Касбим тақозоси – ўқитувчи бўлганим, кўп вақтимни мактабда ўтиши, ҳозирги кундаги таълим ва тарбия жараёнига талабнинг ортиши, айниқса, “ўқитувчи” деган масъулиятли вазифани адо этиш баробарида маҳалла-кўй, қўни-қўшни, таниш-билишлар, ҳатто қариндош-уруғлар билан бўладиган муносабатларда эҳтимолки, бир оз масъулиятсизлик қилгандирман?.. Ушбу фикрларни ёзишимга сабаб, куни кеча кўчада тасодифан учратган қўшним мендан хафа бўлгандек гап бошлади:

– Ҳа, энди устозсиз-да? Биз билан суҳбатлашишга вақтингиз йўқ. Унинг устига ойликларингиз ҳам ошиб қолди.

Тўғрисини айтсам, бу гап-лардан бир оз дилим ранжиди. Тўғри, ўқитувчининг  ойлиги ошганлиги  рост! Хўш, ўқитувчи-чи? Ана шу юксак эътироф ва эътиборга лойиқ бўла оляптими?

 Бир оз шўхроқ, эркароқ, дангасароқ ўқувчисини тартибга чақириб, бироз койиб қўйса, ич-этини еб, туни билан мижжа қоқмай, ўша ўқувчининг кўнглини олмагунча, ўзи таскин топмаган ўқитувчининг баҳосини бера оласизми? Кунлик иш режалари-ю, дарс ишланмалари, айланма ва назорат ишлари дафтарларини туни билан текшириб чиқаётган ўқитувчининг кетказган кўз нурлари сотилармикан? Барча ўқувчиларига бирдек меҳр бераётган ўқитувчининг нархи қанча? Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ўз касбини суистеъмол қилганлар ҳам бўлгандир. Назаримда, давр талаби, таълим мажбуриятлари ўқитувчиларни саралаб қўйди. Таълим соҳасида касбига содиқ, ўқувчиларни севувчи, уларсиз ҳаётини тасаввур эта олмайдиган мардларигина қолди. Қачонлардир бу майдонни ўз истаги билан тарк этиб кетганлар ҳам бўлди. Биласизми, ҳозирги давр боласини алдаб бўлмайди. Бир соат алдармиз, бир кун алдармиз, учинчисида бола “Сиз алдаяпсиз, устоз!”, деб айта оладиган даврда яшаяпмиз. Юқоридаги ўқитувчининг меҳнат-у машаққатларини касб вазифаларига дахлдор қилиб: “Чидайсизлар-да? Шу касбни танлагансизлар”, дейишингиз тайин. Менинг айтмоқчи бўлганларим, агар ўқитувчи атамасини бошқа ном билан аташ мумкин бўлганда, мен уларни “Устоз” деб эмас, “Фидойи!”, деб, ўқитувчилик касбини эса “Фидойилик касби”, деб номлаган бўлардим! Хуллас, кимларнингдир назарида моддий томондан ҳам бойиётган ўқитувчи ўз маошини ҳалоллаб оляпти демоқчи эдим, холос. Бунинг яна бир исботи,  ўзим фаолият юритаётган мактабда бир фаннинг ўқитилиш тизимига эътибор қаратайлик:

Математика минг йиллар муқаддам инсон эҳтиёжларининг маҳсули сифатида вужудга келган. Унинг ривожига буюк аждодларимиз – шарқнинг машҳур алломалари ҳисса қўшган.  “Мен ақл эгалари бўлган математиклар олдида бош эгаман!”, – деган эди буюк олим Альберт Эйнштейн.  Таълим соҳасида, яъни мактабларда ҳар бир ой маълум бир фанлар асосида “Фан ойликлари”га тақсимланади. Февраль ойи ”Математика” фан ойлиги бўлгани боис, бу ойда математика фани ўқитувчиларининг фаоллиги янада намоён бўлди. Фанлардан очиқ дарслар, “Заковат”, “7х7”, “Ўйла, изла, топ” беллашувлари ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Нафақат фан ойлигида, балки  “Фан олимпиадалари”, “Билимлар беллашуви”да биринчи ўнталик қаторида турувчи мактаб рейтингини кўтариб келаётган 11-синф ўқувчиси Абдулҳамид Абдумуталов “Фан олимпиадаси”да йиллар давомида туман босқичида 1-ўринни эгаллаб келиши мақташга арзигулик эмасми? Бу ютуқларимизнинг замирида устозлик масъулияти ва ота-оналар эътибори ётибди,  десам асло муболаға бўлмайди.

Математика ўқитувчиси, касбдошим Ирода Ғозибеко-ва ҳақида, ўрни келганда, икки оғизгина фикрларимни айтиб ўтсам. Ирода табиатан камгап, камсуқум, ҳақиқатгўй, тўғрисўз, содда ва шу билан бирга, оддийликни улуғловчи самимий аёл. У билан бирга дўконларни айланар эканмиз, бир дунё ўқув қуроллари харид қилаётганининг гувоҳи бўлдим. “Фарзандларингизгами?”, – қизиқиб сўрайман. “Ўқувчиларимга”, – дейди жилмайиб. – Фан ойлигида ғолиб бўлган ўқувчиларимни тақдирлайман”. Рости, унга ҳавасим келди. Мана, сизга ҳақиқий фидойи, масъулиятли ўқитувчи!

Фикрларим сўнгида буюк математик Ал-Хоразмийнинг ушбу ибораси ёдимга тушди: “Агар инсон одобли бўлса, 1 баҳо қўй. Агар у чиройли бўлса, 1 нинг ёнига 0 баҳо қўй, 10 бўлади, бадавлат  бўлса, яна битта 0 қўй, 100 бўлади. Лекин бу сонлар олдида турган 1 рақами йўқолгудек бўлса, инсон ҳаёти фақат ноллардан иборат бўлиб қолади”.

Феруза АБДУҚОДИРОВА,
51-мактабнинг она-тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.