Юрт тинчлигини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, турли ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик юзасидан жорий йилда шаҳар ИИБ томонидан бир қанча амалий ишлар қилинди. Юртбошимиз томонидан ҳар пайшанба “Профилактика куни” сифатида белгилангани ҳам маҳаллаларда содир этилажак жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Шаҳримиз ҳудудида 2018 йилнинг 11 ойи давомида умумий ҳисобда 124 та жиноят содир этилган. Шундан унча оғир бўлмаган турдаги жиноятлар сони 52 та, оғир турдаги жиноятлар 22 та, ўта оғир жиноятлар эса 2 тани ташкил этади.

Ички ишлар бўлими томонидан шаҳримиз бўйлаб ўтказилган тунги рейдлар натижасида ҳуқуқбузарликларнинг камайишига эришилди. Яъни вояга етмаганлар томонидан  содир этилган жиноятлар 2017 йилга нисбатан сезиларли даражада камайганлиги, бунинг яққол исботидир. Шунингдек, ноябрь ойига қадар, йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ 13 та ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Аёллар томонидан содир этилган 9 та жиноят қайд қилинган. Бундан ташқари, муқаддам судланганлар томонидан, гуруҳ бўлиб содир этилган жиноятлар, кўча ва жамоат жойларда содир этилган жиноятларни ҳам ўтган йил билан қиёслаганда, бирмунча ижобий натижаларга эришилганини кўриш мумкин.


САЪЙ-ҲАРАКАТЛАР НАТИЖА БЕРМОҚДА

Туман ИИБ томонидан 2018 йилда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳушёрлиги ҳамда огоҳлигини ошириш мақсадида, маҳаллалар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар ўтказилиб борилди. Ўз ўрнида бу каби саъй-ҳаракатлар орқали туманимизда жиноятчиликнинг камайишига эришдик.

Рақамларга мурожаат қилинганда, ҳуқуқбузарликлар ўтган йилга нисбатан 50 фоизга ижобий томонга ўзгарган. Маълумотларга кўра, 2017 йил умумий жиноятлар сони 402 тага етган бўлса, жорий 11 ойликда 206 тага тушди. Шундан унча оғир бўлмаган жиноятлар бу йилда 93 тани ташкил этмоқда. Оғир турдаги жиноятлар ўтган йилда 40 та қайд қилинган, жорий йилда эса 17 та. Ҳуқуқбузарлар томонидан содир этилган ўта оғир жиноятлар 2017 йилда 9 та қайд этилган бўлса, бу йилги ҳисоботларга кўра, 3 тага камайишига  эришилди.  Шунингдек, муқаддам судланганлар, вояга етмаганлар, аёллар ва гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ҳам кескин камайган.

Хулоса ўрнида, фуқароларимиздан қонун олдида барчанинг баробар эканлигини англаган ҳолда, ўз ҳуқуқларини билиши ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишини сўраб қоламиз.

Дилшод Алматов,
туман ИИБ бошлиғи, подполковник.