Ёдингизда бўлса, 2018 йил кириб келиши арафасида, аниқроғи, 2017 йилнинг 22 декабрь куни Президентимиз Олий Мажлисга амалга оширилган асосий ишлар ва ўтиб бораётган йилимизда Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномани тақдим этган эди. Айни дамда Юртбошимизнинг Парламентимизга навбатдаги Мурожаатномасининг тақдим этилиши кутилмоқда. Шу ўринда, Мурожаатномадан олдин, бу йил жамиятимиз ҳаётида юз берган ўзгаришлар тўғрисида айрим мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашишни мақсад қилдик.

Айни дамда янги йил остонасига қадам қўяр эканмиз, ушбу дақиқалар ҳар биримизни ўтган бир йил ичида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқ ва камчиликларни сарҳисоб қилиш билан бирга, келгусидаги режалар ҳақида фикр юритишга ундайди. Дарҳақиқат, 2018 йилда ривожланишнинг янги босқичини бошдан кечирган Ўзбекистон тарихида муҳим давр бўлди, деб бемалол айта оламиз. Барча соҳаларда олиб борилган ислоҳотлар замирида, айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарияти томонидан узоқни кўзлаб, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларининг устуворлигидан келиб чиққан ҳолда олиб борилган халқчил сиёсат турибди, десак янглишмаган бўламиз.

Сиёсий соҳада

Сиёсий соҳада олиб борилган ислоҳотлар, қабул қилинган қарорлару фармонлар жамиятимизда инсон омили энг олий қадрият эканлигидан келиб чиқиб, унинг сиёсий фаоллиги, давлат бошқарувидаги ролини ошириш, сиёсий, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилди.

Бунинг натижасида депутатлар, сиёсий партияларнинг фаоллиги ортди. Улар халқ олдида ҳисобдор эканликларини янада кўпроқ ҳис эта бошлашди. Хусусан, ҳар бир туман (шаҳар)да ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини ўрганиш бўйича тузилган республика ишчи гуруҳи вакиллари томонидан муаммоларни жойига чиқиб таҳлил қилиниши ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўраётган чора-тадбирлари жойлардаги раҳбар ходимларга янада масъулият юкламоқда. Бу нарса халқни давлатга, у томондан олиб борилаётган сиёсатга бўлган ишончини оширмоқда. Бу борада давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилинганлиги жамиятимиз ҳаётида катта воқеа бўлди.

Иқтисодиёт соҳасида

Ўтиб бораётган йилда асосий эътибор тадбиркорликни ривожлантириш, бу соҳага инновацион ютуқларни кенг жалб этиш, ишлаб чиқаришни кўпайтириш эвазига янги иш ўринларини яратиш, қолаверса, юртимизнинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришга қаратилди, десак муболаға бўлмаса керак. Ўзбекистонда мамлакатни амалда эркин бозор сари ҳаракатлантиришга ҳамда ташқи савдо ва валюта сиёсатини либераллаштиришга йўналтирилган ўта муҳим қарорлар қабул қилингани хорижлик сармоядорлар учун мамлакатимизнинг жозибадорлигини оширди.

Ижтимоий соҳада

Ижтимоий соҳада эришган энг муҳим ютуқларимиз-дан бири, шубҳасиз, шаҳар ва қишлоқларнинг янада обод бўлиб, аҳолининг арзон уй-жойлар билан таъминланиши эканини айтиш ўтиб жоиз. Шу билан бирга, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг амалга оширилиши фуқароларимизнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишда ёрдам берди.

Шунингдек, йил давомида қабул қилинган қарорлар ва амалга оширилган ишлар аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, йўл-транспорт, коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантиришга қаратилди.

Ташқи сиёсат соҳасида

Ташқи сиёсат борасида асосий эътиборимиз, энг аввало, яқин қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, давлатлар билан барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилди. Айниқса, халқаро ҳамжамият томонидан Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган сиёсат юксак эътирофларга сазовор бўлди. Жаҳон оммавий ахборот воситалари саҳифаларида юртимизда кечаётган ўзгаришлар ҳақида кўплаб материаллар бериб борилди.

Мамлакатимиз ташаббуси билан 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш“ резолюцияси қабул қилинди.

Шунингдек, 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат нафақат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлангани, балки Шимолий Америка ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан зиёд мамлакати билан ҳаммуаллифликда қабул қилингани эътиборга молик. Бу халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон раҳбари ташаббусининг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилган таклиф эканининг юксак эътирофидан далолатдир.

Бир йил ичида дунё аҳамиятига эга бўлган юқоридаги икки резолюциянинг қабул қилиниши 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди. Бу эса яна бир бор давлатимизни жаҳон мамлакатлари орасида ўз овози борлигини – қатъий позицияга эга эканлигини намоён қилди.

Ҳақли эътироф

Давлатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган сиёсат, мамлакатимиздаги ўзгаришлар халқаро ҳамжамиятнинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Ислоҳотларимизнинг бош ташаббускори Президентимизнинг Осиё журналистлари ассоциацияси томонидан “Йил одами” деб эълон қилиниши, шунингдек, давлат раҳбарлари орасида илк бор “Ўрта Осиёдаги йил одами” мукофотига лойиқ деб топилиши мамлакатимиз раҳбари ҳамда у олиб бораётган адолатли, халқчил сиёсатга берилган энг ҳаққоний баҳо бўлди, десак янглишмаган бўламиз.

Журналист ҳайратлари

Ҳурматли ватандош! Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги фаолиятини мунтазам кузатиб борган бир журналист сифатида айрим шахсий мулоҳазаларимни, дилдаги гапларимни айтмасам бўлмайди.

Дарҳақиқат, Юртбошимиз ўзининг шижоати билан нафақат бизни, балки бутун дунёни лол қолдирмоқда, деб бемалол айта оламиз. Ўзбекистонда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг ижобий самараси Президентимиз ҳақида билдирилаётган турли фикрлар, эътирофларда яққол намоён бўлмоқда. Тан олиб айтиш керакки, мамлакатимиз раҳбари фақат минтақамиз миқёсидагина эмас, шу билан бирга, жаҳон сиёсатдонларию афкор оммасининг диққат марказида бўлиб, айни пайтда дунёнинг машҳур инсонлари қаторидан жой олиб турибди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан бугун бутун жаҳон Ўзбекистонни эшитмоқда, керак бўлса, биз билан ҳисоблашиб иш кўрмоқда.

2018 йилда Президентимизнинг чет давлатларга ёки бошқа давлат раҳбарларининг юртимизга ташрифлари сони (очиғи саноқда ҳам адашиб кетдим) 30 га яқинни ташкил этганлиги, бундан ташқари, мамлакатимизнинг барча вилоятларига ташрифлари шунчалар салмоқли бўлдики, буни биргина мақолада ёритишнинг имкони йўқ, азизлар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президент қаерга бормасин, кимлар билан учрашмасин, энг аввало, юрт тақдири, халқимиз манфаатларини барча нарсадан устун қўйди. Халқимизнинг фаровонлиги йўлида кунни тунга улаб меҳнат қилди. Бу борада барча бўғиндаги раҳбар ходимларга аслида халқ билан қандай ишлаш кераклигини, ўзининг амалий ишлари билан кўрсатиб берди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан, халқ ва давлат идоралари раҳбарлари орасидаги тўсиқлар йўқолди. Раҳбарлар халққа, ҳақиқий маънода, ҳисоб беришни бошлади.

Президентдаги шунча ташаббускорлик, азму шижоатни кўриб ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Бунчалик ғайрат, куч ва матонатни қаердан олди экан, деб ўйлаб қоламан, гоҳида. Баъзи пайтлари, хизмат вазифам доирасидаги одатий, кундалик ишларга улгурмасдан, бирон-бир масалага ечим тополмай қолган дамларимда, мамлакатимиз раҳбарининг бу қадар улкан ишларга қандай вақт топа олаётганлиги ҳақида ўйлаб қоламан, ўзимдан уялиб кетаман…

Турли давраларда бўламиз, Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳар хил фикрларни эшитамиз. Ушбу фикрлардан Ўзбекистон ривожланишнинг янги тарихий даврига кирганлиги, ўтган қисқа муддат ичида амалга оширилган ишларнинг кўлами нақадар кенг эканлигини англаш мушкул эмас. Президентимиз ислоҳотларида “халқимни бой қиламан, юртимни жаҳоннинг энг олди давлатлари қаторига қўшаман”, деган фикрни уқиб олиш унчалик мушкул эмас.

Биргина туманимиз ва шаҳримиздаги ўзгаришларни олсак, ажабо, ёқа ушламасликнинг иложи йўқ. Барпо бўлаётган аҳоли турар жойлари, кўп қаватли иншоотлар, кетма-кет қурилаётган ишлаб чиқариш корхоналари, мактаб, боғча, тиббиёт масканлари… Хуллас, буларнинг саноғи кўп. Халқимиз эса янгиланишлар шабадасини ҳис қилмоқда.

Янги йил остонасида турар эканмиз, бир нарсага аниқ ишонаман – келаётган йилимиз бундан-да сермазмун, ислоҳотлару янгиланишларга бой бўлади. Зеро, шундай раҳбари бор юртда фақат тараққиёт бўлади, халқи бой, турмуши фаровон бўлади.

Сўнгсўз ўрнида…

Ҳурматли газетхон! 2018 йилда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган айрим камчиликлар сўзимиз аввалида айтганимиздек, Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида батафсил таҳлил қилиниши кутилмоқда.

Биз эса ушбу рукн остида 2018 йилдаги сўнгги мақоламизни эътиборингизга ҳавола этдик. Сизлар билан янги – 2019 йилда юртимиз раҳбарининг ўзига хос бўлган ибрат мактабидан хабардор этиб бориш анъанасини давом эттирамиз, деган умиддамиз.

Элёр ЎТБОСОВ,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.