Пальто киймай қўйди одамлар…

Мамлакатимиз, хусусан, Оҳангарон шаҳрининг ҳам ишлаб чиқариш қудрати ортиб, экспорт салоҳияти ривожланмоқда. Айниқса, юртимизда етиштирилган табиий толалардан тайёрланаётган табиий матоларга хорижда талаб юқори. Бугунги кунда жаҳон аҳли ўзбек табиий матосидан тайёрланган кийимларни танлашаётган экан, шаҳримиз дўконларида табиий матолардан бўлган кийимлар, хусусан, қишки либосларга талаб қандай?

Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида марказий деҳқон бозоридаги кийим-кечак дўконларини айландик. Қатор савдо дўконларининг деярли барчасида аралаш турдаги буюмлар сотилмоқда. Қолаверса, савдо дўконларининг қишки коллекцияси харидор диди ва бугунги кун талабига мос эмаслиги кўзга ташланади. Дўконлада қиш, яъни аёзли фасл мавсумига мос пальто ёки шубаларни топиш амримаҳол. Расталарда савдо сустлиги-ю, харидор камлигининг сабаби ҳам шундадир, эҳтимол. Қизиқ, оҳангаронликлар пальто киймай қўйишдими ёки дўконлардан пальто топа олишмаяптими?

Куртка – харидорбоп кийим…

Қатор савдо дўконларининг барчасида брезент (сунъий) толали матодан тикилган курткаларни учратиш мумкин. Хитойда ишлаб чиқарилган эркаклар курткаси 250 минг сўмдан 350 минг сўмгача, олди соябонли бош кийим (кепка) ва шапка 25-45 минг сўм, аёллар курткаси 250 мингдан 350 минг сўмгача, болаларники 200-250 минг сўмдан сотилаяпти. Юртимизда ишлаб чиқарилган курткалар ҳам бор. Уларнинг нафақат нархи, шунингдек, сифати ҳам пастлиги яққол кўриниб турибди. Ўзимизнинг тадбиркорлар тиккан курткалар 120-150 минг сўм экан.

– Хитой ёки Кореяда ишлаб чиқарилган маҳсулотдан матоси, ҳам дизайни жиҳатидан анча паст, – дейди сотувчи нархдаги тафовутга изоҳ бериб, – чоклари ҳам яхши эмас. Яшил, шунингдек, оч рангли курткалар бугун урфда.

– Аслида куртка клеёнкадан тайёрланган, ҳаво ўтказмайди. У танани терлатиши натижасида шамоллашга, хасталикка йўл очилади, – дейди харидорлардан бири Зилола Мавлянова. – Ҳамёнбоп ва қулай бўлганлиги учун ҳам айни кунда куртка урфда бўлса керак. Бироқ курткани қишнинг қаҳратон кунларида кийиб бўлмайди. Тўғрироғи, куртка қиш либоси эмас, уни ёмғирли кунда кийиш мумкин.

– Яқинда қизимга куртка сотиб олдик. Бир-икки бора кийди. Аммо совуқ кунларга тўғри келмаслигини тушуниб етди шекилли, яна пальтосини кия бошлади, – дейди яна бир суҳбатдошимиз Ноила Юсупова. – Ҳозирги вақтда куртка урфга айланган. Кўп йиллардан буён, тиббиёт соҳасида ишлайман. Касбий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ҳаво совуқ кунларда, албатта, пальто кийиш керак. Замонавий курткаларнинг матоси жундан тайёрланмайди, шу боис совуқдан ҳимояланиш қийин.

Бозорда оёқ кийим растаси борми?

Марказий бозорни ҳормай-толмай кезиб, оёқ кийим дўконини топа олмадик. Аралаш маҳсулотлар дўконининг бир чеккасида нари борса 3-4 жуфт қишки этик ва қўнжи калта этикка кўзимиз тушди. Болалар учун мўлжалланган этиклар нархи 100-150 минг сўм, катталар учун ишлаб чиқарилганлари 220-240 минг сўм атрофида экан. Ишлаб чиқарувчиси номаълум, сифати ва кўриниши ҳам харидор дидига мос бўлмаган эски урфдаги бундай этик-ларга ўтган-қайтган шунчаки кўз ташлаб ўтаяпти холос. 130 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Оҳангарон тумани ва шаҳрида махсус оёқ кийим дўконининг йўқлиги ажабланарли ҳол эмасми? Туман-шаҳар аҳолиси мавсумга, урфга мос оёқ кийим излаб, ён-атрофдаги туман-шаҳар бозорлари ёки пойтахт бозорига боришга мажбур. Биз эса ҳозирги кунда Оҳангаронда қандай оёқ кийимлар урфлиги ҳақида тахминий хулоса чиқаришимиз мумкин, холос.

Сўнгсўз ўрнида

Маълумки, шаҳримизнинг марказий кўчаси бўйлаб қад кўтарган 5 қаватли иншоотларнинг биринчи қаватида кўплаб маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қаторида савдо дўконлари ҳам ўрин олади. Умид шуки, вилоятда муҳим туристик марказга айланиши кутилаётган шаҳримизда ушбу қаторда махсус кийим-кечак ва оёқ кийим дўконлари очилса, ажаб эмас. Жорий йилда шаҳримизда 4 та чарм маҳсулотларни қайта ишлаш корхонаси, бир нечта табиий трикотаж кийимлар ишлаб чиқариш цехлари ишга туширилди. Бу табиий маҳсулотлар нафақат шаҳримиз ва туманимиз аҳолисини, шу билан бирга, юртимиз сайёҳларини ҳам ўзига жалб этиб, Оҳангарон бренди ички ва ташқи бозорда ўзининг муносиб ўрнини топадиган кунлар яқин.

Райҳон САЛАЕВА,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.