Туманимиздаги “Шодималик” МФЙ ҳудудидаги Шодималик ота мақбараси халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси томонидан маданий объектлар рўйхатига киритилган. 2017 йилда жамғарма ташаббускорлигида хайрия маблағлари ва ҳашар йўли билан мақбара қайта таъмирланди.

Жорий йилда мақбара ёнида қўшимча бинолар барпо қилинди. Ушбу бино лойиҳасини таниқли архитектор, рассом Муҳаммаджон Фозилов  ишлаган. Янги бино таркибидан сайёҳлар учун хона, жамоатчилик асосида кичик музей, матбуотчилар учун конференция зали, таҳоратхона, қушхона, ногиронлиги бўлган шахслар  учун махсус хона ва ҳожатхона ўрин олган. Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди вилоят муассасаси раҳбари Зарифа Эшмурзаеванинг билдиришича, бу ердан яна 7 гектарлик қўшимча ер олинган. Мазкур жойда туман ҳокимлиги, туман туризм бўлими, “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида тарихий, маданий қўриқхона барпо этилиши режалаштирилган.

Бу қадимий объект ҳу-дудида бугунги кунга қадар археологлар Эмилия Вулферт ва Саида Илёсовалар изланиш олиб бормоқда. Археологик изланишлар жараёнида, улар томонидан 9-12 асрларга оид уй-рўзғор буюмлари, қозон, офтоба, қошиқ, чироқ ва сомонийлар давридаги тангалар, сопол кўзалар қолдиқлари  топилиб, мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

Хўш, Шодималик ота асли ким эди, у қандай одам бўлган? Шодималик отанинг асл исми Абдумалик ота бўлиб, у Арслонбобнинг невараси, Мансур шайхнинг ўғли, Тожиддин шайхнинг отаси, Занги отанинг бобоси бўлган.  Мансур шайхнинг уч ўғли бўлиб, тўнғичи Абдумалик эди. Шайх Абдумалик отанинг мақбаралари куллиёт шаклида қурилган бўлиб, мадраса, мақбара, ва масжиддан иборат. Мақбара тагида ерости йўли ва чиллахона бўлган. Бу мажмуа Амир Темур томонидан бунёд этилган, дейишади. “Шодималик ота” унинг тахаллуси бўлиб, шайх Абдумалик ота илмда зукко, ниҳоятда баркамол ҳисобланган. Кўплаб асарлар муаллифи, лекин асарлари бизгача етиб келмаган. Шодималик отанинг зиёратига Хуросону Бухоро, Хоразму Фарғонадан умид билан келган кишиларнинг муродлари ҳосил бўлиб, қайтиб кетишган. Абдумалик ота жудаям саховатли, хушбичим, ҳожатбарор, чеҳралари кулиб турадиган инсон бўлган экан. Шайх одамлар қалбини англаган, уларнинг юмушларини амалга оширганидан суюниб шодланганлар. Ўз ўрнида, халқ ҳам у кишининг хизматларидан қувонишган, шу боис халқ эъзозлаб у зотни “Шодималик ота” дейишган.

Шодималик ота 63 ёшга тўлганида, боболари Аҳмад Яссавий сингари ер остидаги чиллахонада яшаган. Халқ ичида у кишини 120 ёшга кириб вафот этгани ҳақида ривоятлар юради.

Алишер АЗИМОВ,
“Оҳангарон ҳаёти” мухбири.


Хушхабар!

 Ушбу мақолани саҳифага жойлаштираётганимизда, ажойиб янгилик эшитдик. Хуллас, гапнинг пўсткалласи – Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти муассасаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грантига сазовор бўлибди. “Буюк мерос” номли ушбу лойиҳа учун 30 миллион сўм маблағ ажратилиб, лойиҳа доирасида қадимий Илоқ (Оҳангарон) давлати меросини чуқур ўрганиш ишлари олиб борилади. Табриклаймиз!

Таҳририят.