Авваламбор, қатъийлик билан шуни таъкидлайманки, оқ халат кийган шифокор дўстларимизни жуда ҳурмат қиламан! Қуйидаги материал – бир ҳазил, холос…

Умуман олганда, муқаддас ислом динимизда мусулмонлар 4 ҳолатда ёлғон ишлатиши мумкинлиги эътироф этилган: ўз мулки, ҳаёти, номуси ва соғлиғига душман томонидан зарар етказмаслик учун; эр ва хотинни яраштиришда; душман устидан зафар қозониш мақсадида; оилада тинчлик ва тотувликни сақлаш учун.

Баъзи бир исломшунос олимлар бу рўйхатга касал одамга ёлғон гапириш мумкинлиги ҳолатини ҳам қўшишади. Шундан фойдаланибми ёки бошқа сабабларга кўрами, лекин шифокор, санитар, фельдшер, ҳамширалар  баъзида ёлғон ишлатишади. Шу ўринда, камина ўз қулоқлари билан эшитган ширин ёлғон ва муғомбирликлар билан ўртоқлашмоқчи.

* “Ў-ў! Касаллигингизни анча ўтказиб юборибсизку… Мана бу қиммат дориларни ичсангиз, отдек бўлиб кетасиз!”

Изоҳ: Нима учун дорининг айнан энг қимматини ва айнан шифокор кўрсатган дорихонадан сотиб олиш керак? Ахир бу дори-дармонларнинг нисбатан арзон турлари бор-ку?!

* “Мана бу тишларингиз умуман бўлмайди! Срочно суғуриб ташламасак, оғиз бўшлиғингиз чириб кетади!”

Изоҳ: 2017 йилда Швеция деб номланган давлатда жами бўлиб 5 дона тиш олиб ташланган. Қолган 99,9 фоиз тишлар даволанган. Оғиз бўшлиғимиздан суғуриб ташланган тишларни бир-бирига уласа, экваторгача етади-ёв..!

* “Кўз (назар) текканга ўхшайди – бориб, кинна солдириб келинг…”

Изоҳ: Кинначи яқин танишингиз эмасми?

* “Қонингиз менга ёқмаябди…”

Изоҳ: Нима, вампирмисан?

* “Пешобингиз менга ёқмади!”

Изоҳ: …

Энди эса – адолат қонунлари шуни тақозо этади – беморлар шифокорларга айтган гапларни, эътирозларни келтирамиз. Ўз қулоғим билан эшитганларим:

* “Уч литрли банкада пешобимни олиб келдим, анализга. Етармикан, дўхтир?”

* “Паталогоанатом айтди – қайнонамнинг соғлиғи жойида экан..!”

* “Даракчи”да ўқидим – касалим шизофрения эмас экан!”

* “Беш маҳал овқатдан кейин ичиш керакми бу таблеткаларни? Шунча овқатни қандай ейман?!”

* “Аппендицитни кесиб ташлашга рози бўлмаябман…  Ўзи битиб кетар!”

* “Анаву флакондаги спиртингизни қорнимга суртиб бекорга исроф қиляпсизда, синглим! Бир қултум ичсам, ичидан дезинфекция бўларди..!”

*  “Шамолласам, ароққа қалампир қўшиб ичаман. Йўталсам – мурч қўшаман. Қорним оғриса – ароққа туз қўшиб ичвораман. Жигарим оғриб қолди… Ароққа нима қўшиб ичсам экан?”

* “Дўхтир давлениямга зулук ёрдам беришини айтганди, тўрттасини ютвордим. Ҳеч қандай натижа йўқ!”

* “Бир таниш шифокор қуриб қолган тувакдаги гулларга 4-5 таблетка аспиринни сувда эритиб қуйишни тавсия этди. Адашиб, анальгин урворибман. Қизиқ, томири билан юлиб ташласам, жони оғримасмикан?”

* “Қўшнимнинг ити оёғимни тишлаб олди. Шу 40 та уколни қўшним билан бирга баҳам кўрсам-чи?!”

* “Бармоғимни кесмасангиз, жон дўхтир ука! Бирон-бир дори суртинг – ўзи узилиб тушсин…”

Кимсан НАЙЗА.