Туманимиз ва шаҳримиз жадал суръатларда ўзгармоқда. Қатор замонавий турар жой объектлари, таълим муассасалари, маиший ва кўнгилочар масканлар барпо этилмоқда. Бу каби иншоотларнинг қурилиш ишлари бошланиши билан Оҳангарон аҳли биноларни тезроқ қад ростлаб, аҳолига хизмат кўрсатиши ҳақида ўйлай бошлади. Ниҳоят, узоқ кутилган дамлар етиб келди. Бироқ…

Шаҳримиз ҳудудида ўтган йилнинг апрель ойида илк нодавлат МТМ “Биринчи қалдирғоч” дабдабали тарзда очилганини хабар қилган эдик. Аммо маълум бўлишича, боғча ишламасдан ёпилган.

Туманимиздаги 19-мактаб биноси ёнига қўшимча 240 ўринли мактаб қурилди. Ушбу бинонинг очилиш маросими ўтган йилнинг сентябрь ойида тантанали равишда ўтказилган эди. Буни қарангки, дабдаба билан очилган бу бинонинг ҳанузгача ичи бўм-бўш. Мактаб маъмуриятининг айтишича, бинога кўчиб кириш синф жиҳозларининг йўқлиги сабаб кечикмоқда. Ваҳоланки, мактабнинг фойдаланишга топширилганига 6 ойдан ошди.

Ёдингизда бўлса, ўтган йили шаҳримиз ҳудудидаги кўп қаватли уй таъмирланиб, ноябрь ойи охирларида шаҳар ва тумандаги 28 нафар эҳтиёжманд оилаларга берилган эди. Бу хабар кўпчиликнинг кўзларидан қувонч ёшларини тўкди. Ёши улуғлар ва барча шароитга эга бўлган уй соҳибларининг қўллари дуога очилди. Бироқ мана шундай хонадон эгасига айланганларнинг хабар беришича, уларда ҳамон уйга эгалик қилувчи бирорта ҳам ҳужжат йўқ. Ҳокимлик томонидан сертификат тақдим этилган, бироқ муҳр босилмаган (ўзингизга маълум, муҳрсиз ҳужжат ҳеч қандай юридик кучга эга эмас). Уй эгаларининг таъкидлашича, электр, газ, сув ҳисоблагичлар ишламоқда, бироқ ҳужжатлар расмийлаштирилмагани, ордер йўқлиги  сабабли, тўловларни амалга оширишнинг имкони йўқ (фақат МИБ ходимлари эшитмасин).

Ўтган йилнинг 3 декабрь куни шаҳримиздаги “Саховат” кекса ва ногиронлар интернат уйининг 155 ўринли янги биноси фойдаланишга топширилган эди. Лекин салкам 4 ой давомида бино ишга тушгани йўқ. “Саховат” уйи маъмуриятининг изоҳлашича, ҳали таъмирлаш ишлари охирига етмаган.

Юқоридаги биноларнинг очилиш маросимлари тантанали равишда ўтган, бу байрам шодиёналарида биз ҳам қатнашган эдик. Ҳурматли мутасаддилар, мазкур иншоотларнинг “ёпилиш маросимлари” қачон бўлиб ўтади? Хабарсиз қолмайлик деймиз-да…

Мақсадхон ЯХШИЕВА,

Оҳангарон ҳаёти”нинг махсус мухбири.