Ёшларни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий телекоммуникация йўналишидаги Тошкент академик лицейи “Темурбеклар мактаби”га қабул қилиш неча ёшдан бошланади? Мазкур мактабга ҳужжат топшириш ишлари қандай амалга оширилади?

Ҳарбий академик лицейга ўқишга қабул қилиш конкурс (танлов) асосида, республика ихтисослаштирилган Мусиқа ва санъат академик лицейи ҳамда Президентимизнинг 2017 йилдаги қарори билан тасдиқланган 56 та умумтаълим мактаблари ва барча умумтаълим мактабларини жорий йилда 9-синфини битирган ўқувчи ёшлари орасида бўлиб ўтади.

Номзодлар 3 босқичли синов асосида танлаб олинади.

Биринчи босқич – ҳар йили 1 апрель кунидан 30 апрель кунига қадар номзод яшаб турган туман, шаҳар Мудофаа ишлари бўлимида ўтказилади.

Иккинчи босқич – ҳарбий-касбий танлаш босқичи бўлиб, унга дастлабки босқичдан муваффақиятли ўтган номзодлар жалб қилинади. Ушбу босқич 1 майдан 20 июнга қадар номзод яшаб турган вилоят Мудофаа ишлари бошқармасида ўтказилади.

Учинчи босқич – тест синови бўлиб, дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижасига кўра, синовлардан муваффақиятли ўтган номзодлар жалб қилинади. Тест синовлари ҳар йили ҳарбий академик лицейларда 15-20 июль кунлари бўлиб ўтади.

Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан тузилади. Имтиҳонлар математика, физика, она тили ва адабиёт фанларидан бўлиб, ҳар бир фан бўйича 15 тадан жами 45 та савол бўйича ўтказилади. Тест синовларини муваффақиятли топширганлар “Темурбеклар мактаби”га ўқишга қабул қилинади.

Қандай ўқувчилар “Темурбеклар мактаби”га танлов ва тест синовларисиз қабул қилинади?

Тегишли ихтисос фанлар бўйича халқаро олимпиадаларнинг республика босқичи, шунингдек, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан ўтказилган танлов ва мусобақаларда ғолиб бўлиб, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказининг белгиланган намунадаги гувоҳномасига эга бўлганлар, ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари, тегишли вазирлик, идора раҳбарларининг илтимосномаси мавжуд бўлган ҳолларда “Темурбеклар мактаби”га танлов ва тест синовларисиз қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар, жиноят содир этганлиги учун судланганлар, суриштирув ёки дастлабки тергов ҳаракатлари юритилаётган номзодлар, маҳалла фуқаролар йиғини ёки участка нозири томонидан ижобий тавсифланмаган ёшларнинг номзодлари қабул қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий телекоммуникация йўналишидаги Тошкент академик лицейи “Темурбеклар мактаби” билан ҳамкорликда Севара ТУРҒУНОВА тайёрлади.