Ўзбек адабиётиинг шоҳ асарларидан бири – атоқли шоир Йўлдош Эшбекнинг “Йиғлаётган қиз” номли шеъри шундай якунланади:

Мен сенга қўшилиб йиғлай олмасман,
Фақат бош эгаман қайғунгга сўзсиз.
Мен сенга талпиниб, асло толмасман,
Мен сени севаман, йиғлаётган қиз!

Минглаб-милионлаб ўзбек ёшларининг севимли асари бўлган бу шеър тиниқ туйғуларнинг, ҳақиқий муҳаббатнинг нозик ва бетакрор тажаллиси. Шеърни ўқиб, дунёнинг ишларидан ҳайронлик туясан, аёлни йиғлатган манфур касларга лаънат айтасан. Аммо…

Туман ҳокими Ўктам Турсуновнинг ҳикояси: “Ҳар куни эрталаб ҳудуддаги вазият бўйича ИИБнинг оператив маълумотини юрак ҳовучлаб ўқийман. Ишқилиб тинчлик бўлсин, жиноятчилик камайган бўлсин дейман. Йўл-транспорт ҳодисаси, ўғрилик, ва бошқа жиноятлар… Майли, бундай турдаги жиноятлар алоҳида мавзу, бу йўналишда ишлаяпмиз. Лекин шундайлари борки, ўқиб ёқа ушлайсан. Кечки пайт фалон соатда фуқаро Фалончиева яқин танишидан енгил тан жароҳати олиб, ҳудудий ИИБга мурожаат қилган. Кейинги пайтда шунақа хабарлар кўпайиб кетди… Бу нима дегани, биласизми? Бу қиз ва йигитнинг жанжали, учрашувга чиққан ёки мунтазам кўришиб турган қиз-йигит ёки эркак-аёл муштлашган, қиз йигитдан, аёл эркакдан калтак еган… Бу – шармандалик, бошқа нарса эмас…”

Муҳаббат қачон бу қадар жўнлашиб кетди? Қачон, айтинг, қачон Кумушбибилар ўз суйганидан калтак ейишга одатланди? Ҳали турмуш қурмай туриб, ўртасида тузукроқ муносабат пайдо бўлмасидан бурун йигитидан калтак еган қизга нима дейиш мумкин? Унга раҳм қилиш керакми? У қандай муносабатга лойиқ?

Бизнингча, бу – асл инсоний туйғуларнинг топталиши, ерга урилиши. Кўнгил чаманзорида барқ уриб яшнаётган энг покиза туйғуни сийқа ва хира истакларга алмашиш, аёллик шаънини ерга уриш.

Қизми, жувонми, ким бўлса-да, ўзи мақбул кўрган йигит билан учрашишга ҳақли. Демократик жамиятда яшаяпмиз. Фуқаронинг қонун йўли билан тартибга солинадиган шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари бор. Шулардан бири ўз шахсий ҳаётини ташкил этишга доир меъёрлардир. Бунда улар мутлақо эркин, қалби буюрган ишни қилиши, ахлоқ нормаларидан чекинмаган ҳолда, ижтимоий муносабатларга киришиши мумкин. Манзаранинг аянчли жиҳати эса бошқа – ўша ИИБнинг кунлик ахборотида аниқ-тиниқ ёзилган сўзлар: “Фуқаро Фалончиева кеч соат 22-30 да таниш шахсдан енгил тан жароҳати олиб….”

Эй, йигит, недурданки сенга эргашган, ваъдаларингга инониб, аёллик шаънини ўртага қўйиб учрашувга чиққан қиз болага қўл кўтарасан? Қани сенинг ғуруринг?

Эй, гўзал қизгина, сен нега севдим деган шу йигитнинг пуч сўзларига ишондинг? Нима учун қизлиқ шаънингни ўйламадинг? Сен қачон, айт, қачон унга ўзингга қўл кўтара олиш даражасида ваколат, ҳуқуқ берган эдинг? Ота-онангни, укаларингни, яқинларингни, уларнинг чилпарчин бўлаётган ғурурини ўйламадингми?..

Фанда “Ҳуқуқ фалсафаси” деган алоҳида йўналиш бор. Илло, ҳуқуқ ҳам алоҳида фан эмас, предмет, асосий фан фалсафадир. Тушунчаларга аниқ таъриф бериб, айб ва айбсизлик оралиғидаги масофани ифодалаш фалсафанинг иши. Хуллас, ўша фанда “Муҳаббат ҳуқуқи” мавзусидаги туркум тадқиқотлар йўналиши бор. Тасаввур қилаяпсизми, ҳеч бир ҳуқуқий амалиётга мувофиқ келмайдиган, фақат инсон қалбини тафтиш қиладиган “Муҳаббат ҳуқуқи” деган тушунча бор дунёда. Назаримда, бугунги ёшларимиз оила қуриш, балоғат ёши арафасида шу йўналишдаги асарлардан кенгроқ бохабар бўлиши керакдай…

Чунки панд-насиҳат, масла-ҳат йўсинидаги гаплар кор қилмаётганга ўхшайди. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, “Оила” маркази, ФҲДЁ бўлими биргаликда яхшилаб ўйлаб кўрсалар, мазкур йўналишдаги сертаъсир асарлар мутолаасини ёшлар ўртасида тизимли равишда ташкил этсалар мақсадга мувофиқ бўлармиди…

Аввалги гапга қайтиб давом этадиган бўлсак, яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Катталар ёшларнинг қалб бисоти бой, гўзал бўлиши учун масъулдирлар. Бу ўринда Румийнинг машҳур сўзлари ёдга келади.

Мавлоно айтадики, вужуд ва руҳ гўёки от ва чавандоз кабидир. Инсон вужудини ҳар куни лазиз таомлар билан тўйинтириб бораётгани каби руҳини ҳам бо-йитиб бормаса, нўноқ чавандозга айланади. Тулпор ҳар қанча асов ва кучли бўлмасин, чавандоз нўноқ экан, у ҳеч нимага ярамайди.

Ўйланг, биз ҳам ҳам вужудимиз истакларини сўзсиз адо этиб, руҳимизни унутмадикми? Телевизор қаршисида турк, корейс сериалларига мубтало бўлиб, умрни шу сериалдан сериалгача вақт оралиғида тасаввур этиб, ўша кинолардаги туйғулар билан ҳаётни ўлчайдиган бўлиб қолмадикми?..

Жиноятчилик, турк сериали, муҳаббат шукуҳи… Бир қарашда ўзаро боғланмайдиган, ўзаро номувофиқ тушунчаларга ўхшайди. Аслида эса ундай эмас. Жамиятда диди қашшоқлар кўпайгандагина бу каби иснодли жиноятлар урчийди. Қалб бисоти ғариб қизларгина оқшом маҳали оиласининг ор-номусини топтаб, бегона йигит билан учрашиш учун кўчага ошиқади.

Дидактиканинг синалган ва самарали усули шундайки, ёшларга қарата: “Нега шундайсан, аҳмоқ?” деб эмас, “Ойдиним, маликам, полвоним, сен мана бундай бўлишинг керак, биз сендан умидвормиз” қабилида тарбия беришни ташкил этишимиз зарур…

Албатта, бу тафсилот атрофида кўп гаплар айтиш мумкин. Таъна-маломат ёғдиришдан осони йўқ. Ўша – ярим кечада “таниш йигитдан енгил тан жароҳати олган” (ИИБ маълумотномасидаги сўзлардан) қиз ҳам бахтли бўлишни, висол таъмини тотиб кўришни истаган бўлса бордир. Бу ҳам қалб эҳтиёжи, кўнгил талпиниб турганда, ўзини тутиш ҳам осон эмас.

Шундайку-я… Лекин улар инсоният тарихи минг-миллион марта исботлаган қуйидаги ҳақиқатларни бир карра ёдга олиб, сўнгра оқшомги учрашувларга чиқиш-чиқмасликни ҳал қилсалар, мақсадга мувофиқ бўларди:

– Орсиз оналардан орсиз болалар туғилади!

– Вужуд истакларига тобе муносабат бу муҳаббат эмас!

– Севаман деб баралла айтиш бу ҳали севги эмас!

– Суйганим деганингга қал-бингни бердинг. У сенга қўл кўтарди. Унга ҳаётингни берганингда нималар қилишини тасаввур қилаяпсанми?

– Қалбим меники, истаганимга уни бера оламан, дейиш худбинлик. Бир қаричлигингдан тарбиялаб, ўстириб, соғлом вояга етказган ота-онангники аслида сенинг қалбинг! Қолгани сафсата гаплар! Зотан, муҳаббат, аввало меҳрдан бино бўлади.

– Эркак зоти ўз аёлининг қалбида бўшлиқ ҳосил қилганда, унинг кўнглидан қолганида жуда катта хатога қўл урган бўлади. Энди унинг аёли ўзининг бўм-бўш қалбига соҳиб қидира бошлайди. Ким айбдор?

– Эр аёлининг ҳамма амалларига рози бўлади. Топган-тутганига аёли тўла эга чиққанидан асло ранжимайди ҳам. Бироқ аёл киши эрининг кайфиятини бошқаришга ҳам уринса, оиланинг умуртқаси ўша ондаёқ синади. Кейин орадан вақтлар ўтиб, барбод бўлган оила, бошқаси билан кетиб қолган эр, етим тақдирлар…

Танланг, сиз қайси йўлдан бормоқчисиз?.. Ярим тунда йигитидан калтак еб, сўлғин ўтирган қизнинг аҳволига тушишни истайсизми? Сиз-чи, қадрли йигитлар, шундай қизни тоабад сева оласизми? Сизга шундай ваколат берган қизга аталган туйғуларингиз софми? Аминманки, уйга бориб, ҳаммасини хаёлдан ўтказасиз, боягина телефонидан чиққан бир сурат ёки sms учун титраб-қақшаб сиздан узр сўраётган, урган-сўкканингизга рози бўлиб, ё ташлаб кетмасликни ўтиниб сўраганча йиғлаётган қизни ўйлайсиз. Аслида бу хиёнат эмаслигини, шунчаки эркаклик ғурурини, кўр рашкнинг иши эканлигини кулиб ўйлайсиз, энди муҳаббат алланечук сийқа ва хира тортади. Измингизда бўлган қизнинг аҳволи, чорасиз ўтинишлари, туйғуларига қул бўлган ақли кулгингизни қистатади, сўнгра қатъият билан секин пичирлайсиз:

Мен сени севмайман, йиғлаётган қиз…

(Қизлар, аёллар, кўзни очинг, ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз ютқазаяпсиз!)

 

Абдусаид БОБОКАЛОНОВ,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.

Расм муаллифи: Ибрагим КУРАЛБАЕВ.