Ўтган йили «BRICS Business Magazine» журналининг инглиз тилидаги версияси муқовасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сурати чоп этилиб, остига “Бош реформатор”, дея битилган эди. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, барча давлат раҳбарларига ҳам реформатор сифатида баҳо берилмаганлигини кўришимиз мумкин. Жаҳон миқёсидаги бундай эътироф бежиз эмаслигини мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган туб ўзгаришлардан барчамиз англаб турибмиз.

Ўтган қисқа давр мобайнида, мамлакатимиз раҳбари давлат бошқаруви ва иқтисодиёт соҳаларини либераллаштиришга қаттиқ бел боғлади. Ташқи иқтисодиётда асосий урғуни, дастлаб, қўшнилар билан алоқаларни яхшилашга, кўп йиллик қотиб қолган минтақавий муаммоларга ечим топишга қаратди.

Айниқса, сўз эркинлиги, фикр эркинлиги, ҳаракат эркинлиги борасида олдинга қараб силжишлар кузатилди. Аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммолар эркин, ошкора айтилиб, ҳал этилмоқда. Раҳбарларнинг халқ олдидаги жавобгарлиги, ҳисобдорлиги оширилди.

Эътибор бераётган бўлсангиз, сўнгги пайтда айрим вазирлик ва қўмиталар тугатилиб, янги вазирликлар ташкил этилаётганлиги ҳақидаги хабарларга кўникиб бораётгандекмиз, гўё. Бу нимадан далолат? Аслида, жамият ҳаёти бир жойда қотиб турадиган жараён эмас. У муттасил равишда ривожланиб, янгиликларга бо-йиб, турли омилларга дуч келиб бораверади. Бу жараёнларга, истаймизми, йўқми, дунёда кечаётган ўзгаришлар ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бундай шароитда эса, замон билан ҳамнафас бўлиш, унга мослашиш тараққиётнинг муҳим белгиларидан саналади. Шундай экан, барча соҳаларда янгиланишлар кечаётган бир вақтда, ўз вазифасини ўтаб бўлган, ёхуд бугунги кун талаб-ларига мос келмай қолган тизимдан воз кечиш ёхуд қатъий ўзгаришларни амалга ошириш кераклиги ойдинлашади. Шу аснода айни пайтда жамият соҳаларининг барча тизимларида кечаётган структуравий ўзгаришларга давр талаби сифатида қараш ўринлироқ бўлар эди, наздимизда. Қолаверса, бундай таркибий ўзгаришлар давлатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, барча бўғиндаги раҳбарлар фаолияти самарадорлигини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини оширишга хизмат қилиши тайин.

Президентимиз Самар-қанддаги йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси таркибида, жумладан, Бош вазир ўринбосарларининг сони қисқартирилиши ҳақида тўхталиб, Вазирларни халққа ҳисобот бериши, сессияларда ҳокимлар бошлиқ бўлмаслигини, уларни депутат бўлиши ҳам нотўғри сиёсат эканлигини айтиб ўтган эди.

Ушбу сўзларнинг амалдаги исботи сифатида куни кеча Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Унга кўра, ҳукуматда комплекслар раҳбарлари лавозимлари ва қатор департаментлар тугатилди. Вазирлар Маҳкамасида еттита янги лавозим жорий этилиб, бошқарув ходимларининг чекланган сони 178 нафар бўлган ижро этувчи тузилмаси тасдиқланди. Шунингдек, Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари давлат ташкилотларида раҳбарлик қила олмайдиган бўлди.

Адолат тарози билан ўлчайдиган бўлсак, дарҳақиқат, ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотдан ҳисобот олиш (яъни ўзидан) ҳар қандай ҳолатда ҳам одиллик тамойилларига мос келмаслиги аниқ. Шундай экан, бундай таркибий ўзгаришлардан кўзланган мақсад ҳам ошкораликка, одилликка эришишдир, деб ўйлаймиз.

Мана, 2019 йилнинг бир ойи ортда қолибди-ки, бу пайтнинг ўзида давлат раҳбарининг барча бўғиндаги раҳбарларга ибрат бўлиб, улкан ислоҳотларга қўл ураётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу эса яна бир бор юқоридаги таъриф нечоғлиқ ҳақиқат эканлигини кўрсатмоқда.

Элёр ЎТБОСОВ,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.