Изоҳ

Газетамизнинг ўтган сонида “Квартплата” нега ошаяпти?” сарлавҳали мақола чоп этилиб, унда шаҳар ХУЖМШ уюшмаси раҳбари Рустам Алимовнинг аҳолини қизиқтирган бир неча саволларга жавоблари келтирилган эди. Қисқа вақт ўтганига қарамасдан, аҳолидан мурожатларнинг сони ошиб, мазкур масаланинг моҳияти юзасидан батафсил тўхталишимизни сўрашмоқда. Шу сабаб, мавзу юзасидан ўз мулоҳазаларимизни билдириб ўтишни лозим деб топдик.

Муаммо

Сўнгги кунларда шаҳримиздаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли орасида мажбурий бадал тўловлари нархи ошиши тўғрисида кўп мулоҳазалар, фикрлар билдирилмоқда. Тўғри, бу нарса кўпчилик орасида норозилик кайфиятини уйғотаётгани бор гап. Улар орасида тўғридан-тўғри айбни ширкат раисларига юклаётганлари ҳам йўқ эмас.  Бироқ масалага теранроқ разм соладиган бўлсак, бу нарса объектив сабаблар билан боғлиқлигини кўришимиз мумкин.

Хусусан, қурилиш моллари нархининг кўтарилиши қурилиш-монтаж ишларини бажаришга ажратиладиган кредитлар ҳажмининг ҳам ортишига олиб келади. Бозор иқтисодиёти шароитидан келиб чиқадиган бўлсак, буни табиий ҳол, дея баҳолашимиз керак. Бундан ташқари, “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ХУЖМШлар бозор механизмларига мувофиқ равишда фаолият юритиши белгилаб қўйилган.

Шундан келиб чиқиб, кўп қаватли уйларни таъмирлаш учун катта миқдорда кредит олган ширкатларнинг аҳволини ҳам тушунишимиз зарур. Банклардан олинган кредитларни ўз вақтида ёпмаган ширкатларга келгусида кредит берилмаслигини ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак. Айни пайтда шаҳримизда таъмирга муҳтож уйларнинг сони эса кўп.

Масаланинг жиддийлигидан келиб чиқиб, ушбу муаммо вилоят даражасида кўриб чиқилаётганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Жумладан, куни кеча вилоят ҳокими ўринбосари Қ.Ҳамдамов раислигида ўтган видеоселектор йиғилишининг асосий мавзуси ҳам илк маротаба ширкатларга тўланадиган маблағларнинг тариф ставкаларини қайта кўриб чиқишга бағишланди. Йиғилишда банклардан қарздорлиги мавжуд бўлган ширкатларнинг аксариятида тариф ставкалари 200-400 сўм атрофида эканлиги таъкидланди. Бундай нарх билан мавжуд қарзлардан қутулиш амримаҳол-ку, шундаймасми?

Азима МИРСИДИҚОВА, “Тараққиёт Люкс” ХУЖМШ раиси: – 2017 йил 24 апрелда Президентимизнинг “2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2922-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, 2018 йилда шаҳримиздаги мавжуд 18 та ширкатлар томонидан 6 млрд. 700 млн. сўм миқдорида кредитлар олинди.

Хусусан, ширкатлар томонидан ўтган йил давомида кўплаб уйларнинг дераза ромлари замонавий акфа пластик ромларга алмаштирилди. Уйларнинг том қисми капитал таъмирдан чиқди. Ўттизга яқин уйларнинг фасад қисмлари, кириш йўлаклари таъмирланди.  200 га яқин хонадоннинг ичимлик суви қувурлари ва канализация тизими янгисига алмаштирилди.

Ҳозирги кунда қурилиш молларининг нархи ошиб бориши натижасида ўз-ўзидан харажатлар ҳам ортмоқда. Ҳозирги амалдаги мажбурий бадал тўлови миқдори билан олинган кредитларни сўндиришнинг умуман иложи йўқ. Шу сабабдан, ҳокимлик мутасаддилари билан келишган ҳолда, ушбу тўлов миқдорини 800 сўм  қилиб белгилаш таклифи илгари сурилди.

Маълумки, ширкатлар томонидан олинган қарздорлик аҳолидан йиғилган мажбурий бадал тўловлари эвазига қопланади. Биргина ўзим раислик қилаётган “Тараққиёт Люкс” ширкатининг 2014 йилдан 2018 йилгача бўлган дебиторлик қарзи 825 миллион сўмни ташкил этмоқда. Шу ўринда айтмоқчиманки, аҳоли ҳам ўз мажбуриятларини тўғри ҳис қилган ҳолда, тўловларни вақтида амалга оширишса, ширкатларнинг самарали ишлашига ўз ҳиссаларини қўшишган бўлар эди.

Вазият

Айни пайтда вазият шунда-йин тус олди-ки, икки томонга ҳам зарар етмаган ҳолда, “олтин ўрталиқ”ни топиш долзарб масалага айланди. Ҳозирда ҳокимлик мутасаддилари ҳамда ширкатлар халқ билан ўзаро очиқ мулоқотлар олиб бориб, масаланинг туб моҳиятини аҳолига тўғри етказган ҳолда, қилинган ишлар ҳақида тегишли ҳисоботларни бериб, келгусида амалга ошириладиган ишларни тушунтириб ўтишмоқда. Шу аснода, ўзаро аҳоли билан келишган ҳолда тариф ставкаларини белгилаб олишмоқда.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Оҳангарон шаҳри бўйича муддати ўтган қарздорлик миқдори 636 млн. сўмни ташкил этмоқда. Мажбурий бадал тўловлари кўп қаватли уйларнинг квадрат метрига 500 сўм этиб белгиланган. Бироқ таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мазкур миқдор мавжуд кредит тўловларини сўндиришга етарли эмас.

Шу сабаб, нархларнинг оширилишини кечаётган жараёнларнинг, бозор иқтисодиёти қонуниятларининг бир бўлаги сифатида баҳолаб, вазиятга холисона баҳо бериш зарур. Зеро, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ушбу юртга дахлдорлик туйғуси билан яшамоғи баробарида, ўз уйининг, маҳалласининг ободлиги учун ҳам қайғурмоғи даркор.

Диёрбек Йўлдошев.