Ўзбекистон Конституциясининг муқаддимасида ўзбек халқи инсон ҳуқуқларига содиқликни эълон қилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат қуришни кўзлаб, ушбу буюк ҳужжат қабул қилиниши кўрсатилган.

Конституциянинг 15-мод-дасида барча фуқаролар ва давлат органлари унга ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар, деб алоҳида таъкидланган ва барча масалада бошқа ҳуқуқий нормаларга қараганда қонунларнинг устувор туриши белгилаб қўйилган. Бу дегани, ҳар қандай ҳужжат, Низомми, кўрсатма ёки буйруқми қонунларга хилоф келган тақдирда, юридик кучга эга бўлмаслиги лозим.

Жамиятда шундай бир иллат деймизми, камчиликми бор. Дейлик, маҳаллий бошқарув органи ўзининг юқори ташкилоти юборган ҳужжатга кўра баъзи ҳолларда фуқароларнинг ҳуқуқларини бузувчи қа-рорлар қабул қилади ва шу каби ишларни амалга оширади. Ахир бу қонунга хилофку, бундай қилмаслик керак, дейилса, биз учун буйруқнинг ўзи қонун, деб юришади.

Баъзи  идораларга кирсангиз, сизнинг шахсий ҳуқуқларингиз тимсоли бўл-ган телефонингиздан фойдаланиш ҳуқуқи бузилиб, уни шу идорада бўлган вақтингизда мажбуран олиб қўйишади, бу эса Фуқаролик Кодексининг 207-моддасига кўра зид, чунки мазкур қонун талабига кўра, ҳар қандай қонунга биноан қўлга киритилган мулк унинг эгаси томонидан қонунларга мувофиқ тасарруф қилинади, демак телефон аппаратини ўша идорада ҳам ишлатиш мумкин. Агар идора ходимлари бу уларнинг иш фаолиятига халал беради, деб ҳисоблашса, телефонни овозсиз режимга ўтказиб қўйилишини талаб қилишлари ва идорадан чиққандан сўнг, фойдаланишларини сўрашлари мумкин.

Фазлиддин ПАРДАЕВ,
Туман ХТБ “Васийлик ва ҳомийлик” органи масъул ходими.