Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2019 йил анчайин масъулиятли бўлиши, айниқса, барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддиларга осон бўлмаслигини, ҳали халқ олдида қилинадиган ишлар кўплигини таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, янги йилнинг бир ойи ўтар-ўтмас, Юртбошимиз икки хорижий давлатга – Ҳиндистон ва Германияга ташриф буюрди. Ташрифлар давомида давлатларимиз ўртасида иккитомонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор битимлар имзоланди.

Айниқса, узоқ танаффусдан сўнг, мамлакатимиз раҳбарининг Германияга расмий ташрифи анчайин самарали бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Ташриф давомида Президентимиз Германия президенти, федерал канцлери, Бавария бош вазири билан учрашди.

2019 йил – “Фаол инвес-тициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинганлигини инобатга оладиган бўлсак, ташриф давомида олиб борилган музокараларнинг мазмун-моҳиятида юртимизга немис сармоясини кенгроқ жалб этиш мавзуси устуворлик касб этди, дейиш мумкин. Умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тузилган шартномалар фикримизнинг тасдиғидир.

Маълумки, Германия ўта ривожланган индустриал-технологик давлат бўлиб, иқтисодиётнинг саноат ва технологик тармоқлари бўйича, хусусан, автомобиль, кимё, электротехника, авиакосмик, қурилиш ва озиқ-овқат саноати билан дунёда етакчилардан саналади. Товар экспорти бўйича жаҳонда тўртинчи, хомашё импорти бўйича эса бешинчи ўринда туради.

Сўнгги пайтда юртимизда туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу борада ҳам Германиядан келаётган меҳмонлар сони йил сайин ортиб бораётганлигини таъкидлаб ўтиш жоиздир. 2016 йилда уларнинг сони 4 минг 889 нафарни ташкил килган бўлса, 2018 йилда 18 мингдан зиёд германияликлар мамлакатимизга ташриф буюришган.

Айни кунда Ўзбекистон билан Германия БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи каби халқаро ташкилотлар доирасида глобал ва минтақавий масалалар бўйича ҳамкорлик қилмоқда.

Президентимизнинг Германияга ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги қирраларни очиб берди. Ўйлаймизки, ўзаро манфаатли, дўстона алоқаларимиз янада ривожланиб, яқин келажакда ўз натижаларини кўрсатади.

Президент Мюнхен шаҳрида «Siemens», «Thyssenkrupp», «Volkswagen», «Knauf», «Claas», «MAN», «Deutsche Bahn», «Linde Group», «Falk Porcshe Technik», «Atlas International», «Tenova», «Giesecke & Devrient», «Papenburg», «Euler Hermes», «Deutsche Bank», «Commerzbank» каби Европа ва жаҳон бозорининг етакчи компаниялари, молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Ангела Меркель, Германия федерал канцлери: “Биз Ўзбекистоннинг ишончли шериги бўлишни хоҳлаймиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш учун кўплаб имкониятлар борлигини кўрмоқдамиз”.

Элёр ЎТБАСОВ,

“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.