ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ 19 ДЕКАБРЬ КУНИ ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ОҲАНГАРО0Н ТУМАН ВА ШАҲАР КЕНГАШЛАРИНИНГ НАВБАТДАГИ СЕССИЯЛАРИ БЎЛИБ ЎТДИ.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 5 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида халқ депутатлари зиммасига бюджет даромадлари базасини ошириш, янги иш ўринларини ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича ишлар натижадорлиги тўғрисида ҳоким ўринбосарлари, солиқ ва молия органлари раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб бориш вазифаси юклатилган эди. Юқоридаги топшириқдан келиб чиқиб, ҳар чоракнинг якуни бўйича кейинги чорак дастлабки ойининг 3-санасига қадар сессияларда ушбу масалалар бўйича тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди.

Сессияларда мазкур масала юзасидан бажарилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Йўл қўйилган хато-камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар бериб ўтилди.

Айни пайтда долзарб бўлиб турган яна бир муаммо – аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш, жумладан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг бугунги аҳволи масаласи ҳам сессия кун тартибидан ўрин олди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда аҳоли мурожаатларининг аксарият қисмини кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифат даражасида эмаслиги тўғрисидаги шикоятлар ташкил этмоқда. Бу борадаги камчиликлар тўғрисида сўз борар экан, ичимлик суви, иссиқлик таъминоти ва канализация хизматларини яхшилаш, шунингдек, кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг бажарилмаган қисмлари юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Кейинги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўй-ҳашамларда, оилавий тантаналарда, маърака ва маросимларда, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Рес-публикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинган бўлиб, сессияларда туманимиз ва шаҳримизда ушбу йўналишда олиб борилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, сессияда туман маҳаллий бюджетининг 2018 йил 9 ойлик ижроси тўғрисидаги ҳисобот тингланди. Ҳисоботга кўра, маҳаллий бюджет даромадлари 14642,2 млн. сўм, маҳаллий бюджетнинг харажатлар ижроси эса 89766.4 млн. сўм миқдорида ижро этилганлиги қайд этилди ва тегишли қарор асосида тасдиқланди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5199 сонли фармони, 2018 йил 29 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасини  ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5394-сонли фармойиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 959-сонли қарорларининг тумандаги ижроси кўриб чиқилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар истиқболда белгиланган устувор вазифаларнинг самарали бажарилишига салбий таъсир кўрсатаётганлиги инобатга олиниб, асосий йўналишлар бўйича ўрганиш натижалари ва таклифлар маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 4 мартдаги “Шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 48-сонли Қарори ва вилоят ҳокимлигининг “Давлат тили тўғрисидаги Қонунни амалга ошириш ва топономик объектларга ном бериш” бўйича доимий  комиссиясининг 2018 йил 12 декабрдаги №ОТ-4-7896-сонли хулосасига асосан, Халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгаши “Нўғойқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини номини “Убайд” маҳалла фуқаролар йиғини номига ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сессиялар ишида Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадаходжаев, ушбу қўмитада доимий асосда ишловчи сенатор Сайёра Баратова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бош инспектори Қобилжон Холбаев, шунингдек, Сирожиддин Қутлиев (Халқ таълими вазирлиги), Иброҳим Ўринбоев (Соғлиқни сақлаш вазирлиги), Гаппар Норматов (Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги), Баҳодир Умрзақов (Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги), Умид Мустафоқулов (Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси) ҳамда вилоятнинг тегишли ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўз мухбиримиз.