2018 йил учун маҳаллий бюджетга белгиланган прогноз кўрсаткичлари 129 фоизга бажарилиб, солиқчиларимиз бу кўрсаткич билан вилоятда биринчи, республикада эса иккинчи ўринни забт этишди.

26 декабрь куни туман ҳокимлиги томонидан туман Давлат солиқ инс-пекцияси ходимлари учун Янги йил байрам дастурхони ёзилди.

Тадбирда туман ҳокими Ўктам Турсунов сўзга чиқиб, солиқчилар томонидан эришилган улкан ютуқларни мамнуният билан таъкидлаб, уларга байрам табригини йўллади.

– Туманда корхона ва ташкилотлар кўп. Уларнинг ҳар бирини ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий тараққиётимизда ўз улуши бор. Аммо солиқ  инспекцияси деганда мен, аввало, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш имконини берадиган тизимни тушунаман.

Агар солиқлар йиғими ундирилмаса, бюджет йўқ, бюджет бўлмаса, ҳаёт издан чиқади, норозилик пайдо бўлади. Сизлар туфайли бугун вилоят жамоатчилиги ва азиз Юртбошимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди. Маҳаллий тушумларнинг ижроси ортиғи билан бажарилди, – дейди туман ҳокими ўз табригида.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тошпўлат Маткаримов ҳамда воҳамизнинг умидли хонандаси Комилжон Шодиев ижро этган қўшиқлар байрамга янада шукуҳ бағишлади.

Диёрбек ЙЎЛДОШЕВ.