Шу ўринда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида араб мамлакатлари билан ўрнатилган икки ва кўптомонлама муносабатлар алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бунда, биринчидан, иқтисодий манфаатдорлик, иккинчидан, айтиб ўтганимиздек, диний муштараклигимиз асосий омиллардан саналади. Шунингдек, диний экстремизм, халқаро терроризмга қарши курашиш ҳам ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан эканлигини унутмаслигимиз керак.

Президент ташқи сиёсатимиз борасидаги бу йўналишга дастлабки кунларданоқ жиддий эътибор қарата бошлади. Буни халқаро саммит ва форумлар доирасидаги иштирокимиз мисолида яққол кўришимиз мумкин.

2017 йил 21 май. Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити бўлиб ўтди.  Саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари ва АҚШ Президенти, БМТ, Араб давлатлари лигаси, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши бош котиблари иштирок этганди. Мазкур форум экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, бағрикенглик ғояларини илгари суриши, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан муҳим эди. Қарангки, бу масалалар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз аксини топган.

Ислом араб дунёсида туғилди, ўзбек юртида камол топди, деган иборани кўп бора эшитганмиз. Дарҳақиқат, юртимизга нисбатан айтилган  ушбу таъриф бежизга эмас. Ислом дини олийҳиммат ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган. Унинг буюк фарзандлари нафақат ислом тараққиётига, балки бутун инсоният цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган. Мусулмон оламида Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий, Абу Мансур Мотуридий каби улуғ сиймоларнинг табаррук номлари алоҳида эҳтиром билан тилга олинади.

Биз бу фикрларни нима учун келтирмоқдамиз? Шу кеча-кундузда, кўз ўнгимизда рўй бераётган воқеликларда, шиддат билан ривожланиб бораётган глобаллашув шароитида ислом оламининг, ислом мамлакатларининг ўрни борган сари яққолроқ намоён бўлиб бормоқда. Араб мамлакатлари нафақат диний-ижтимоий томондан, балки жаҳон иқтисодиёти ҳамда сиёсатининг ажралмас бир бўлаги сифатида ҳам дунё аренасида бўй кўрсатмоқда. Тўғри, кўпчилик бу ҳолатни ушбу минтақадаги мавжуд табиий ресурслар салмоғи билан боғлашади. Бу ҳам кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқат. Бироқ бир нарсани тўғри англаш лозимки, у ҳам бўлса, бугунги кунда араб мамлакатлари фақатгина бойликларини эмас, балки чет мамлакатлар билан дип-ломатик муносабатлар ўрнатиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида ўзига хос тажриба тўплаганликларини ҳам кўрсатмоқда. Бундан ташқари, барча учун очиқлик, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш сиёсати, қолаверса, инсоният илмий-техник тараққиётининг энг илғор ютуқларини ўзида мужассам этиб бораётганлиги ҳам мазкур минтақа давлатлари сиёсатининг ажралмас қисмига айланиб улгурди.

2017 йил 10 сентябрь. Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити бўлиб ўтди. Юртбошимизнинг мазкур саммитда сўзлаган нутқи жаҳон оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида бўлди. Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббуси ҳам шу саммит доирасида айнан Президентимиз томонидан янг-раган эди.

Жорий йилнинг 24-27 март кунлари эса Президентимиз расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) бўлди. Маълумки, мамлакатимиз изчил ривожланиш йўлидан бормоқда. Бу жараёнда жаҳон тажрибасини ўрганиш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан инновацион, савдо-иқтисодий, инвестиция соҳаларида ҳамкорлик қилиш муҳим ўрин тутади. Айнан мана шу жиҳатлар ташриф доирасида бўлиб ўтган олий мақомдаги музокараларнинг асосий мавзуси бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Буни музокаралар натижасида жами қиймати 10 миллиард долларлик келишувларга эришилгани – тарихий натижа десак, муболаға бўлмас…

Бундан ташқари, БАА билан Ўзбекистон ўртасида энергетика ва инфратузилма йўналишида лойиҳалар ишлаб чиқиш, фан-техника ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, халқаро ва минтақавий масалалар ҳам ташриф кун тартибидан ўрин олди.

Азиз ўқувчи, биз сўзимизни бежизга ислом омили билан бошламадик. Зеро, давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, улар қанчалик иқтисодий манфаатдорликка қаратилмасин, маънавий, маърифий, маданий яқинлик, қолаверса, бағрикенглик каби инкор этиб бўлмас инсоний тушунчалар борки, булар истаймизми-йўқми, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради. Шу сабабки, араб мамлакатлари, қўйингки, барча ислом давлатлари билан муносабатларимизда таъкидлаб ўтилган жиҳатлар ўз устуворлигини сақлаб қолаверади.

Элёр ЎТБОСОВ,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.