Аёлни гулга қиёслашади. Мунислик ва  маъсумалик  унга хос фазилат. Яна ожиза, муштипаргина  таърифи ҳам берилади… Бу сифатлар эгаси опа-сингилларимиз айни пайтда марду майдон эркаклар билан бир сафда туриб меҳнат қилишяпти. Раҳбарлик салоҳиятларини ҳам намоён этишмоқда. Хонадонимиз чироғи, оиламиз фариштаси бўлиб, меҳрибон она, саришта бека сифатида уй-рўзғор юмушлари, фарзандлар тарбиясига ҳам вақт топишади.  Суҳбатдошларимиз ўша нозик, нафис хилқат эгалари, раҳбарлик мақомини  қойилмақом уддалаётган, “белида белбоғи бор”, йўғ-е,  эл хизматига қамишдан бел боғлаган раҳбар аёллар!

Лайли зотидан эрсамда, дилда Мажнунча ҳаво,
Тоғу тош кезгум келур, лекин йўлим тўсгай ҳаё.

Муҳтарама Сайфуддинова  1982 йилда “Мақсуджон” МЧЖга асос солган ва ўша йилдан бошлаб раҳбарлик фаолиятини бошлаган. Қатъияту шижоатда ҳеч бир замон Фарходидан қолишмайди. Замон билан ҳамнафас ишбилармон ва тадбиркор раҳбар 2007 йилда “Лаззат Латофати”  фермер хўжалигини ташкил этди. Кўп тармоқли фермер хўжалиги раиси  тадбиру  омилкорлик билан “Жасмина” тўйхонасини ҳам ишга туширди. Натижада 20 та янги иш ўрни яратишга эришилди. Кўплаб хорижий мамлакатларда бўлган раис ишлаб чиқаришда янги инновацион ғоялар ва лойиҳаларни қўллаш борасида анча пешқадам. Унинг  иссиқхона ташкил этишга йўналтирилган инновацион лойиҳаси  халқаро ташкилот  грантига сазовор бўлганлиги бежиз эмас, албатта.

27 йилдан буён раҳбарлик қозонида қайнаётган пешқадам  раиса ўғилларининг улғайиб қолганини ҳам сезмабди.

– Фарзандларимга кўпроқ вақт ажрата олмадим. Уларнинг ширин қилиқлари, болалик шўхликларини баҳам кўришга ҳамиша ҳам имконим бўлмади. Шу томонлама раҳбар аёллар, оналарга қийин, – дейди у. Иш юзасидан ишчи-ходимларга қаттиққўллик қилиши, танбеҳ бериши мумкин. Шунингдек, раисада  жонкуярлик, бағрикенглик хусусияти ҳам бор.

Муҳтарама Сайфуддинова қийинчиликлардан чўчимайдиган раҳбар. Ҳамиша янгиликка, олдинга интилиб яшайди. Янги-янги режалар тузишдан, орзу қилишдан чўчимайди. Янгиликка ўч, ташаббускор раиса ишчи-ходимларини ҳам дадилликка, изланиш ва шижоатга руҳлантириб боради. Муҳтарама Сайфуддиновани генерал она, генерал қайнона ва генерал раиса десак адашмаймиз.

1-МТМ раҳбари  Зубайда Бувабекова 23 йиллик тажрибага эга. 270 нафар жажжи қоракўзлар, 59 нафар тарбиячи ходимлар кўнглига йўл топиш осон эмас. Унинг таъкидлашича, раҳбарнинг иш вақтида чегара йўқ. Мудираликни масъулиятли вазифа  деб билади.  Раҳбарда ўзига, ходимларига нисбатан ҳам ишонч бўлиши керак.

Ёлғонни ёмон кўради. 26 ёшида раҳбарлик юки елкасига тушган суҳбатдошимизда иккиланиш, қийинчилик бўлган, албатта. Бироқ айни кунда раҳбарлик вазифасини қойилмақом қилиб, дўндириб, завқу шавқ билан бажараяпти.

5-МТМ мудираси Насиба Ўразматова 18 йилдирки, қамишдан бел боғлаб, раҳбарлик салоҳиятини намоён этиб келмоқда. Қатъиятли ва серғайрат    раҳбар опа жамоасига доимо, таъбир жоиз бўлса, куну тун бош-қош. Раҳбарлик – ҳар бир ходим кўнглига йўл топиш, турфа феъл-атворли инсонлар билан ҳам ишлай олиш. Бир сўзли, ваъдасини бажара оладиган мудира опа ходимларни бошқариш қобилиятига эга. Шу боис ҳам, МТМда ижобий муҳит ҳукмрон. Муассаса раҳбари юзага келадиган муаммоларни ҳамиша қатъиятлилик ва тадбир билан ҳал қилишга эришади. Ёлғон гапирмайди. Раҳбарликни фидойилик дейдиган суҳбатдошим, балиқ сувда ўзини қандай сезса, вазифасини шундай бажаради. Бироқ раҳбар аёлда вақт масаласи ҳамиша муаммо. Уйга кеч қайтади. Фарзандларига етарли вақт ажрата олмайди. Зарур бўлса, катта-кичикдан, ходимларидан кечирим сўрашдан тортинмайди. Вақти келганда, ходимлар билан тенг туриб  ишлайди. Кечиримлилик, кенгфеъллилик унинг шиори.

Наргиза Боймирзаева 1-мактаб директори, 30 йилдан буён  таълим соҳасида фаолият кўрсатади. Наргизахон 16 йиллик раҳбарлик малакасига эга. Вақт масаласида тежамкор бўлган директор гап-гаштак, гурунглар, кўнгилочар томоша, сайру саёҳатга камдан-кам вақт ажратади. Вақтдан унумли фойдаланади. Ёлғон гапирмайди.

Раҳбарлик тинимсиз меҳнат жараёни демакдир. Раҳбарнинг зерикишга, ортиқча нарсалар, беҳуда ёки кичик ташвишлар ҳақида ўйлашга вақти бўлмайди. Тинимсиз иш кунидан сўнг, тунда тиниқиб ухлайди. Бу яхши… Иш юзасидан қаттиққўллик қилишга, кимгадир танбеҳ беришга тўғри келади. Ранжитдим, дея хафа бўлади. Бу раҳбарликнинг минус томони.

Сўз бердими, уддасидан чиқади. 120 нафар ўқитувчи ва ходим, 1756 нафар эртамиз эгалари – ўқувчи ёшлар тақдирига  масъул. Синовлардан чўчимайди. Зеро, раҳбарлик “тегирмони”да айланди, тоб-ланди, чиниқди.

Р.S. Мумтоз шоира Зебуннисобегимнинг машҳур байтини юқорида бежизга келтирмадик. Раҳбар аёлларимизнинг барчаси  суҳбат чоғида бир “андиша”, “истиҳола”ни айтиб ўтишди. “Белида белбоғи бор” ибораси, одатда, эркакларга нисбатан қўлланилади. Биз бу лойиҳа орқали оила устуни, жўмард эркакларимизни хафа қилиб қўймаймизми?…

Уларнинг бу “андиша”сида шарқ аёлларига хос ҳаё, латифлик сезиляпти. Раҳбарлик курсисида бўлишса-да, аёллик латофати,  лутфини унутишмаган. Бинобарин, раҳбарликнинг залворли юкини нозик елкасида кўтара олган, шунингдек, аёллик мақомига ҳам содиқ,  сизга ҳурмати, эҳтироми чексиз зебо, мунис раҳбар аёлларимизни олқишлайлик, қадрли эркаклар!

Лойиҳа муаллифи: Беҳзод Қобулов.
Фото: Суннат САПАРАЛИЕВ.
Суҳбатдош: Райҳон Салаева.