очиб, салом бериб ичкарига кирдим. Хонада раҳбаримиз билан яна бир киши бор эди. Мени кўриши билан унга таништирди, сўнг менга юзланиб: “Бу ака “Қуюн” маҳалласидан келибди. Ҳозир сиз бу одам билан бориб, маҳалла ҳаёти билан яқиндан танишиб, яхши бир мақола тайёрлаб келинг”, – деди.

Аслида-ку, бу инсоннинг кимлиги, қандай инсонлиги ҳақида, ана, қуюнликлардан сўранг. Бироқ шу тобда мен унинг ҳар бир ҳаракатидан, сўзлаш манерасидан маъно ахтариб, қалбини уқмоқчи бўлар, пироварди, ёзилажак мақоламни ўйлардим. Хуллас, унга эргашиб, кун бўйи қаерда бўлса, ёнида юриб, кўрган-кечирганларимни бунда келтиришга ҳаракат қиламан…

Машина билан катта йўлга чиққанимизда: “Энди, укажон, бизни шаҳарда бироз юмушимиз бор”, – дея “Дамас”ни туман электр таъминоти базаси томон бурди. Манзилга етгач, у ердан 12 дона бетон устунларни юк машинасига жойладик. Кейин тўғри “Қуюн” МФЙ, Чароғон кўчасига кириб бордик. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, бу кўчадаги симёғочларнинг айримлари анчагина яроқсиз ҳолатда экан. Шу кўчанинг 3-уйида яшовчи Обид ака Юсуфалиев бу ерда амалга оширилаётган ишлардан миннатдорлигини қуйидагича изоҳлади:

–  Мана кўриб турганингиздек, раис бувамиз бош-қош бўлиб, маҳаллада анча кўзга кўринарли ишлар бажарилмоқда. Раисимиз қишлоғимиз учун сидқидилдан жон куйдиради, ҳар битта оилани яшаш шароити билан эринмай танишиб чиқади. Баъзи бир муаммоларга шу жойнинг ўзида ечим топади.

Дарвоқе, “Қуюн” МФЙ таркибига Сартамғали, Қуюн ва Бўстон  қишлоқлари киради. Бу ерда 930 та хўжалик мавжуд бўлиб, аҳоли сони эса 5061 нафарни ташкил этади. Шунингдек, маҳаллада 37-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси, 1 та умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим муассасаси (МТМ), 6 та  савдо дўкони, 2 та маиший хизмат кўрсатиш (сартарошхона ва этикдўзлик) шохобчалари  фаолият юритмоқда. Биргина 37-сонли оилавий поликлиникада 40 нафар малакали ҳамширалар ҳудуддаги “Қуюн”, “Янгабод”, “Қизилой” МФЙларида яшовчи  10 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Жорий йилда ушбу поликлиниканинг том қисми бироз таъмирга муҳтож ҳолатда эди. Аксига олиб, у 2017-2018 йилги куз-қиш мавсумига доир таъмирлаш бўйича Давлат дастурига ҳам киритилмаганди. Қишнинг қорли, қировли кунлари эшик қоқай деб турибди. Бундай қалтис вақтда вазиятдан қандай чиқиш керак, шу ерда ҳам раис буванинг тажрибаси қўл келди. Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатига ҳомийлик ёрдами сўраб, хат билан мурожаат қилинди. У ўрганилиб, комбинат томонидан 10,5 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди. Бўстон қишлоғида кейинги йилларда тоза ичимлик суви танқислиги бор эди. Раис бува  маҳалла фаоллари билан маслаҳатлашди. Туман “Сувоқова” корхонаси филиали  мутасаддилари билан ҳамкорликда ҳамда туман прокурори (ҳудудий сектор раҳбари) ташаббуси билан Хумо, Само ва Юксалиш кўчалари тўлиқ ичимлик суви билан таъминланди. Бу хайрли иш учун мазкур корхона томонидан 800 метр сув қувури етказиб берилган. Маҳалла аҳли бундан жудаям мамнун. Хумо кўчасида яшовчи Дилдора опа Йўлдошева (“Қуюн”даги 42-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси) ўзининг фикрларини шундай баён қилди:

– Мана, маҳалламиз ҳам йилдан-йилга обод бўлиб бормоқда. Ҳар битта кўча, ҳар битта уй раисимиз эътиборидан четда қолмайди. Кам таъминланган оилаларга доим ҳар томонлама ёрдам беради, ишсиз фуқароларни иложи борича ишга жойлаштиришда кўмаклашмоқда. Мактабимиздаги йиғилишларда ҳам иштирок этиб, турли маслаҳатлари билан  ўртоқлашиб туради.

Дарҳақиқат, “Қуюн”да жорий йилда жуда катта ишлар амалга оширилди. Кейинги 3 ой ичида КҲКларини тамомлаган ўқувчиларнинг 60дан зиёди ОТМКнинг турли бўлимларига эгаллаган соҳалари бўйича ишга жойлашгани бунинг яққол далилидир. Маҳалла посбонлари, профилактика нозирлари билан ҳамкорликда  ҳар битта оилада жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича аҳоли ўртасида шу мавзуда суҳбатлар ўтказиб келинмоқда. Маҳалла маслаҳатчилари оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш йўлида “Қайноналар кенгаши” номли йиғилиш тадбирлари ташкил этилган. Бу йиғилишларда бўлажак қайноналарга оила муқаддаслиги ҳақида керакли маслаҳатлар бериб борилмоқда. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида, ўтган йилга нисбатан ажралишлар сони анчага камайишига эришилди.

Яна бу ерда аҳолининг солиқдан қарздорлигини камайтириш мақсадида, солиқ идораси ходими Фармон Сафарматов, Мажбурий ижро бюроси ходими Зоир Ҳотамов билан биргаликда, аҳоли ўртасида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилаяпти.

– Қаранг, шунча эришилган ютуқлар ҳақида тўхталдигу, бироқ ҳали ечим топмаган муаммоларимиз тўғрисида бир оғиз сўз демабмиз. Янги қурилган 38 та намунали уйларимиз атрофида чиқиндилар йиғилиб, бироз дилни хира қилмоқда. Бу борада ҳам тегишли ширкатлар билан ҳамкорликда  масалани  ижобий томонга ҳал этишимиз лозим, – дея таъкидлаб ўтди раис.

Р.S. Дарвоқе, бу одамнинг кимлигини, ному нишонини айтмабмиз-ку! Қайдам, ўйловдикки, эл корига яраб, астойдил меҳнат қилаётган одамлар, уларнинг пешона тери эвазига қўлга киритган ютуқлари икки томчи сувдек ўхшайди. Улуғ мутафаккир Лев Толстой айтганидек: “Бахтли одамлар бир-бирига ўхшайди. Бахтсиз одамлар эса ҳар бири ўзича бахтсиздир”. Сиз уни танийсиз. Яхши биласиз. Гап “Қуюн” МФЙ раиси Ўринбой Холқулов ҳақида эди…

Алишер АЗИМОВ.