Биринчи нуқтаи назар

“2018 йилнинг февраль ойида шаҳар ҳокимлиги вакиллари келиб, Оҳангарон шаҳридаги собиқ Охунбобоев номидаги  кўчада жойлашган савдо нуқталаримизни бузишмоқчи эканлигини, бизнинг дўконлар ноқонуний қурилганини айтишди. Топганимизни емай-ичмай, соғлиғимизни чеккага суриб қўйиб, шу қурилган бино ва иншоотларга сарф қилдик. Қўлимизда барча эгалик ҳужжатлари, қарорлар бор.  Кўпчилигимиз ушбу биноларни гаровга қўйиб кредит ҳам олганмиз. Агар  бу объектлар бузилиб кетадиган бўлса,  шунча тадбиркор нима иш қилади? Яна ишсизлар сони кўпаяди-ку!

Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарорига асосан, бино эгаларига компенсация пули ва ер ажратилиши керак.  Ҳокимлик бизга ер ва пул ажратсин, марҳамат, кейин бузамиз”.

Иккинчи нуқтаи назар

“Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги 174-сонли қарорининг 26-бандига асосан, барча магистрал каналлар, уларнинг тармоқлари ва хўжаликлараро тақсимловчилари, магис-траль ва  хўжаликлараро коллекторлар бўйлаб қирғоқ бўйи минтақалари белгиланади. Бу иншоотлар тегишли бўлган хўжаликларнинг розилигисиз у ёки бу сув олувчи машина, механизмлар ўрнатиш, вақтинчалик, доимий иншоот, бинолар қуриш тақиқланади.

Юқоридаги қарорга асосан “Янгибаланд” каналининг сув ўтказиш қобилияти 3,0 м3/с бўлиб, каналнинг муҳофаза ҳудуди 10 м дан 15 м гача этиб белгиланган. Ҳозирда муҳофаза ҳудудида жами 13 та дўкон ва тамаддихоналар фаолият юритиб келмоқда.  Айни кунларда канал қирғоқлари кенгайтирилиб, бу ерда аҳоли саломатлиги учун велойўлаклар қуриш ишлари бошлаб юборилган.  Ушбу хўжаликлараро каналнинг қирғоқбўйи минтақаларида яъни, муҳофаза ҳудудида қурилган дўкон ва озиқ-овқат шохобчалари канал ўзанини тозалаш, ободонлаштириш ва реконструкция қилиш ишларига халақит бериб, шаҳар архитектура кўринишига ҳамда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди”.

P/S: Юқоридаги фикрлар вазиятнинг умумий баёни эди, холос. Мулкни давлат тасарруфига ўтказишнинг тартиби, қонуний йўл-йўриқлари, воқеанинг тўлиқ тафсилоти билан янаги газетамизда батафсил маълумот берамиз…