Мамлакатимизда кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, янги Солиқ Концепцияси асосида жорий этилган қўшимча қиймат солиғи бўйича чакана савдода саккиз хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва нон маҳсулотларини ҚҚС дан озод қилиниши нарх-навонинг сунъий ошиб кетмаслигига гаров бўлди.

Ўз ўрнида, умумовқатланиш масканларида Солиқ ставкалари хақида аниқ бир мисол тариқасида ҳисоб-китоб қилсак.

Ошга керакли маҳсулотлар:
гуруч (лазер) 1 кг. 15000
қўй гўшти 1 кг. 42000
қўй ёғи 300 гр 12900
сабзи 1,2 кг. 1500
зираворлар 1400
Маҳсулотларнинг жами йиғиндиси: 72800

 

Жараёндаги коммунал тўлов (тахминан) 7200

 

Жами: 80 000 сўм

 

Мазкур 1кг*1кг ош 120000 сўмга сотилса, йирик умумовқатланиш маскани (обороти 1 млрд.дан ошиқ) 18800 сўм ҚҚС тўлайди ва 21200 сўм даромад кўради. Кичик умумовқатланиш маскани (обороти 1млрд.дан кам) туманда жойлашган бўлса, 4 фоиз ставкада, яъни 4800 сўм солиқ тўлайди ва 35200 сўм даромад кўради.

Агар умумовқатланиш маскани кичик шаҳарда жойлашган бўлса, 6 фоиз ставкада, яъни 7200 сўм солиқ тўлайди ва 32800 сўм даромад олади. Агар катта шаҳар, яъни 8 фоиз солиқ ставкаси бўйича 9600 сўм солиқ тўлайди ва 30400 сўм даромад кўради. Йирик умумовқатланиш масканидаги алоҳида хоналар, банкет заллар, мусиқа, фаввора ва шу каби  шароитлар эвазига бир кунда 25-35 кг. ош сотилиши мумкин. Кичик умумовқатланиш мас- канида эса 10-15 кг. ош сотилиши мумкин.

Ўтган йиллар мобайнида солиқ ставкаси барчага баробар бўлганлиги боис аксарият кичик умумовқатланиш мас-канлари ривожланиш ўрнига инқирозга учраган. Энди уларнинг ҳам даромадлари ошиб, ривожланади. Бу эса ҳақиқий рақобатни юзага келтиради. Кичик умумовқатланиш масканлари нарх-наво ҳисобига устунлик қилса, йирик умумовқатланиш масканлари улардаги шароитлар, имкониятлар ва сифат даражаси ҳисобидан устунликка эришади. Демак, бу доимий иш жараёнларида масъулиятли бўлишни талаб этади. Тадбиркор сал эътиборсиз бўлса, кучли рақобат, катта харажат қурбонига айланиши ҳеч гап эмас.

Шавкат КОМИЛОВ,
тадбиркор.