Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича аукцион ўтказиш тартиби тасдиқланди (ВМнинг 28.01.2019 йилдаги 63-сон қарори).

Қандай чекловлар жорий этилди?

Битта фуқарога тегишли бўлиши мумкин бўлган участкалар сони чекланмаган. Шу билан бирга, биргина шахс аукционда якка тартибда уй-жой қуриш учун ерга бўлган ҳуқуқни бир йилда 1 мартадан кўп сотиб олишга ҳақли эмас.

Барча учун умумий ер майдони лимити 0,04 гектаргача ва ушбу ҳажм доирасида этиб белгиланди. Каттароқ ҳажмдаги участкани олишнинг имкони бўлмайди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлиш – пойтахт ва пойтахт минтақасида жойлашган участкалар бўйича аукционда иштирок этишнинг мажбурий шарти.

Кимга ер аукцион орқали, кимга усиз берилади?

Ўзбекистон фуқаролари фақат «E-IJRO AUKSION» майдончасидаги электрон аукцион натижалари бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун ер олишлари мумкин. Бироқ бунда 2 та истисно назарда тутилган: ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари, шунингдек ўзлари эгаллаб турган уй-жойни ҳокимликларга ўтказаётган шахслар ер участкасини олишга ариза билан ҳокимликка мурожаат қилишга ҳақлилар. Бу ҳолда фақат участка чегараларини натурада белгилаганлик, батафсил режа лойиҳасидан нусха тайёрлаганлик ва ерга бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказганлик учун ҳақ тўлашга тўғри келади.

Шу билан бирга, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қурилиши олиб борилаётган массивлар аукционда иштирок этмайди.

Аукцион қандай ўтказилади?

Аукцион ҳақидаги эълон у ўтказилишидан 30 календарь кун олдин жойлаштирилади. Иштирок этишга буюртманомаларни қабул қилиш 2 иш куни олдин тўхтатилади. Буюртманома бериш учун махсус порталда рўйхатдан ўтиш, ЭРИ олиш, шунингдек аукцион иштирокчисининг шахсий счётини тўлдириш йўли билан катта миқдорда закалат – лот бошланғич қийматининг 50 фоизини киритиш керак бўлади.

Аукционда иштирок этишга электрон буюртманомалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб автоматик режимда қабул қилинади, уларни қабул қилиш эса аукцион ўтказиш кунидан 2 иш куни олдин (соат 13:00 да) якунланади.

Аукцион бошланғич нархни ошириб бориш тартибида ўтказилади, аукцион қадами – лот бошланғич нархининг 5 фоизи. Шунингдек иштирокчиларга навбатдаги ставкани дастлабки белгиланган қадамнинг 5, 10 ёки 20 баравари миқдорида мустақил белгилаш ҳуқуқи берилади.

Аукцион якунлангунга қадар, иш куни мобайнида соат 9:00 дан 18:00 гача ўтказилади. Бироқ бу иштирокчиларда кун давомида ўзлари учун қулай вақтда таклифларини киритиш ҳуқуқи борлигини англатмайди. Гап шундаки, охирги таклифдан сўнг 10 дақиқа давомида ҳеч ким навбатдаги таклифни киритмаса, охирги так-лифни киритган иштирокчи аукцион ғолибига айланади. Яъни аукцион соат 9:00 дан 18:00 гача давом этиши учун бошланғич нарх камида 54 марта 5 фоизга (аукцион қадами) ошиб бориши зарур. Шу тариқа, кун охирига келиб лот қиймати камида 270 фоизга ошиши мумкин. Соат 18:00 да фаол олиб борилаётган савдолар тўхтамай, соат 21:00 гача шу йўсинда давом этиши мумкин. Бу ҳолда соат 21:00 да охирги таклифни киритган иштирокчи ғолиб бўлади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.01.2019 йилдан кучга кирди.

Манба: “Норма”.